date
views 723

Ота-онаси қурган улкан бизнес империяларни йўқ қилган меросхўрлар

Ота-онаси қурган улкан бизнес империяларни йўқ қилган меросхўрлар

Кимларнинг фарзандлари ота-оналарининг бой меросини асраб-авайлай олмагани ҳақида маълумот берамиз.

Гуччи оиласи

Алдо Гуччи қизи Патрисия Гуччи билан
Фото: Getty Images

Италиянинг энг йирик мода брендларидан бири бўлган Gucci оилавий бизнеси 1953 йилда асосчиси Гуччио Гуччи вафотидан кейин муаммога дуч келди. Меросхўрлар ўртасидаги келишмовчиликлар мулкни тақсимлаш ва суд жараёни билан боғлиқ. Акцияларнинг ярмидан кўпи тўнғич ўғли Алдога тегишли бўлиб, унинг оиласи кейинчалик офшордаги фирибгарлик тузоғига тушиб қолади. Охир-оқибат меросхўр қамалади.

Ўтган асрнинг 80 йилларида мода меросхўри Маурицио бу лавозимни эгаллаганида, оилавий бизнес молиявий ва операцион қийинчиликларга дуч келади. Шундай қилиб, Gucci кланининг ҳар бир аъзоси корхонада яхшироқ ўрин эгаллашга ҳаракат қилади. Компанияда аниқ ривожланиш ва бошқарув стратегияси йўқ эди, охир-оқибат, ўша пайтда турли банклардан 40 миллион долларга яқин қарздор бўлган Маурицио ўз улушини сотади. Ўшандан бери Гуччи оиласидан ҳеч ким ота-боболари 1921 йилда асос солган машҳур мода уйини бошқариш ҳуқуқига эга эмас.

Хантингтон Хартфорд II

Фото: Getty Images

Хантингтон Хартфорд II А&P чакана супермаркетлар тармоғи асосчисининг ўғли бадавлат оилада ўсган, бу унга бошқаларнинг эътиборини жалб қилиш имконини берди – ҳамма унинг барча инжиқликларини кўтаришга мажбур эди. 1940 йилга келиб Хартфорд оиласи Америкадаги энг бой ва муваффақиятли оилалардан бири ҳисобланарди.

Бола 11 ёшида отаси вафот этади. Nyu York Times газетасига кўра, у 1,3 миллиард долларлик бойлик эгасига айланади. Гарвардда ўқиганидан сўнг, у исрофгар менежер сифатида танилади: қанча пули фойда келтирмайдиган лойиҳаларда йўқ бўлиб кетади. Шу билан бирга, бизнес меросхўрининг шахсий ҳаёти ҳам яхши кечмайди: унинг барча никоҳлари қиммат ажралишлар билан якунланади. Охир-оқибат у 1992 йилда банкротлик тўғрисида ариза беради ва Багама оролларига кўчиб ўтади. Бу ерда яна 16 йил яшаган тадбиркор 2008 йилда 97 ёшида вафот этади.

Тори Спеллинг

Фото: Getty Images

Тори Спеллинг — “Беверли-Хиллз 90210” ситкомидаги роли билан танилган америкалик актриса. Айтганча, сериални унинг отаси, медиамагнат Аарон Спеллинг суратга олган. Қиз отасидан катта капитални мерос қилиб олди — бу ўз жамғармаларини кўпайтириш учун асос бўлиши мумкин эди, аммо актриса ўйланган тежамкорликдан кўра молиявий режаларсиз дабдабали ҳаётни афзал кўрди.

Отасининг ўлимидан кейин Тори 500 миллион долларга баҳоланган бойликнинг бир қисмини олишга умид қилган. Муаммо шунда эки, у ягона меросхўр эмасди. Жанжал сабаб қизи билан гаплашмай юрган онаси Кенди Спеллинг қонунга кўра, ўз бойлигини ўзи тасарруф қилиб, қизи ва ўғлининг ҳар бирига атиги 800 минг доллар берган.

Аммо қизи пулларни тўғри сарфлай олмайди: олинган барча мерос тезда бир лаҳзалик истакларга ишлатилади. 2016 йилда Кенди Спеллинг қизининг харажатлари ва уй-жойи учун пул тўлашга мажбур бўлганини эълон қилди ва бу оиланинг молиявий аҳволини сезиларли даражада ёмонлаштирди.

Кичик Клинт Мерчисон

Фото: Getty Images

Кичик Клинт Мерчисон Техасдаги таниқли нефть магнати ва сиёсатчи катта Клинт Мерчисоннинг ўғли. У 1969 йилда отаси, нефть магнати катта Мерчисон вафотидан кейин 200 миллион долларлик бойликни мерос қилиб олади.

У турли соҳаларга — кўчмас мулкдан тортиб энергетика соҳасига сармоя киритишга ҳаракат қилади, лекин барча сармоялари муваффақиятсизликка учрайди. Унинг лойиҳаларидан фақат биттасига омад кулиб боқади — 1960 йилда у “Даллас Ковбойс” футбол клубига асос солади (муваффақият сабаби, афтидан, кичик Мерчисоннинг футболга бўлган муҳаббати эди). Қолган маблағлар шамолга совурилади. Натижада оилавий тадбиркорлик боши берк кўчага кириб қолади.

1980 йилларда, нефть нархи қулаши содир бўлганида, Клинт катта қарзга ботади. Қарздан халос бўлишнинг ягона йўли банкротлик эълон қилиш эди. 1987 йилда у чўнтагида бир сент ҳам бўлмаган ҳолда ногиронлар аравачасида вафот этади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ота-онаси қурган улкан бизнес империяларни йўқ қилган меросхўрлар