«Тепадан жиноий буйруқлар берилмоқда, балиқ бошидан сасийди». Пригожин энди Путинга ташланмоқдами?
«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин ўз гуруҳига ваъда қилинган ўқ-дорилар етиб келмаганидан нолиб навбатдаги виедомурожаат йўллади. У ўзининг узоқ йиллик хўжайини Путинни ҳам аяб ўтирмаяпти.
«Украина Ростовгача боради»
«Кеча ҳарбий буйруқ олдик. Унда позицияларни қолдириб кетиш ватанга хиёнат деб қабул қилиниши айтилган. Лекин ўқ-дори келмаса, биз чиндан ҳам ўз позицияларимизни тарк этамиз ва ватанни аслида ким сотяпти, деган саволни қўямиз. Афтидан, ҳозирги ҳолатда хоин шу ҳужжатни имзолаганларга ўхшаяпти.
Буйруқнинг иккинчи қисмида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси кераклича ўқ-дори билан таъминлаши лозимлиги айтилган. Ҳужжатни имзолаган одам уни ёзаётганда яхшигина ҳис-ҳаяжонга берилган кўринади. Чунки у биз кетсак, унинг олдига, Ростовга боришларидан қўрққан. Агар фронт қуласа, украиналиклар Ростовгача боради.
Фронт қулаши учун эса ҳамма нарса қилишмоқда. Мудофаа вазирлиги бўлинмаларидан бири бугун қанотдаги позициясидан қочиб кетиб, оқибатда фронтнинг 2 квадрат километрга яқин майдони бўш қолган. Яхшиямки бу жойни бир амаллаб блокладик», деган Пригожин.
«Нега одамларни гўшт майдалагичга юборяпсиз?»
Унинг сўзларига кўра, «Газпром» томонидан тузилган бошқа хусусий ҳарбий компания бўлинмаси жанг майдонидан қочиб кетган.
«Ҳозир кўз ўнгингизда қўмондонлар тўпланган ҳарбий чатни очаман-да, у ердаги мана бу ажойиб хабарни ўқийман: «Факел» тўлиқ таркибда келмайди, одамларининг ярми боришдан бош тортган. «Газпром»нинг яна бир хусусий ҳарбий компанияси. [Уларнинг] «Ҳаворанг машъал» ва шунга ўхшаш ғалати номлилари ҳам бор. Нега сиз давлат пулини сарфлаб, одамларни йиғиб «гўшт майдалагич»га юборяпсиз? Ҳали уларнинг онаси бориб сизнинг додингизни беради», деган вагнерчилар раҳбари.
Суровикинга мақтов
Пригожин мурожаати давомида Россия армиясининг Украинадаги бирлашган қўшинлари собиқ раҳбари Сергей Суровикинни кўп марта мақтаган.
«Буйруқнинг учинчи бандида барча қарорни Суровикин қабул қилиши айтилган. Мен Сергей Владимирович билан доимий алоқада бўлиб турибман. Лекин ҳозирча жавоб ололганим йўқ. Чунки эрталабдан кечгача йиғилиш бўлмоқда. Нима мавзуда йиғилиш бўлаётганини ҳеч ким билмайди. Ҳозирча «Вагнер»га Россия деб аталган ватанни ҳимоя қилиши, Украинанинг ҳужумини бузиб, Артмовскда қолиши учун сўралган қуроллар ва ўқ-дори бермаслик бўйича йиғилиш бўлганини биламан.
Суровикиннинг [биз ва армия ўртасида воситачи этиб] тайинлангани жуда яхши янгилик. У раҳбар бўлган вақтда биз кераклича қурол олишимиз учун қаттиқ ҳаракат қилган. Агар Суровикинга қулоқ солишганда, ҳозир фақат ҳужум қилаётган ва хотиржам Словянск ёки Краматорскда бўлган бўлардик. Аммо у нимадир қила олиши учун тўлиқ ваколатга эга бўлиши керак. Бусиз у оддий статистикачига ўхшаб қолади. Урушни ютишни хоҳлашса, биз берган мана бу рўйхатнинг устига 20 фоиз ёки икки баравар қўшиб, боринг, урушинг деган бўлишарди», деган Путиннинг собиқ ошпази.
«Украинанинг қарши ҳужуми ТВда эмас, ерда бўлади»
Пригожин яна бир бор Украинанинг бўлажак қарши ҳужуми жиддий бўлиши ҳақида гапирар экан, Россия пропагандаси ТВда ҳаммаси яхши экани ҳақида бонг ураётганини ҳам танқид қилиб кетди.
«Бугун Украина Белгородда «тўполон қиляпти», бу ишни яхшигина уддалаяпти. Одамлар ваҳимага тушиб қолмаган бўлса ҳам, давлат нега фуқароларини ҳимоя қила олмаяпти, деган савол билан хавотирлана бошлади. Бугун Украина Артёмовскда (руслар Бахмутни шундай аташади) қанотлардан ёриб ўтишга ҳаракат қиляпти. Запорижжяда қайта гуруҳланишяпти.
Улар (украиналиклар) қарши ҳужум телевизорда эмас, ерда бўлади деб очиқчасига айтишяпти. Бизда эса ҳаммаси телевизор учун қилиняпти ва ғалаба паради ўтказиляпти. Бу оталаримизнинг ғалабаси куни. Биз бу ғалабага зиғирча ҳам муносиб эмасмиз», деган у.
Интрига вазирлиги
Пригожиннинг фикрича, Россия мудофаа вазирлиги уруш давомида ўз иши билан эмас, интрига яратиш билан шуғулланмоқда: «Менинг қўлимда қандай қуроллар сўраганимиз ва бизга қанча беришгани ҳақида рўйхат бор. Рўйхатда очиқ кўриниб турибдики, улар биз сўраганимиздан ўн баравар камроқ қурол-яроғ беришган. Бугун тонгда бош штаб бошлиғи [Герасимов] барча рақамларни шахсан ўзи ўзгартириб, уларни ўн баравар камайтириб чиққан. Биз бунақасига уруша олмаймиз. Агар ҳаммаси олий бош қўмондонни [Путин] алдаш учун қилинаётган бўлса, ёки унинг ўзи ёки урушда ютқазсак жуда хафа бўладиган рус халқи сизнинг «мазангизни қочиради».
Биз урушиш ўрнига доим интрига билан бандмиз. Бизда мудофаа вазирлиги эмас, интрига вазирлиги бор. Шу сабаб бизнинг армия қочяпти, ҳа 72-бригада 3 квадрат километр жойни ташлаб қочди. У жойни олиш учун менинг 500 одамим ўлганди. Бу стратегик плацдарм эди. Юқорида айтганим «Факел» ҳам (сўкиниб гапиради) худди шу тарзда туёғини шиқиллатган».
«Балиқ бошдан сасийди»
Пригожин россиялик аскарлар қоча бошлагани, бунга ёмон бошқарув сабаб экани ҳақида ҳам гапирди: «Рус аскарлари нега окоплардан қочяпти? Бу аскарнинг эмас, уни бошқараётганларнинг муаммоси. Эсданг чиқарманг, балиқ бошдан сасийди. Агар буйруқлар ўйланмай берилса, аскарлар қоча бошлайди. Ҳа, аскар ўлиши мумкин, лекин мантиқсиз буйруқ ортидан ўлиб кетмаслиги керак. Юқоридан берилаётган буйруқлар турган битгани жиноий. Ҳозир ватанга хиёнат ва рус халқини йўқотиш кўринишида жиноят содир этилмоқда. Бу иш билан тор доирадаги одамлар шуғулланмоқда ва разведкачилар уларни аниқлаши керак.
Ҳозир эса шунчаки бизга ваъда қилинган ва омборда ётган ўқ-дориларни беринг. Ҳозиргача фақат 10 фоизи берилди. Биз Артёмовскда қоламиз ва яна бир неча кун талаб қиламиз. Кейин кўрамиз.
Шундай экан, ҳаммани оталаримизнинг ғалабаси билан табриклайман. Бу кунни биз нега байрам қиляпмиз – тушунмаяпман. Уларни шунчаки эслаб қўйиш кифоя эди, Қизил майдонда сандироқлаш шарт эмасди», деган Пригожин.
«Энг катта душманимиз Украина армияси эмас»
Видеонинг давомида Пригожин юзи беркитилган вагнерчилар билан қоронғида суҳбат ўтказган. У аскарларга гўёки юзага келган вазият бўйича ҳисобот беради: «Агар ўқ-дори етарли бўлмаса, Артёмовскдан кетишга мажбур бўлишимиз ҳақида олий бош қўмондонгача маълум қилинди. У қуйи турувчиларга кескин топшириқ берди. Аммо буйруқ олганлар ҳозирча буйруқни бажармади. Уларнинг иши кўп: мажлис ўтказишади, чой ичишади, простата массажи қабул қилишади. Патронларни эртага беришса, яна ҳужумга зўр берамиз, тўғрими? Ҳарбийлар аста-секин ортга тисарилаётганидан хабарингиз бўлса керак», деган «Вагнер» раҳбари.
Пригожин қоронғида ўз аскарлари билан суҳбат давомида ҳар 10 сонияда ўқ овози эшитилганини ҳисоблаб, Бахмутда Украина томони кунига 7,5 мингта патрон ишлатаётганини тахмин қилган. Пригожин вагнерчилар билан суҳбатда «Бизнинг энг катта душманимиз ана шулар, Украина армияси эмас» деган «Вагнер»га қурол бермаётган ҳарбий раҳбариятдагилар, хусусан Герасимов ва Шойгуга ишора қилиб.
«Вагнер» асосчиси видеода Бахмутдаги ўқ-дори етишмовчилиги муаммоси президент Путингача етиб боргани ҳақида бир неча марта гапирган. Шунингдек, мудофаа вазирлиги бўлинмаси жойини ташлаб кетганини ҳар бир аскар билан суҳбатда таъкидлаган.
Путинга ҳақоратми?
Видео охирида эса Пригожин «Груз 200 мы вместе» ёзувли шевронда кўриниш берган. У артиллериячи аскар билан гаплашиб, яна снаряд танқислиги мавзусида гапирган. Айнан мана шу қисмда Пригожин катта эҳтимол билан Россия президентини ҳақорат қилган.
«Ўқ-дорилар аскарларга берилиш ўрнига, қанақадир омборларда мақсадсиз йиғилмоқда. Снаряд сарфлаб, душманни ўлдириш ва ўз аскарларини ҳимоя қилиш ўрнига ўз аскарларимизни ўлдиришмоқда. Хушчақчак чол эса ҳаммаси жуда яхши эканини айтмоқда.
Энди мамлакат нима қилсин? Агар у ҳақ бўлса, майли, соғ бўлсин. Лекин бу чол, айтайлик, ўтакетган аҳмоқ бўлса, урушни қандай енгиш мумкин?» деган Пригожин.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг