
18 июнь куни Карелияда бахтсиз ҳодиса рўй берди. «Парк-отель «Сямозеро» оромгоҳида дам олаётган 47 нафар боладан иборат гуруҳ 4 нафар инструктор билан бирга учта қайиқда кўлга сайрга отланишган. Тўфон кўтарилиши натижасида қайиқ ағдарилиб, сўнгги маълумотларга кўра, 15 нафар бола ҳалок бўлган. Яна икки нафар бола бедарак йўқолган, дейилади "Кун" нашрида. Тирик қолган болалар қирғоқда тонг оттиришган, улар совуқдан ҳалок бўлишига бир бахя қолган.
Барча қутқарилганлар Петрозаводск шаҳрига етказилган. ФВ натижасида жароҳатланган ва кучли стресс ҳолатига тушган болаларнинг 12 нафари шифохонага ётқизилган.
Бу ердаги болаларнинг ёши 12-15 ёш атрофида бўлиб, улар мазкур соғломлаштириш оромгоҳига Москва ва Петербург шаҳарларидан дам олишга келишганди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари манбалари йўқолган болаларни тирик топиш имкони жуда пастлигини маълум қилишди.
«Болаларнинг ҳаммаси инструкторлар каби махсус қутқарув кийимида бўлган. Бироқ кўлнинг суви деярли муздек, унда бир соатдан ортиқ бўлиш, қоидага кўра, ўлим ҳолатига олиб келади. Болаларни қутқаришнинг имкони бор, албатта, аммо имкон даражаси жуда паст», - дея хабар беради ТАСС манбаси.
Болалар билан бирга бир инструкторлардан бири ҳам ҳалок бўлганлиги айтилди, лекин кейинчалик бу хабар инкор этилди.
Оромгоҳ ходимларни сўроқ қилиш натижасида терговчилар инструкторлар ва етакчиларининг болаларни қутқариш учун зарур чораларни кўрмаганлиги аниқланди.
Қайд этиш керакки, шанба куни рўй берган фавқулодда ҳодиса ҳақида якшанба куни эрталаб маълум бўлган. Шунда ҳам бу ҳақида қирғоққача сузиб келишга муваффақ бўлган ва туни бўйи ҳушсиз ётган 12 ёшли москвалик қиз хабар берган. Ўзига келгач, у энг яқин орадаги қишлоққа ёрдам сўраб келган. Йўлда келаётганида қирғоқда беҳуш ётган болага кўзи тушган, бироқ боланинг аҳволи оғир бўлганлиги боис у мустақил равишда ҳаракатлана олмасди.
Қишлоқ аҳли бундан хабар топиб, қутқарувчиларни чақиришган. Улар келиб ёрдам кўрсатгунга қадар, қирғоқдаги болалар 12 соатдан бери ёрдам кутиб ётган бўлишган. Уларнинг баъзиларини маҳаллий аҳоли беҳуш ҳолда топиб, қутқариб қолишган. Жумладан, 11 нафар бола Кудамадаги (Сямозер қирғоғидаги қишлоқ) итларга ёрдам кўрсатувчи ходимлар томонидан қутқариб қолинган.
«Болалар музлаб қолишганди, уларни зўрға ўзига келтирдик», - дейди итлар ҳужраси эгаси Наталья Столярова.
Мазкур ҳодиса жамиятда кучли муҳокамаларга сабаб бўлди. Тергов қўмитаси жиноий иш очиб, Карелияга бир гуруҳ терговчиларни жўнатди. ФВВ бахтсиз ҳодиса рўй берган жойга вертолётлар, катерлар ва учувчисиз қурилмаларни етказишди. Шунингдек жабр кўрган болалар билан ишлаш учун бир гуруҳ руҳшунослар ҳам у ерга йўл олишди.
Оромгоҳнинг саёҳатга отланган икки етакчиси қўлга олиниб, тергов юзасидан сўроқ қилинмоқда.
Олинган маълумотларга кўра, мазкур оромгоҳ ота-оналарнинг шикояти туфайли аввал ҳам ҳукумат назарига тушган. Оромгоҳ Москва мэриясида кўп миллионли тендерларни мунтазам равишда қўлга киритиб келган.
«Парк-отель Сямозеро» оромгоҳи истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича Федерал назорат хизмати ходимлари томонидан бир неча маротаба танқид остига олинган. Сўнгги уч йил ичида «Парк-отель «Сямозеро» устидан жами 21та даъво аризаси келиб тушган.
ОАВ оромгоҳ директори Елена Васильевна Решетова ва унинг ёрдамчилари билан боғлана олишмаган. У «Парк-отель «Сямозеро»дан ташқари яна «Санаторно-оздоровительный центр «Сямозеро» ва «КарелияОпен» компанияларининг ҳам таъсисчи ва раҳбари бўлган. «КарелияОпен» сайтида болалар санаторий-соғломлаштириш оромгоҳи реклама қилинган. Йўлланма нархи - 34 минг рубль. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар