Украина армияси бир сутка (24 соат) ичида Россия армиясининг 41 та ҳужумини қайтаришга муваффақ бўлди. Бахмут ва Маринка фронтнинг энг қайноқ нуқталари бўлиб қолмоқда.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, Северск ва Слобожанский йўналишларида Россия армияси Чернигов вилояти Лизуновка аҳоли пунктига масофадан бошқариладиган ракеталар билан ҳаводан зарба берган. Бунинг натижасида бир бола ҳалок бўлган.
Россия армияси Чернигов вилоятининг Леоновка, Красний Хутор, Карповичи, Гремяч ва Новгород-Северский аҳоли пунктларини ўққа тутган.
Шунингдек, рус қўшинлари Купянск йўналишида Харков вилоятининг Фиголовка, Лиман 1-й, Кисловка, Купянск, Крахмальное ва Берестовое аҳоли пунктларини артиллерия ва миномётлардан ўққа тутган.
Маълумотларга кўра, рус армияси Лиманск йўналишида Новоселовский ва Белогоровка ҳудудларида ҳужумга ўтган, Аммо ҳужум муваффақиятсиз якунланган.
Бундан ташқари, Россия артиллерия ёрдамида Луганск вилоятининг Макеевка, Диброва, Белогоровка ва Верхнекаменское, Донецк ҳудудларини ўққа тутган.
Украина томонининг қайд этишича, Россия Бахмут йўналишида ҳужумга ўтиш учун тайёргарлик кўрмоқда. У ерда ҳали жанглар давом этмоқда. Рус армияси олдинга силжиш учун Бахмут ва Белая Гора ҳудудларига кенг кўламли ҳаво ҳужумини бошлаган.
Авдеэвский йўналишида рус қўшинлари Северное ва Первомайское аҳоли пунктлари ҳудудларига ҳужум бошлаган. Аммо ушбу ҳужум ҳам муваффақиятсиз тугаган.
Ҳозирда Марйинский йўналишида Россия Украина позицияларига ҳужум қилишда давом этмоқда. Шахтёрск йўналишида руслар Донецк вилоятидаги Угледар, Богоявленка ва Новоукраинка ҳудудларини ўққа тутган.
Запороже ва Херсон йўналишларида Россия армияси мудофаага ўтган.
Украина томонининг маълумот беришича, 1 май ҳолатига кўра, Россия Федерациясининг Украинадаги умумий йўқотишлари 190 минг кишидан ошган.
Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги 1 май куни амалга оширилган ҳужумлар ҳақида маълумот берди.
Россия Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, кеча тунда Украина ҳарбий объектларига ҳаво ва денгиздан узоқ масофали аниқликдаги қуроллар билан ракета зарбаси берган.
Россия армияси Донецк йўналишида ҳужумга ўтиб, 330 нафар украиналик аскарни асирга олган. 10 га яқин ҳарбий техника ва ўқ-дори омборларини йўқ қилган.
Шунингдек, Запороже вилоятининг Токмак шаҳрини ўққа тутиш вақтида икки нафар аскар ҳалок бўлган. Михайловский ҳудудидаги ҳужум вақтида ҳам рус армияси икки нафар аскарини йўқотган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)