АҚШ расмийлари жосусликда айбланаётган "ГРУ" зобити Сергей Черкасовни экстрадиция қилиш тўғрисида Бразилияга сўров юборди, деб ёзади The Washington Post (WP) 27 апрел, пайшанба куни. Газетанинг ёзишича, АҚШ сўрови Бразилия Олий суди томонидан кўриб чиқилади, бироқ газета “ишнинг нозиклиги” туфайли муаммони ҳал қилишга президент Луиз Инасиу Лула да Силва ҳам қўшилиши мумкинлигини истисно этмаяпти.
WP эслатишича, Россия ҳукумати ҳам Черкасов экстрадициясини талаб қилмоқда - РФда унга қарши гиёҳванд моддалар савдоси бўйича иш қўзғатилган. "Экстрадиция сўрови АҚШнинг россиялик тезкор ходимни хорижда қамоққа олишга бўлган фавқулодда уринишини ифодалайди, айни пайтда Москва уни озод қилиш учун ўз кучини сарфламоқда", деб ёзади газета.
Шу билан бирга, WP қайд этишича, АҚШ ва Бразилия расмийлари Россиянинг сўровини “аниқ ҳийла” деб биляпти. РФ Бош прокуратураси Черкасовнинг бир неча йил давомида героин сотгани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этган, бироқ иш материалларида номувофиқликлар кўп, шу боис Черкасовга қарши иш унинг жосуслигини тан олмаслик учун сохталаштирилган, деган гумон бор, деб тушунтиради газета.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг