11:11 / 06.06.2023
533

Мажжоре кўлининг сири: исроиллик жосусларни ким чўктирди?

Мажжоре кўлининг сири: исроиллик жосусларни ким чўктирди?

28 май куни Италиядаги Мажжоре кўлида чўкиб кетган сайр қиладиган  яхта билан боғлиқ воқеа ҳуқуқ-тартибот идоралари учун шунчаки бахтсиз ҳодиса сифатида рўйхатга олинган. Бироқ ундаги барча йўловчилар Италия ва Исроил разведка хизматлари ходимлари бўлгани ҳодисани янада жумбоқли қилиб кўрсатади.

Италия прокурори Карло Нокеринонинг сўзларига кўра, бортда жами 23 киши бўлган: 13 нафар италиялик разведка ходими, саккиз нафар «Моссад» – Исроил разведкаси агенти, капитан Клаудио Карминати ва унинг россиялик рафиқаси.

Ночеринонинг сўзларига кўра, фақат капитан ва унинг рафиқасигина яхтада разведка маълумотларига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган одамлар бўлган.

Ҳодиса оқибатида тўрт киши чўкиб кетди: бир нафар истеъфодаги «Моссад» агенти, икки нафар италиялик жосус ва капитаннинг россиялик рафиқаси.

“Жосуслар қайиғи”

Йиғилганлар бир-бирларини яхши танишар ва тахминга кўра, кимнингдир туғилган кунини яхтада нишонламоқчи бўлишган.

Бироқ шунча кўп разведкачининг бир жойда тўпланишининг ўзи ажабланарли ҳолга ўхшайди.

Мажжоре кўли Италиянинг Ломбардия ва Пьемонт вилоятларидан ва Швейцариянинг Тичино кантонигача чўзилган.

Ломбардияда жойлашган бир қанча компаниялар ҳарбий ва фуқаролик мақсадларида технологияларни ишлаб чиқаради. Швейцария эса дунёнинг кўплаб разведка идоралари учун транзит базаси бўлиб хизмат қилади ва бу ҳеч кимга сир эмас.

Бахтсиз саёҳатнинг кўплаб йўловчилари, худди шу турдаги фаолиятнинг бошқа кўплаб вакиллари сингари, турли давлат паспортларга эга, Швейцарияда уйлари ва квартиралари бор.

Гарчи яхта саёҳати соф шахсий кўнгилочар тадбир сифатида тақдим этилган бўлса-да, бир қатор йирик Италия нашрлари бу аслида икки разведка хизматининг ишчи учрашуви эканлигини таъкидлайди.

Аслида нима бўлганди?

Яхта капитани Клаудио Карминати ҳозирча нима содир бўлганини айта олмайди, гарчи биринчи қарашда ҳамма нарса аён бўлса ҳам: 15 метрлик кемага тўсатдан соатига 70 км дан ошадиган довул урилган.

"Атиги 30 сония ичида биз фалокат эпицентрида қолдик. Қайиқ бир зумда ағдарилиб, ҳаммамиз сувга ғарқ бўлдик", деб эслайди капитан Corriere della Sera газетасига айтган сўзларида.

Унинг сўзларига кўра, ўша кун учун об-ҳаво прогнози ёмон бўлмаган ва улардан ташқари кўлда яна кўплаб кемалар бор эди.

Капитан режадан ортда қолганини ва яхта келишилган вақтда портга қайтмаганини тан олади, бироқ бу кечикиш сабаблари ҳали аниқланмаган.

Ҳозирда Клаудио Карминати кема ҳалокати ва қасддан қотиллик уюштиришда гумон қилиниб, тергов қилинмоқда.

Ғарқ бўлганлар кимлар?

Капитаннинг чўкиб кетган рафиқаси Анна Божкова 50 ёшда эди. У Карминати билан учрашишдан олдин ҳам Италияда яшаган ва полиция аниқлаганидек, унинг барча ҳужжатлари ва мамлакатда қолиш мақоми қонуний эди.

Икки вафот этган италиялик - Тициана Барбони (53 ёш) ва Клаудио Алонци (62 ёш) Италия махсус хизматларида хизмат қилган.

Тўртинчи қурбон, 50 ёшли Симони Эрез нафақага чиққан «Моссад» ходими эди.

Италия матбуоти унинг исмини маълум қилганидан кейин ҳам Исроил матбуоти на у ҳақида, на унинг ўлими ҳақида ёзмади. Фалокатдан кейинги тўртинчи кунгина Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Мажжоре кўлида ҳалок бўлган шахс «Моссад»нинг собиқ агенти эканлигини тасдиқлади.

«Моссад» ўз ҳаётини Исроил хавфсизлигига бағишлаган қадрдон дўсти ва фидойи профессионалини йўқотди. Унинг касбий фаолиятини ҳисобга олган ҳолда, биз унинг шахсий маълумотларини ошкор қила олмаймиз”, — дейилади Нетаняху идораси баёнотида.

Ғойиб бўлган гувоҳлар

Қолган йўловчилар ё ўзлари қирғоққа сузиб борган ёки ўтиб кетаётган кемалар ва ёрдамга келган сув полицияси ва ўт ўчириш бригадаси патруллари томонидан қутқарилган.

Қизиғи шундаки, бошқа кема экипажлардан кўлда кучли шамол бўлгани ҳақида хабарлар йўқ.

Тўрт йўловчининг ўлимининг расмий версияси чўкиб кетган, аммо Италия матбуоти ўлимдан кейинги суд-тиббий экспертиза ўтказилмагани ёки унинг натижалари ёпилганлиги ҳақида хабар беради.

Италия матбуоти учун ҳам компаниянинг омон қолган аъзолари воқеа содир бўлганидан сўнг деярли дарҳол ғойиб бўлишга шошилгани ғалати туюлган.

Журналистларнинг сўзларига кўра, улар даволанаётган шифохонани тезда тарк этиб, меҳмонхона ва уйларидаги нарсаларини шоша-пиша йиғиб, ғойиб бўлишган.

Шунингдек, маҳаллий шифохона ўша куни айнан кимга ёрдам кўрсатганлиги тўғрисида ҳеч қандай ёзув сақламаган.

Маълум бўлишича, исроилликлар ижарага олган машиналарини ижара компанияларига тегишли тартибда қайтариб бермасдан, шунчаки ташлаб кетишган.

Кўлда ҳалокат 28 май якшанба куни содир бўлган ва душанба куни улар Миланда Исроил махсус рейси билан олиб кетилган.

Яхтада омон қолган йўловчиларнинг исмлари ошкор этилмаган. Прокурор Нокерино бу одатий амалиёт эканлигини тушунтиради: бундай ҳолларда фақат жабрланувчиларнинг маълумотлари оммага эълон қилинади, холос.

Вайронага айланган яхта ҳозирча қирғоққа олиб келинмаган, бунинг натижасида ҳодиса юзасидан терговни тўлиқ ҳажмда олиб бориб бўлмайди, деган прокурор Карло Нокерино.

“У ҳали ҳам кўл тубида, уни кўтариш учун яна икки-уч кун керак бўлиши мумкин”, дейди у.

Фаразлардан бирига кўра, ҳалокатга кемада ортиқча юк бўлгани сабаб бўлиши мумкин. Айтилишича, яхта 15 кишига мўлжалланган бўлса-да, 23 кишини олиб юрган, бу эса капитаннинг ёмон об-ҳаво шароитида маневр қилишига тўсқинлик қилиши мумкин эди.

Тергов кеманинг хавфсизлик стандартларига мувофиқлигини, шунингдек, портдан жўнаш вақтидаги ҳужжатлар ва ҳолатини текшириш ниятида.

Бироқ, йўловчиларнинг таркиби ва воқеадан сўнг бир зумда ғойиб бўлиши матбуотчиларнинг турли тахминларини кўпайтирмоқда.

Хавфсизлик хизматлари ишидан хабардор мутахассисларнинг таъкидлашича, тажрибали агентлар камроқ йўловчилар учун мўлжалланган сузувчи кемага шунчаки тўплана олмайди.

Тергов яхтанинг қулаши ҳолатларини синчковлик билан ўрганиш ниятида эканлигини, бироқ унда кўп сонли махсус агентлар нима сабабдан тўпланганини аниқлай олмаслигини билдирган.

Исроиллик ва итальян жосуслар қайиқда туғилган кунни нишонлашган деган расмий фараз бўлса-да, афтидан, улар Италия компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган дрон компонентларини Эронга сотишнинг олдини олиш бўйича яширин операцияда иштирок этишган. Оммавий ахборот воситалари кўлнинг нариги томонида рус олигархларининг қасрлари борлигини ва воқеа пайтида у ерда "сирли одамлар" пайдо бўлганини таъкидлайди.

Италия матбуоти исроилликлар Украинадаги урушда иштирок этганлиги тахмин қилинган "дронлар учун фойдаланилган фуқаролик компонентлари билан боғлиқ ишларни" кўриб чиққан "Италия ва Эрон фирмалари ўртасидаги алоқаларни кузатган" бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бундан ташқари, кўл ҳудудида бир қатор бадавлат итальян яҳудийлари истиқомат қилиб, юқори мартабали маҳаллий ва халқаро сиёсатчилар, маданият арбоблари ва бошқа машҳур шахслар билан мунтазам алоқада бўлишади. Журналистлар ҳисоботида айтилишича, разведка агентлари ҳудудда яшовчи ҳар қандай шахслар гуруҳига тегишли топшириқни бажарган бўлиши мумкин.

Парда ортида Эрон борми?

Шу воқеалар содир бўлиши ортидан Эроннинг Mehr ахборот агентлиги “Моссад” жосусининг ҳалок бўлгани ўтган йилнинг май ойида Теҳронда отиб ўлдирилган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси полковниги Сайёд Худойи ўлимининг бир йиллиги арафасида содир бўлганига эътибор қаратади.

У қочишга муваффақ бўлган икки қотил томонидан отиб ўлдирилган. Кейин Эрон ҳукумати унинг ўлдирилишида “Моссад”ни айблаган эди.

Эрон расмийлари ёки Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондонлиги “Моссад” фахрийсининг ўлими саботаж натижаси бўлганлиги ҳақида ҳеч қандай баёнот бермади. Бироқ, нафақат Mehr агентлиги, балки баъзи бошқа Эрон ОАВлари ҳам бу ўлим табиий офат оқибати эмаслигига ишора қилмоқда.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мажжоре кўлининг сири: исроиллик жосусларни ким чўктирди?