16:06 / 01.06.2023
580

Тожикистонда аскарларни аёвсиз калтаклаган подполковник ва ҳарбий хизматчилар узоқ йилга қамалди

Видеодан кадрлар

Тожикистонда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара қўшинларининг 0215-сонли ҳарбий қисмида аскарларнинг оммавий калтакланиши иши бўйича суд ҳукми ўқилди. “Фергана” ёзишича, 4 нафар айбланувчи 9 ярим йилга, яна тўрт нафари, жумладан, “Ворух” биринчи чегара комендатураси бошлиғи подполковник Нузҳат Лазуриев 11 ярим йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ҳукмни Тожикистон Олий суди ҳарбий ҳайъати 30 май куни эълон қилган, суд жараёни Хўжанд ҳарбий гарнизони биносида бўлиб ўтган.

Мазкур иш бўйича айбланувчилар шу йилнинг апрель ойи охирида ижтимоий тармоқларда Тожикистон армиясининг аскарлари аёвсиз калтаклангани акс этган видео тарқалгач, ҳибсга олинган эди. Ҳарбий прокуратура видеони ўрганиб чиқиб, воқеа 2022 йил 15 декабрда содир бўлганини аниқлади.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинларининг 0215-сонли ҳарбий қисми ҳарбий хизматчилари сержант Жонибек Қосимзода, оддий аскарлар Фахриддин Азимов, Аъзам Камолов, Маҳмадназар Нозимов ва Хожиакбар Сайфуллоевлар қонунчиликни қўпол равишда бузган ҳолда, ўз ҳамкасблари — кичик сержант Меҳмонжон Мисиров, оддий аскарлар Бекзод Чориев, Замир Каримзода, Некруз Амиров ва Алишер Мусоевларни калтаклаб, уларнинг соғлиғига шикаст етказган”, — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Тожикистон ҳукумати Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари қўмитасига юборган ҳисоботида айтилишича, биргина 2019—2021 йиллар оралиғида тожик армиясида 100 дан ортиқ аскар зўравонлик оқибатида ҳалок бўлган. Тожикистон Бош прокуратураси охирги уч йил давомида ҳарбий қисмларда содир этилган жиноятларни яширган 639 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тожикистонда аскарларни аёвсиз калтаклаган подполковник ва ҳарбий хизматчилар узоқ йилга қамалди
ePN