Бригада матбуот хизмати украин ҳарбийлари ярим вайронага айланган қандайдир бинога киргани ва унга Украина байроғини ўрнатгани акс этган видеони тарқатди.
Россия ҳарбий блогерлари шунингдек, айни вақтда украин армияси жанубга силжишда давом этиб, Россия мудофааси қанотларига зарба бераётганини хабар қилишган.
Блаҳодатне озод этилгани ҳақида Украина қуролли кучлари қуруқлик қўшинлари матбуот хизмати ҳам хабар берган.
Россия расмийлари украин ҳарбийларининг баёноти юзасидан ҳозирча муносабат билдирмади.
РФ мудофаа вазирлигига алоқадор «Рыбарь» телеграм-канали Украина қуролли кучлари Блаҳодатне ва яна бир аҳоли яшаш манзили — Нескучне қишлоғини «амалда жангсиз» эгаллагани ҳақида ёзган. Канал маълумотига кўра, «ДХР»дан бўлган бўлинмалар Украина қуролли кучлари қуршовига тушиб қолмаслик учун чекинган. Нескучне қишлоғи украин ҳарбийлари назоратига ўтгани тўғрисидаги маълумотни Запорижжя областининг Россия томонидан аннексия қилинган қисми маъмурияти вакили Владимир Рогов ҳам тасдиқлаган.
Украина қуролли кучлари қарши ҳужум давомида Запорижжя областидаги Лобкове ва Левадне қишлоқларини ҳам озод этгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.