21:13 / 22.05.2023
993

“Чин” сўзини айтганлардан Россия нега аразлаяпти?

“Чин” сўзини айтганлардан Россия нега аразлаяпти?

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Марказий Осиё давлатларининг Хитой билан ҳамкорликни мустаҳкамлаши Россиядан “юз ўгириш”ни англатмайди.

Бу кўпқиррали алоқаларни ривожлантириш йўлидаги табиий қадамлар. Унда россиялик амалдорнинг баёнотига нима сабаб бўлди?

18—19 май кунлари бўлиб ўтган Хитой – Марказий Осиё саммити иқтисодий йўналиш билан бирга, ҳарбий алоқалар ва хавфсизлик масалаларида ҳам янги саҳифалар очди. Хитойнинг минтақа хавфсизлигини таъминлашдаги роли нималардан иборат бўлиши, “рангли инқилоблар” эҳтимоли ва шу каби мавзулар юзасидан Дарё эксперти иштирокидаги суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Дастлабки хулосаларни чиқарадиган бўлсак, Ўзбекистон билан Хитой ўртасида мактаб таълимини ривожлантиришдан тортиб, парранда гўштию узум экспорт қилиш ва автомобиль ишлаб чиқаришгача бўлган соҳаларда ҳужжатлар имзоланди. Ва булар шундоқ ҳам яқин ҳамкорликни янада кучайтиришга мўлжалланган. Лекин саммит давомида кўпчилик башорат қилганидек, иқтисодий-сиёсий жиҳатдан ҳам янги саҳифалар очилдими?

Аббос Бобохонов: “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети докторанти:  Марказий Осиёда ҳарбий ва хавфсизлик соҳасидаги етакчи куч бу – Россия. Хитой эса минтақа давлатлари учун энг йирик иқтисодий ҳамкор сифатида қабул қилинган. Бу ҳолат узоқ йиллар давомида ўзгармай келаётган эди. Саммит давомида эса Хитой раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, асосан тўртта йўналишда алоқалар ривожлантириб борилади: биринчиси – сиёсий муносабатлар, кейингиси – иқтисодий йўналиш, учинчиси эса – хавфсизлик, ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик. Бу борада у МО давлатлари билан биргаликда ишлашга ва кўмак беришга тайёр эканини таъкидлади. Тўртинчи йўналиш – маданий-гуманитар соҳа. Шулар орасида учинчи йўналиш менинг эътиборимни тортди, сабаби шу кунгача Хитой бу борада очиқдан-очиқ бундай фикрларни билдирмаган. Лекин шу жиҳатга ҳам эътибор қаратиш керакки, ҳарбий ҳамкорлик борасидаги таклифга ҳали “биз розимиз, шунга тайёрмиз” қабилида жавоб берилгани йўқ. Бу ҳозирча фақат таклиф бўлиб турибди. Жавоб қандай бўлишини эса вақт кўрсатади”.


- Ўзбекистон ва Хитой етакчиларининг учрашуви ўтказилган санада, яъни 18 май куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова “Марказий Осиё давлатлари Россия билан алоқаларни узиши Ғарб санкцияларидан ҳам ёмонроқ оқибатларга олиб келади” дея баёнот берган.

Бу нима қўрқитишми, огоҳлантиришми ёки кўролмасликми, ўзи қанақа оқибатлар ҳақида гап кетяпти?

- Россия узоқ йиллар давомида Марказий Осиёда кучли мавқега эга бўлиб келган. Бугун дунёда кечаётган воқеалар натижасида мана шу таъсир кучи сусайиб бораётганини ўзлари ҳам ҳис қилаётган бўлиши мумкин. Оқибатда ҳар қандай йўл билан ўз мавқеини сақлаб қолишга уринишлар бўлиши табиий ҳол. Лекин 9 май куни Ғалаба парадида президентларнинг иштирок этиши, ўзаро мулоқотлар шуни кўрсатмоқдаки, биз алоқаларни узиш йўлидан бораётганимиз йўқ. Кейинги вақтларда Ғарб билан ҳам иқтисодий муносабатларнинг кучайиб бораётгани, турли нуфузли делегацияларнинг минтақамизга ташрифи Россиянинг ғашига тегаётган бўлиши мумкин.


- Хитой етакчисининг яна бир фикрига эътиборингизни қаратмоқчиман. “Дунёга барқарор МО керак. Минтақа давлатлари ташқи аралашувга, шунингдек, “рангли инқилобларни қўзғатишга бўлган уринишлар”га йўл қўймаслиги керак”, дейди у. Мана шу рангли инқилоблар борасидаги хавотирлар қанчалик асосли деб ўйлайсиз?

- Биласизми, айни шу сўзлар менинг ҳам эътиборимни тортди ва Хитой раисининг маърузасини ўқиб чиқдим. У ерда сал бошқачароқ ёзилган. Яъни “биз МО давлатлари билан бирга, ҳамкорликда ташқи деструктив ҳаракатларга, рангли инқилобларга, шунингдек учта салбий куч – терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши биргаликда курашишимиз керак” дейилган. Хитой раиси “рангли инқилоб” атамасини аввал ҳам ишлатган. Чунки асос ҳам бўлганда – Қирғизистонда бир неча марта, мана Қозоғистонда шундай воқеалар рўй берди-ку. Қозоғистон расмийларининг ўзлари тан олиб айтганларидек, бу воқеалар ташқи кучларнинг аралашуви билан юз берли. Хитой эса маълумки, минтақамиз билан чегарадош давлат. Минтақамиздаги мана шундай рангли инқилоблар чоғида Хитой иқтисодиёти жуда катта зарарлар кўрган. Шу сабабдан ҳам Хитойга барқарор Марказий Осиё керак. Ва шу билан бирга, МО давлатлари ҳамкорлик масаласида фақатгина битта давлат билан чекланиб қололмайди. Хитой билан ҳам, Россия, АҚШ ва бошқа давлатлар билан ҳам алоқаларни ривожлантириб бориш зарур.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Чин” сўзини айтганлардан Россия нега аразлаяпти?
ePN