Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти шартномавий ҳарбий хизматни оммалаштириш учун корхоналардан ёрдам сўрамоқда. Вазифа - Украинадаги урушга қисман сафарбарлик пайтида чақирилганидан бир ярим баравар кўпроқ одам юбориш. Корхоналар бўйича - ҳар биридан 5 киши. Ёрдам бермаган раҳбарлар билан «жиддий суҳбат» ўтказилади.
«Фонтанка» нашрининг қайд қилишича, 4 май куни Виборгский тумани маъмуриятида йирик корхоналар вакиллари, маъмурият ва шаҳар ҳарбий қўмитаси ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилган.
Туман раҳбари Виктор Полунин шаҳар маъмуриятига шартнома бўйича ҳарбий хизматга одамларни жалб қилиш вазифаси юклатилганини, буни бизнес ёрдамисиз бажара олмаслигини айтган.
Унинг ёрдамчиси Василий Сажнов шаҳар ва ҳукумат шартномавий ҳарбий хизматни оммалаштириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошираётгани, корхоналарда ҳам бундай оммалаштиришни амалга ошириш кераклигини, чунки бошқа иложи йўқлигини ҳамма жуда яхши тушунишини таъкидлаган.
Виборгский тумани ҳарбий қўмитаси бошлиғи Александр Бажимов бу нима учун кераклиги ҳақида гапириб: «Ғарбий Европа Россия устидан қандайдир тушунарсиз, хаёлий ғалабага эришиш учун қанча куч ва воситаларни ташлаганини тасаввур қилинг», деган. Шунингдек, губернатор томонидан қўйилган вазифа бажарилиши кераклигини таъкидлаган.
Маъмурият вакиллари бизнесдан қандай ёрдам кутаётганини ҳам гапириб берган.
«Ҳозирда бундай ишлар олиб борилаётгани (шартномавий ҳарбий хизматга жалб қилиш) ҳақида қулай шаклда маълумот бериш. Ариза берувчилар корхона ходими бўлиши шартмас. Масалан, бунга қизиқиш билдирадиган танишлар, дўстлар, қариндошлар бўлиши ҳам мумкин», деб тушунтирган Сажнов.
Бундан ташқари, шартномалар нафақат Санкт-Петербург аҳолиси ва ҳатто Россия фуқаролари томонидан ҳам, балки чет элликлар томонидан ҳам тузилиши мумкин, деб эслатган у.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)