Кремлга яқин манбалар Пригожин ва ҳарбийлар «жанги» ҳақида: «Шундай давом этса, куч тузилмалари бунга чек қўйишади»
Кремлдагилар Пригожиннинг «ўтакетган аҳмоқ» бўлиб чиқиши мумкин бўлган «бахтиёр чол» ҳақидаги баёнотини қандай қабул қилди?
Путиннинг собиқ ошпази ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ва Россия мудофаа вазирлиги раҳбарияти ўртасида юзага келган муаммо Россия раҳбариятида жиддий хавотир уйғотган. Бу ҳақда «Медуза» мустақил нашрининг Кремлга яқин икки манбаси маълум қилган.
Пригожин «Вагнер» урушга қўшилганидан буён мудофаа вазирлиги манзилига кескин танқидлар ёғдириб келади, май ойи бошида эса бу танқидлар таҳдидга ва ҳақоратга айланди. 5 май куни Пригожин гуруҳ Бахмутда босқинни давом эттириши учун қўшимча ўқ-дори беришларини талаб қилди ва акс ҳолда «Вагнер»ни шаҳардан олиб чиқиб кетишини айтди. 6 май куни Рамзан Қодиров «катта оғаси» Пригожин кетадиган бўлса, чеченлар Бахмутдаги позицияларни эгаллашга тайёрлигини билдирди. «Вагнер» раҳбари ҳам бунга рози бўлди.
Бир кун ўтиб эса Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу жанубий округга ташрифи вақтида «фронтга қурол-яроғ етказиб беришни назорат қилиш» бўйича буйруқ берди. Бу буйруқ табиийки айнан «Вагнер»га ўқ-дори бериш билан боғлиқ эди.
9 май куни Пригожин 27 дақиқалик видеомурожаат қилиб, ўқ-дори муаммоси ҳамон ҳал бўлмагани, сўралган қуролларнинг атиги 10 фоизи олинганини айтиб, Россия мудофаа вазирлигини шантаж қилишда давом этди. Етмаганига Россия армияси доимий бўлинмаларидан бири Бахмутда ўз позициясини ташлаб қочганини иддао қилди.
Пригожиннинг «бахтиёр чол» ҳақида айтган гаплари тармоқда айниқса фаол муҳокама қилинди. «Вагнер» раҳбари ўша эпизодда мана шундай деганди: «Ҳар хил одам бор. Кимлардир урушади, кимлардир бир вақтлар захира бўлиши керак деган нарсани ўқиб қолган ва шунинг учун йиғаверади, йиғаверади. Улар душманни ўлдириш учун снаряд сарфлаш ўрнига ўзимизнинг аскарларни ўлдиришмоқда. Бахтиёр чол эса ҳаммаси яхши деб ўйлашда давом этади. Агар у ҳақ бўлса, майли, соғ бўлсин. Лекин, айтайлик, бу чол ўтакетган аҳмоқ бўлса-чи? У ҳолда урушни қандай ютиш мумкин?».
«Кремл таҳдид деб қабул қилган»
«Медуза»нинг Россия президенти администрациясига яқин манбаси Пригожиннинг мудофаа вазирлигига мурожаати Кремлда очиқчасига таҳдид сифатида қабул қилинганини айтган. Яна бир манбага кўра, Пригожин Россия ҳукумати билан «бир жамоада эмас ва бир мақсад йўлида ҳаракат қилмаяпти».
«Унинг Бахмут деб аталмиш ўз лойиҳаси бор ва бу лойиҳаси амалга ошиши учун ҳамма нарсага тайёр. У шахсий лойиҳасини амалга ошириш орқали мудофаа вазирлигига таъсир қила оладиган кучга эга бўлишни, музаффарлик йўлидаги асосий куч эгаси эканини кўрсатишни истайди», деган манба.
Манбага кўра, Пригожиннинг «бахтиёр чол» ҳақидаги гаплари Кремлда янада ёмон қарши олинган. «Тўғри, у кейинчалик Шойгуни назарда тутганини айтиши мумкин, лекин одамларнинг ўзи бу борада хулоса қилади», деган суҳбатдош.
«Медуза» манбаларидан бири Пригожин «бахтиёр чол» деб аниқ Путинга ишора қилганини айтган. Нашрнинг бошқа манбаси эса буни Путинга очиқ ҳужум деб қабул қилиш тўғри эмас деган фикрда.
Россия президенти администрациясига яқин манба «Вагнер» асосчисининг жазавага тушиб қилган бу мурожаати унинг Путинга берган шахсий ваъдаси билан боғлиқлигини айтган. Яъни Пригожин хўжайини Путинга Бахмутни эгаллаш бўйича аниқ муддат айтган. Манба бу айнан қайси сана эканидан хабари йўқлигини айтиб, Пригожиннинг ўзини тутишига қараганда муддат тугаб бораётганини тахмин қилган. Аввалроқ Украина армияси разведкачилари Россия Бахмутни 9 майгача эгалламоқчи эканини хабар қилганди.
«Шахсий ваъдаси учун у доимий қўшинлар «устидан мағзава ағдариб», провокацион чиқишлар қилмоқда. Бу ноодатий ҳаракат», деган суҳбатдошлардан бири.
Нашр манбалари тахмин қилишича, бундай чиқишлари билан «қизил чизиқ»ни босиб ўтган Пригожиннинг юқори доираларда танишлари кўп бўлишига қарамай, унга муаммолар туғилиши мумкин. Суҳбатдошлар Пригожиннинг ҳукуматдаги пуштипаноҳлари деб Росгвардия раҳбари Виктор Золотов ҳамда Тула губернатори, Путиннинг собиқ қўриқчиси Алексей Дюминни қайд этган. Путиннинг дўсти ва миллиардер Юрий Ковалчук ҳам яқин-яқингача Пригожиннинг «танкаларидан бири» деб айтиларди, аммо суҳбатдошларга кўра охирги вақтлардаги воқеалардан сўнг миллиардер Пригожиндан юз ўгириб бўлган.
«Медуза»нинг Россия давлат телеканалларидаги манбаси эса «Вагнер» асосчиси билан боғлиқ яна бир қизиқ маълумотни келтирган: пропагандачиларга аллақачон Пригожин бўйича топшириқ келган ва унга кўра «Вагнер» асосчиси мудофаа вазирлигини ҳақорат қилиб, фронтдаги муваффақиятсизлик ҳақида гапиришда давом этса, Путиннинг собиқ ошпази ватан хоини сифатида гавдалантирилиши таъкидланган.
АҚШнинг Washington Post нашри аввалроқ Россия мудофаа вазирлиги Пригожинга қарши ахборот кампанияси бошлагани, лекин уни амалга ошира олмагани ҳақида ёзганди. Энди эса бундай кампания Россия президенти администрацияси даражасида ташкил қилинаётган бўлиши мумкин.
«Медуза»нинг Кремлга яқин манбаси Россия ҳукумати бу вазиятга жим қараб турмаслигини айтган: «Ҳозирча «Вагнер» асосчисига фронтда нимадир хавф солмоқда деб бўлмайди. Унда ҳамон Путинга тўғридан тўғри алоқага чиқиш имконияти бор. Лекин ҳаммаси шундай давом этаверса, куч ишлатар тузилмалар ҳаммасига чек қўйишади».
Пригожиннинг ўзи нашр саволларига жавоб беришдан бош тортган. Хусусан, провокацион видеосида чол деб кимни назарда тутганига ойдинлик киритмаган. «Кўп марта айтганман, душман нашрларга жавоб бермайман. Худди шундай савол холис рус нашридан келса, бажонидил жавоб бераман», деган аввалроқ «Медуза»нинг саволларига кўп марта жавоб берган Пригожин.
НТВ телеканалининг хорижий версиясининг «бахтиёр чол» борасидаги сўровига жавоб берар экан, «Вагнер» асосчиси Путинни назарда тутмаганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра «бахтиёр чол» Россия мудофаа вазирининг айнан моддий таъминот бўйича ўринбосари ва яқинда ишдан олинган Михаил Мизинцев ёки Бош штаб раҳбари Валерий Герасимов бўлиши мумкин. Шунингдек, Пригожиннинг айтишича, кремлпараст фаол аёл Наталя Хим ҳам «ўша бахтиёр чол» бўлиши мумкин. «Дом 2» телешоусининг собиқ иштирокчиси Наталя Хим аввалроқ ижтимоий тармоқларда вагнерчиларга снаряд солинган қутиларни таклиф қилганди.
«Медуза» ўз манбаларининг сўзларидан келиб чиқиб Виктор Золотов, Алексей Дюмин ва Юрий Кавалчукка сўров билан чиққан, лекин улардан ҳеч қандай жавоб бўлмаган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг