08:40 / 06.06.2023
628

Хотиннинг ўрни қаерда ёхуд 28 май таассуротлари...

Хотиннинг ўрни қаерда ёхуд 28 май таассуротлари...

Кичкиналигимдан бошқа ўртоқларим, синфдошларим шаҳримиздан бир қадам чиқмагани ҳолда мен онамга қўшилиб кўп йўл юрардим. Бозорма-бозор, қўшни вилоятларга, Қирғизистонга дегандек. Мактабни битиргач, йўлларим Тошкентга уланди. Шу билан бошланди – Тошкент–Марғилон, Тошкент–Бухоро, Тошкент–Самарқанд, Қашқадарё... Буларгаям қаноат қилмай қолдим, шекилли, энди Истанбулда ўтирибман. Хуллас, еган оғизга ош бераман, йиғлаган кўзга ёш бераман, дейилганидай, юраман деганга йўл берилавераркан.

Лекин ҳозир мавзу саёқ-санқилигим ҳақида эмас. Гап бошқа ёқда. Кеча кўчадан келиб, шомдан кейин озгина кўзим кетиб қопти. Уловлар сигналидан чўчиб уйғондим. “Тўй бўляптими?” деб ойнадан қарасам, бақир-чақир авжида. Интернетга мўраласам, неча кунлардан бери нафақат турклар, балки бутун дунё кўзини тўрт, қулоғини динг қилиб, ҳар ким ҳар хил мақсадда кутаётган президентлик сайлови ниҳоялабди. Эрдоған ғалаба қозонибди. Шовқин-сурон, бақир-чақир, мушакбозлик... Чиқай, десам, қулоғингни қоматга келтирадиган тўполон, чиқмай, десам, табиатимдаги ҳар нарсага қизиқиш... Охири бўлмади, қизимни етаклаб ташқарига йўл олдим. Одамнинг бошига нима келса, қизиқишдан, дейди турклар. Бекорга эмас экан, анча кайфиятимни бузди бу миллат.

Ташқари тумонат одам. Ит эгасини, мушук бекасини танимайди. Катта-ю кичик машиналар уст-устига сигнал чалган, одамлар айвонларига Раиснинг суратини илган, Эрдоғаннинг тарафдорлари кулган, бошқасининг зафарини кутганлар ойналардан қараб, қовоқ солган, хуллас, кимга тўй, кимга аза келган...

Бир машинага овозкучайтиргич ўрнатишибди, ватанпарварлик ҳақида қўшиқларнинг кети узилмайди. Четда туриб кузатяпман десангиз. Қараб туриб, ичимда савол уйғонди: йигитлар, эркаклар-ку, майли, аёлларга нима бор? Устига-устак рўмол ўраволиб, бошига ёзувли лента боғлаганча улов ойнасидан байроқ силкитишларини-чи! Буларнинг эркаклари “ўтир уйда!” демайдими? Хотин деган сиёсатга аралашиб нима қилади? Президент ким бўлса бўлаверсин, ўтирмайсанми овқатингни пишириб, сериалингни кўриб, қўни-қўшни билан ғийбатлашиб? Сенга нима фарқи бор? Барибир ақлинг ҳеч балога етмаганидан кейин. Туришидан идиш-пидишлариниям ювмай кўчага югуришган-ов... Бу ердаги эркаклар “Аёлларнинг сочи узун, ақли калта”, деган “пурмаъно” гапдан хабарсиз бўлса керак. Агар билганидайди, икки гапнинг бирида қайтаравериб, бу “сочли эшон”ларнинг попугини пасайтириб қўйган бўлишарди.

Хотинларнинг фаоллиги етмагандек, ёш болаларниям қўлига байроқ тутқазиб қўйишибди, “қани-қани”, деб қўйишади ора-орада. Эркинлик берилса шу-да, байроқ сенга ўйинчоқми болагаям ушлатаверсанг? Майли, Остонангга ос, айвонингга ос, ҳар ёқда судраб юраверма-да энди! Бу мамлакатда милиса-пилиса йўқми, деб тўрт томонга қарайман “байроқ билан ҳазиллашма”, деб буларнинг адабини беришини кутиб. Ҳартугул бор экан, лекин уларам ҳафсаламни пир қилди. Ахлат идишни четроққа сурдириб, йўлни тўсиб қўйганларга нималардир деб, тўпланиб қолган машиналарнинг ўтишига имкон қилиб берди-ю, кетди.

Эркаклардан, милисаданам умид қолмади. Лекин кўринмас ва энг катта куч бўлган қайноналарнинг кўзи қаерда? Нега бунчалик бўш қўйворишган келину набираларини? “Кеч бўлганда нима қиласан?” деб уйда олиб ўтиришса бўлмайдими? Гапингга кирмаса, ўғлинг келганида чақиб бериб, томошасини кўр. Болаларниям тез-тез “Онанг киму сен нима бўлардинг?” деб бошига тақиллат, жикиллайвермай, жимгина бош эгиб турадиган бўлишади. Ҳечқурса, телевизорни ёқиб, “Иқрор”ни қўйиб бер десам, буларда “Иқрор”ам йўқ. Шундай деб куюнганимча атрофга қарасам, қайноналарам байроқ кўтариб, бақир-чақирга жўровоз бўлишяпти. Ҳа-ай, дедим, тугалай тамом бўпсизлар-ку! (Аслида-ку, булар келин билан бирга туришмас экан, уйлантириб, алоҳида чиқариб қўйишаркан. Аҳмоқликнинг каттасини қилишаркан, сизга айтсам, ахир, бу дегани ўғилни шундоққина келинга топшириб қўйиш-ку! Болани боқиб-боқиб қолаверадими одам? Келиннинг сувини сиқиб, хизмат қилдириши керакмасми?)

Хуллас, ватанпарварликлари қанчалик ҳавасимни келтирмасин, бизнинг эркаклару қайноналардан хотинлар ва келинларнинг попугини пасайтириш борасида би-ир мастеркласс зарур экан буларга, деган хулоса билан уйга қайтдим. Ишқилиб, охирлари бахайр бўлсин-да.

Зумрад Фозилжон қизи

Манба: Azon.uz


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хотиннинг ўрни қаерда ёхуд 28 май таассуротлари...
ePN