23:11 / 28.04.2023
273

Европада Хитойнинг 50 га яқин махфий полиция бўлими мавжуд

Европада Хитойнинг 50 га яқин махфий полиция бўлими мавжуд

Фото: Getty Images

Дунё бўйлаб Хитойнинг 100 дан ортиқ норасмий полиция бўлимлари мавжуд, улардан деярли 50 таси Европада, деб ёзди Newsweek Испаниянинг Safeguard Defenders инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига таяниб.

Аввалроқ нашр ўз текширувини ўтказган ва Америкада ҳам шундай бўлимлар борлигини аниқлаган эди.

Махфий полиция бўлимлари Хитойнинг жамоат хавфсизлиги бошқармаси назорати остида ва асосан денгиз бўйидаги мамлакатларда жойлашган. Улар разведка маълумотларини йиғиш билан шуғулланади ва хориждаги нуфузли Хитой фуқаролари орқасидан жосуслик қилади.

Хитой расмийлари бундай махфий муассасалар мавжудлигини бир неча бор рад этишган. 2022 йил декабрь ойида Хитойнинг Франциядаги элчихонаси «Хитой халқаро қонунларга риоя қилишини» ва бошқа мамлакатларда «ҳеч қандай ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини амалга оширмаслигини» таъкидлаган эди.

Италияда Хитойнинг энг кўп – 11 та махфий полиция бўлими топилган. Шунингдек, Испанияда 9 та, Францияда эса 4 та шундай муассаса борлиги аниқланган.

Ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашича, бундай ташкилотларнинг сони янада кўп бўлиши, шунингдек, хорижда Хитойнинг бошқа таъсир тузилмалари ҳам фаолият олиб бораётган бўлиши мумкин.

Махфий полиция бўлимларининг вазифаси нафақат Хитой қонунчилигига кўра жиноят содир этган одамларни, балки диссидентларни таъқиб қилиш, чет элдаги хитойликлар диаспорасини назорат қилиш ва таъсир қилиш операцияларини амалга оширишдир.

Аввалроқ, АҚШ расмийлари Хитой махфий полициясининг икки ходимини ҳибсга олган эди. Шундан сўнг, Германия ва Франция ҳам шундай бўлимлар фаолиятини текширишга киришган.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг