Британия Украинага юзлаб зенит ракеталари ва жанговар учувчисиз учоқларни топшириш ниятида. Бу ҳақда Володимир Зеленскийнинг Лондонга ташрифи муносабати билан 15 май, душанба куни Британия ҳукумати маълум қилди.
Аниқлик киритилишича, дронларнинг парвоз масофаси 200 километрдан ошади. Аввалроқ Лондон Киевга Storm Shadow узоқ масофали қанотли ракеталар етказиб берилганини тасдиқлаган эди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг ёзида Буюк Британия украиналик учувчиларни F-16 қирувчи самолётларини бошқариш бўйича тайёргарликдан ўтказишни бошлайди, дейилади Британия ҳукумати сайтида. Украиналиклар учун Қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари ўқийдиган дастур мослаштирилмоқда. “Ушбу машғулотлар Буюк Британиянинг F-16 қирувчи самолётларини Украинага ўтказиш бўйича бошқа давлатлар билан ҳамкорлик саъй-ҳаракатлари билан бирга олиб борилади”, — дейилади хабарда.
15 май куни Украина президенти Володимир Зеленский Буюк Британияга келди ва у ерда бош вазир Риши Сунак билан учрашди. Сунак ўзининг Twitter’даги микроблогида учрашув суратини эълон қилди, унга “Хуш келибсиз!” ёзуви қўйилган.
Аввалроқ Зеленский Франция, Италия ва Германияга ташриф буюрганди. Украина президенти таъкидлаганидек, унинг Европа пойтахтларига ташрифи, хусусан, “қирувчи самолётлар коалицияси”ни яратиш нияти билан боғлиқ.
"Менинг Европа пойтахтларига ташрифларимнинг бир қисми айнан шунга қаратилган. Ўйлайманки, биз муваффақиятга эришамиз", деди Зеленский Берлинда Германия канцлери Олаф Шольц билан қўшма матбуот анжуманида.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг