date
views 223

Рамзан Қодиров «ядро физикаси ривожига қўшган ҳиссаси учун» мукофотланди

Рамзан Қодиров «ядро физикаси ривожига қўшган ҳиссаси учун» мукофотланди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия Фанлар академиясининг муҳим мукофотларидан бири - Игор Курчатов олтин медалини олди. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари ўзининг Телеграм-каналида айтиб ўтган.

Мукофотни Қодировга президент Владимир Путиннинг дўсти, физик Михаил Ковалчук Грознийга ташрифи чоғида топширган.

«Михаил Валентиновичдан Курчатов институти миллий илмий-тадқиқот маркази ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун И.В.Курчатов медалини олганимдан жуда мамнунман. Нуфузли институтнинг бундай юксак эътирофини олиш мен учун катта шараф», — деб ёзади Қодиров.

Курчатов олтин медали 1962 йилдан бери ядро физикаси ва ядро энергетикаси соҳасидаги қўшган ҳиссаси учун берилади. Бироқ Қодировнинг ядро физикасига қандай хизматлари борлиги аниқланмаган.

Рамзан Қодиров ўнлаб орден, фахрий медаль ва унвонларга эга. У, хусусан, Россия Қаҳрамони унвони (2004), II даражали «Ҳарбий жасорат учун» медали (2000), IV ва III даражали «Ватанга хизматлари учун» (2006 ва 2021 йиллар) билан тақдирланган. Владимир Путин Қодировга Миллий гвардия генерал-майори унвонини ҳам топширди.

Февраль ойида эса Қодиров ўзига ўзи Чеченистон Республикаси Қаҳрамони унвонини берди. У бу мукофотни ўтган йилнинг октябр ойида таъсис этган ва биринчи бўлиб уни ўзи олган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Рамзан Қодиров «ядро физикаси ривожига қўшган ҳиссаси учун» мукофотланди