«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин Украинанинг Бахмут шаҳри «тўлиқ» ишғол этилганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу 20 май куни тушда содир бўлган. Пригожиннинг Украина шаҳри вайроналари фонида қўлида Россия байроғи билан тургани акс этган видео унинг матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Видеода у «Бахмут гўшт майдалагичи» деб атаган Бахмутни ишғол этиш операцияси 2022 йил 8 октябрда «жабрланган Россия армиясининг ўзига келиши учун» бошлангани ва 224 кун давом этганини таъкидлаган.
У қўшимча равишда бу операция фақат «Вагнер» томонидан амалга оширилганини айтди.
«Бу ерда Конашенков айтганидек, ҳаво-десант кучлари ёки бизга ёрдам бера оладиган бошқа ҳеч ким йўқ эди. Биз ўзимизга ўзимиз ёрдам бердик», деди Пригожин.
Шунингдек, «Вагнер» раҳбари 25 майдан бошлаб жангчилари «дам олиш ва қайта тайёргарликдан ўтиш» учун шаҳардан олиб чиқилишини айтди. Унинг таъкидлашича, бундан олдин «мудофаа чизиқлари» яратилади ва Россия ҳарбийларига топширилади. Унинг ёлланма жангчилари эса «Россияга ёрдам керак бўлганда» қайтиб келади.
Шу билан бирга, Украина Қуролли кучлари Шарқий гуруҳи вакили Сергей Череватий Пригожиннинг баёнотини рад этди. Унинг сўзларига кўра, Украина ҳарбий қисмлари Бахмутнинг жануби-ғарбий қисмида турибди ва ўз позицияларини ҳимоя қилмоқда. Шу билан бирга «душманнинг шаҳарни ишғол этишишга йўл қўймайди».
Украина мудофаа вазирининг ўринбосари Анна Маляр Украина Қуролли кучлари Бахмутдаги «Самолёт» кварталини ва унга туташ хусусий секторни эгаллаб турганини таъкидлади.
Россия расмийлари Пригожиннинг баёнотларига ҳозирча изоҳ бермади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!