НАТО собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен июль ойида Вилнюсда бўлиб ўтадиган саммитда иттифоққа аъзо давлатлар, жумладан, Қўшма Штатлар Киевга ҳақиқий хавфсизлик кафолатларини бермаса, альянснинг айрим давлатлари Украинага қўшин киритиши мумкинлигини тахмин қилди, деб ёзади 7 июнь, чоршанба куни Британиянинг The Guardian газетаси.
«Агар НАТО Украина учун аниқ йўл бўйича келиша олмаса, баъзи давлатлар алоҳида чора кўриши эҳтимоли бор. Биламизки, Полша Киевга аниқ ёрдам кўрсатишдан жуда манфаатдор. Полшанинг бу ишга қўшилиши эҳтимоли миллий даражада фаол бўлиши ва Болтиқбўйи давлатлари ҳам унга эргашиши мумкин. Бу қуруқликдаги қўшинларни юбориш имкониятини ҳам ўз ичига олиши мумкин», деди Расмуссен.
«Биз Полшанинг позициясини эътиборсиз қолдирмаслигимиз керак, поляклар Ғарбий Европа уларнинг огоҳлантиришларига узоқ вақт давомида қулоқ солмаган деб ҳисоблайдилар», деб таъкидлади собиқ НАТО бош котиби. У Украинанинг бундай ҳарбий ёрдам учун ариза беришини мутлақо қонуний деб билишини қўшимча қилди.
Андерс Фог Расмуссен бу ҳақда Шимолий Атлантика альянсининг амалдаги раҳбари Йенс Столтенберг НАТО Вашингтон шартномасининг 5-моддасига мувофиқ тўлиқ хавфсизлик кафолатларини фақат тўлиқ аъзоларга бериши ҳақида эслатганидан кейин баёнот берди. Киев 2022 йил сентябрида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган. Столтенберг таъкидлашича, блок барча мамлакатлари Украинанинг аъзо бўлиш истиқболига рози, аммо асосий мақсад, унинг сўзларига кўра, Киевнинг ғалабаси.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!