Яқин ҳафталарда Франция Украина Қуролли кучларининг бир нечта батальонларини ўнлаб зирҳли техника ва енгил танклар, жумладан, AMX-10RC билан жиҳозлайди. Шунингдек, Париж Украина аҳолисини Россия зарбаларидан ҳимоя қилиш учун Киевга ҳаво мудофаасини кучайтиришда ёрдам беради. Бу ҳақда икки давлат президентлари Володимир Зеленский ва Эммануэл Макроннинг 14 май куни Париждаги учрашувида қабул қилинган қўшма Украина-Франция декларациясида айтилади.
"Уруш бошидан бери Франциянинг Украинага ўзини ҳимоя қилиш учун кўрсатиб келаётган ҳарбий ёрдами давом этади. Украинанинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича энг долзарб ва шошилинч эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда янги ҳарбий ёрдам пакетлари тайёрланмоқда”, - дейилади ҳужжатда. Франция томони нафақат ўз ҳиссасини қўшишини, балки Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш ва Украина ҳарбийларини тайёрлаш бўйича Европа Иттифоқи ва НАТО фаолиятида иштирок этишини таъкидлади.
Қўшма баёнотда айтилишича, Франция ҳарбийлардан ташқари Украинага молиявий ва ҳуманитар ҳам ёрдам кўрсатади. Хусусан, Париж Киевга “Украинанинг уруш жиноятларини тергов қилиш қобилиятини кучайтириш учун” иккита мобил ДНК лабораториясини берди. Декларацияда томонларнинг ҳарбий жиноятчиларни жавобгарликка тортиш борасидаги “қатъий мажбуриятлари” таъкидланган. Шу мақсадда халқаро механизмларни ишлаб чиқиш давом эттирилади.
Франция Украина президенти Володимир Зеленский томонидан илгари сурилган “тинчлик формуласи”ни қўллаб-қувватлашини билдирди. Париж “Украина тинчлик формуласи қоидалари ва бошқа мумкин бўлган яхши таклифлар асосида яқин ойларда чақириладиган Глобал тинчлик саммитида имкон қадар кенг халқаро иштирокни таъминлаш учун Украина билан ҳамкорлик қилишга тайёр”, дейилади декларацияда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)