22:12 / 09.05.2023
606

Пригожин Қизил майдондаги парадни танқид қилди: «Вагнер» кетса, Украина Ростовга боради»

Фото: Видеодан кадр

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин Россия мудофаа вазирлиги қурол бермаётганидан нолиб яна бир видео эълон қилди. Путиннинг собиқ ошпази гапирган видео унинг ахборот хизматига тегишли Telegram-каналда эълон қилинди.

Бир неча кун аввал Пригожин унинг қўл остидаги «Вагнер» компанияси жангчилари уларга етарлича қурол-яроғ етказиб берилмаса, 10 май куни Бахмутни ташлаб кетишини айтганди. Кейинчалик Пригожин Россия армиясининг Украинадаги бирлашган қўшинлари собиқ раҳбари Сергей Суровикин гуруҳ учун ўқ-дори юборилишида воситачи бўлишини маълум қилиб, «Вагнер»га етарлича ўқ-дори берилиши ваъда қилинганини айтиб чиққанди.

Бугунги баёнотда эса Пригожин унинг гуруҳи ваъда қилинган ўқ-дорилардан 10 фоизини ҳам олмаганини айтиб нолиди. У «Вагнер» Бахмутдан кетса, Укриана Ростовгача боришини таъкидлади.

Пригожин Қизил майдонда ғалаба парадининг тантанали трансляция қилинишини ҳам қоралаган. «Ҳаммани боболаримиз қўлга киритган ғалаба билан табриклайман. Аммо биз нимани нишонлаётганимиз тушунарсиз. Шунчаки уларни эслаб қўйиш кифоя, Қизил майдонда «ўралашиш» (ҳақоратли ибора ишлатди) керак эмас», деган Пригожин.

«Вагнер» раҳбари унинг гуруҳига Россия ҳарбий раҳбариятидан жанговар топшириқ келгани, унда агар вагнерчилар ўзлари эгаллаган позициядан чекинадиган бўлса, бу ватанга хиёнат деб қабул қилиниши ёзилганини айтди. «Аммо ўқ-дори келмаса, биз барибир позициямиздан кетамиз ва кейин ким хоин эканини ҳал қилиб олишадими – бизми ёки мана шу ҳужжатни имзолаган одамми?», деган у.

Пригожин гуруҳга юборилган жанговар топшириқнинг иккинчи бобида керакли ўқ-дори етказиб бериш ҳақида сўз борганини таъкидлаган: «Иккинчи бандда кераклича ўқ-дори бериш айтилган. Ҳужжатни имзолаган одам «Вагнер» кетса, Украина Ростовгача боришидан қўрққан. Ўз навбатида мудофаа вазирлиги томонидан фронт қулаши учун ҳамма нарса қилинмоқда».

Пригожин Россия мудофаа вазирлиги бўлинмаларидан бири (72-бригада) Бахмутда ўз позициясидан қочиб кеганини иддао қилди. «Бизни қанотда қўллаб-қувватлаши керак бўлган мудофаа вазирлиги бўлинмаси ўз позициясидан қочиб кетиб, 2 км кенгликда ва 500 метр чуқурликдаги жойни очиқ қолдирди», деган у.

Путинга мурожаатми?

Пригожин кимлигини айтмасдан, фронтдаги ўқ-дорилар тақчиллиги сабабчиси ҳақида гапирди.

«Жанг қилаётган одамлар тоифаси бор ва қачондир қаердадир захиралар бўлиши кераклиги ҳақида ўқиб қолган одамлар бор — ва бу захираларни тежайди, тежайди ва тежайди.

Ўқ-дорилар аскарларга берилиши ўрнига, қанақадир омборларда мақсадсиз йиғилмоқда. Снаряд сарфлаб, душманни ўлдириш ва ўз аскарларини ҳимоя қилиш ўрнига ўз аскарларимизни ўлдиришмоқда. Хушчақчақ чол эса ҳаммаси жуда яхши эканини айтмоқда.

Энди мамлакат нима қилсин? Агар у ҳақ бўлса, майли, соғ бўлсин. Лекин бу чол, айтайлик, ўтакетган аҳмоқ бўлса, урушни қандай енгиш мумкин?» деган Пригожин.

«Вагнер» раҳбарининг бу сўзлари фаол муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Кўпчилик Пригожин «дед» деб Владимир Путин назарда тутаётганини айтмоқда. Чунки Пригожин ғалаба парадини танқид қилди ва чолнинг кулиб турганига урғу берди. Парадда эса Россия президенти Путин иштирок этиб, кўп кадрларда жилмайган ҳолатда кўриниш берди. Қолаверса, уни аввалдан «дед» деб атаб келишган.

Аввалроқ Евгений Пригожин «Вагнер» қурол-яроғ берилмаган тақдирда Бахмутдан чекинишини айтган, унинг баёнотидан кейин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Бахмутни чечен ҳарбийлари эгаллашга тайёрлигини билдирганди.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг