12:06 / 06.05.2023
543

Битта ҳарфда фарқ қиладиган даҳшатли атама: р(ф)ашизм

Битта ҳарфда фарқ қиладиган даҳшатли атама: р(ф)ашизм

Бу атама биринчи марта журналист Николай Андреев томонидан 1990 йилда “Огонёк” журналида чоп этилган “Жўн рашизм” мақоласида қўлланилган. Андреев талқинидаги “рашизм” асли курд миллатига мансуб тарихчи, жангавор  ватанпарварлиги билан танилган тарихчи-файласуф Карем Рашнинг мафкуравий қарашларига ишора қилган.

“Рашизм” атамаси 2008 йилдаги Россия-Грузия урушдан кейин оммавий қўлланила бошланди. Бироқ, бу атама 2014 йилда Россия-Украина уруши ва Қрим аннексияси бошланганидан кейин халқаро миқёсда ҳам янграй бошлади.

 “Рашизм” атамасининг илмий юки бўлмасада (бунинг учун балким маълум вақт керакдир) унинг симптомларига эътибор қаратадиган бўлсак, у тажовузкорлик, ўзга давлатларнинг ҳудудларини ноқонуний эгаллаш ва минглаб инсонларнинг ўлими билан тўйинтирилган тушунчадир.

Муҳокама майдонидан ҳуқуқий майдонга кўчган “рашизм”

Украина Олий Радаси «рашизм» атамасини қонунийлаштирди, унга кўра 281 депутат «Россия сиёсий режими томонидан рашизм идеологиясининг қўлланилиши, рашизм тамойиллари ва амалиётини тоталитар ва ғайриинсоний деб баҳолаш ва қоралаш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.

Россия томонидан Украинада бошланган уруш бутун дунёга Владимир Путин сиёсий режимининг моҳиятини «ўтмишнинг энг ёмон амалиётларига эргашадиган ва замонавий версияда фашизм (рашизм) ва миллий социализм ғояларини ўзида мужассам этган нео-империал, тоталитар диктатура сифатида намоён қилди», дейилади қарорнинг тушунтириш хатида.

“Қўзғалиш нуқтаси” ва “Исталмаган тамға”

Украина томонидан «рашизм» атамасига юридик тус берилиши, Россия ва унинг кейинги тарихи учун салбий муждаларни беради, чунки Олий Рада Россиядаги режим юритаётган сиёсатни «рашизм» деб эълон қилиш таклифи билан халқаро ҳамжамиятга мурожаат этишни режалаштирмоқда. Рашизм атамаси халқаро-ҳуқуқий айланмага кирар экан унинг илмий юки ҳам шакллана боради ва у “исталмаган тамға” сифатида ҳисоблашишни тақозо қилади.

Бу юридик прецедент Россияга нисбатан қарашларни шакллантиришнинг ўзига хос “қўзғалиш нуқтаси” вазифасини ўтай бошлайди.

Ҳамид Содиқ,

Azon.uz сайтининг сиёсий шарҳловчиси


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг