00:22 / 13.05.2023
422

Путин россияликларнинг чет элга чиқиб кетиши олдини олишга қаратилган фармонни имзолади

Путин россияликларнинг чет элга чиқиб кетиши олдини олишга қаратилган фармонни имзолади

Фото: Дмитрий Феоктистов/ТАСС

Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг 2019-2025 йилларга мўлжалланган давлат миграция сиёсати концепциясига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги фармонни имзолади. Тегишли ҳужжат (.pdf) ҳуқуқий актлар порталига жойлаштирилди.

Унда, бошқа нарсалар қатори, 2022 йилда «ўзгарган ижтимоий-иқтисодий шароитлар таъсирида Россия аҳолисининг чет элга миграция оқими кучайгани» таъкидланган.

Фармонда ёзилишича, бунинг олдини олиш учун «инсон капиталини сақлаш» бўйича қўшимча чора-тадбирлар талаб этилади. Улар орасида «жозибадор молиявий, ижтимоий ва бошқа механизмлар»ни яратиш ҳам бор. Ҳужжатда аҳолининг мамлакатдан чиқиб кетишига қарши қандай «бошқа» механизмлар бўлиши мумкинлиги айтилмаган.

Шунингдек, фармонга кўра, Концепция Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларидан «фавқулодда оммавий равишда» кўчирилган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш тўғрисидаги банд билан тўлдирилди. Бунинг сабаби «Украина қуролли кучларидан бу одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига бўлаётган тўғридан-тўғри таҳдид» деб аталади.

Украина босқини бошланганидан кейин Россия катта эмиграция тўлқинига дуч келди. Мамлакатни тарк этган ва қайтиб келмаганларнинг аниқ сони расмийлар томонидан ошкор этилмаган. Турли ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг сони камида 400-800 мингни ташкил этиши мумкин.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг