23:24 / 13.06.2023
445

Путин Украинадаги уруш, Каховка ГЭС, сафарбарлик, хусусий ҳарбий компаниялар ва ғалла битими ҳақида нималар деди?

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин ҳарбий мухбирлар, «Первий», «Россия», НТВ, RT телеканаллари, «Комсомолская правда» журналистлари, блогерлар ва телеграм каналлари муаллифлари билан учрашди.

Путин Украинадаги уруш, Каховка ГЭС, сафарбарлик, хусусий ҳарбий компаниялар, ғалла битими каби саволларга жавоб қайтарди. Унинг жавобларидан қисқа иқтибослар келтирамиз.

Украианадаги «махсус ҳарбий операция» мақсадлари ўзгарганми ёки йўқлиги ҳақида

«Йўқ. Умуман олганда улар вазиятга мос равишда ўзгариб туради, лекин ҳозир биз ҳеч нарсани ўзгартирмаймиз ва улар биз учун фундаментал хусусиятга эга».

Ғарб томонидан «қизил чизиқлар»нинг кесиб ўтилишига Россия жавоб бермаётгани ҳақида

«Махсус ҳарбий операция ўтказишнинг ўзи «қизил чизиқлар» кесиб ўтилишига жавоб эмасми? Бу энг муҳим нарса. Биз кўп марта айтдик: бундай қилманг, шундай қилайлик, биз музокараларга тайёрмиз. Охир-оқибат улар бизни 2014 йилда бошланган урушни қуролли йўллар билан тўхтатишга уринишга мажбур қилишди.

Улар бизга «сиз урушни бошладингиз, Путин — тажовузкор» демоқда. Йўқ, уларнинг ўзи босқинчи, улар бу урушни бошлади, биз уни тўхтатишга ҳаракат қилмоқдамиз, лекин буни Қуролли Кучлар ёрдами билан қилишга мажбурмиз. Бу «қизил чизиқлар» кесиб ўтилишига жавоб эмасми?

Украина энергетика тизимига зарба бериш «қизил чизиқлар» кесиб ўтилишига жавоб эмасми? Украина Қуролли Кучлари Бош разведка бошқармасининг Киев яқинидаги штаб-квартирасини амалда йўқ қилиниши - бу жавоб эмасми? Биз нишонларни танлаб оламиз. Улар қилган ишни қилмаймиз, бу аҳмоқлар фуқаролик объектларига, турар-жойларга зарба бермоқда, биз буни қилмаймиз. Нишонларга танлаб-танлаб зарба берамиз».

Украинанинг қарши ҳужуми ҳақида

«Бу олдиндан тайёрланган захиралардан фойдаланган ҳолда қилинаётган кенг кўламли қарши ҳужумдир. Тўртинчида (июнда) бошланди ва ҳозиргача давом этмоқда… У стратегик захиралардан фойдаланиш орқали бошланди ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Биз бу ерга йиғилиб, муҳокама қилаётганимизда, бир неча йўналишда жанг кетмоқда. Аммо душман ҳеч бир ҳудудда муваффақият қозона олмади».

Россия армиясининг йўқотишлари ҳақида

«Украина катта йўқотишларга учраяпти. Бунинг учун Худога шукур айтамиз. Улар шахсий таркибдаги йўқотишлар бўйича фалокатли кўрсаткичга яқинлашмоқда. Йўқотишлар санитар бўлиши ёки қайта тикланмас бўлиши мумкин. Одатда тикланмайдиган йўқотишлар 25 фоизни ташкил қилади, максимал 30 фоизни. Уларда 50 фоизгача. Бизнинг йўқотишларимиз Украина Қуролли Кучлари йўқотишларидан 10 баравар кам. Шахсий таркиб бўйича йўқотишларимизни айтиб ўтирмайман, буни Мудофаа вазирлиги айтсин. Улар ҳисоблаб боради».

Каховка ГЭС тўғонининг вайрон бўлиши ҳақида

«Ким айбдор экани аниқ. Украина томони бунга интилаётган эди. Биласизми, мен ҳозир 100 фоиз ишончим комил бўлмаган гапларни айтмайман. Умуман олганда, биз катта портлашни қайд этмадик. Лекин гап шундаки, бу вайронагарчилик содир бўлишидан олдин улар HIMARS ракеталари билан тўғонга атайлаб қайта-қайта зарба беришди. Мана гап нимада».

Каховка ГЭС билан боғлиқ экологик оқибатлар ҳақида

«Федерал тиббий биология агентлиги билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишлаяпти. Чунки энди экологик хавфсизлик ва санитария хавфсизлиги масаласига жиддий ёндашишимиз керак. Чунки чорва қабристонлари, одам қабристонлари сув остида қолди. Бу жиддий муаммо, аммо уни ҳал қилиш мумкин. Шунингдек, кимёвий мудофаа қўшинларини ҳам жалб қилиш керак бўлади. Биргаликда, кучларни бирлаштириб, барча муаммоларни ҳал қиламиз, деб ўйлайман. Бу сув таъминотига ҳам тааллуқлидир. Афсуски, кўплаб чорва моллари ва ёввойи ҳайвонлар нобуд бўлди. Биз ҳудудни тартибга келтиришимиз ва тозалашимиз керак».

Украина ҳарбий-саноат комплекси ҳақида

«Демилитаризация. Биз буни аста-секин, услубий тарзда амалга оширмоқдамиз. Украина ҳарбий-саноат комплекси нима қилмоқда? «Леопард» танки, «Бредли» ёки F-16 самолётини ишлаб чиқармоқдами? Ишлаб чиқармайди. Украина мудофаа саноати яқинда йўқ бўлиб кетади. Улар нима ишлаб чиқармоқда? Ўқ-дорилар, қуроллар, ҳамма нарса четдан келтириляпти. Бу билан узоққа боролмайсиз».

Россияда ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисида

«Албатта, хавфсизликни қандай таъминлаш ҳақида ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам, халқнинг ўзи ҳам ўйлаб кўриши ва таъминлаши керак. Лекин умуман олганда, бутун мамлакат бўйлаб қандайдир махсус режим - ҳарбий ҳолат жорий этишдан маъно йўқ. Бундай эҳтиёж йўқ».

Сафарбарликнинг янги тўлқини ҳақида

«Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, табиийки, бугун сафарбарликка эҳтиёж йўқ. 2023 йил январидан бери Россия армиясига 156 мингга яқин одам, жумладан, контрактчилар ва кўнгиллилар жалб қилинди. Ўтган ҳафтанинг ўзида Россия Мудофаа вазирлиги билан 9,5 минг киши шартнома имзолади».

Сафарбарлик муддатлари ҳақида

«Қонунда аниқ муддатлар кўзда тутилмаган ва бунинг учун биринчи навбатда шахсий таркибнинг мавжудлиги, фронтдаги вазият қандай ривожланаётгани, махсус ҳарбий операциянинг ўзи қандай кетаётганига қараб ҳаракат қилиш керак. Аммо, бир кун келиб одамларни уйларига қайтариш керак. Бу Мудофаа вазирлигида муҳокама қилинмоқда, бу арзийдиган масала».

Россияга кўплаб қурол турлари етишмаётгани ҳақида

«Махсус ҳарбий операция давомида кўп нарса етишмаётгани маълум бўлди. Булар юқори аниқликдаги ўқ-дорилар, алоқа воситалари, самолётлар, дронлар ва бошқалар. Бизда улар бор, афсуски, бизда улар миқдор жиҳатдан етишмаяпти. Бизда йил давомида асосий қурол турлари бўйича ишлаб чиқариш 2,7 баробар, энг кўп талаб қилинадиган соҳалар бўйича эса 10 баробар ўсди».

Украина ҳудудида санитар зонасини яратиш тўғрисида

«Албатта, чегарани мустаҳкамлашимиз керак. Агар у ерга борсангиз, бу жараён кетаётганини кўришингиз мумкин. Бу жуда тез бажарилмоқда. Бу вазифа ҳал бўлади.

Украина томонидан Россия чегарадош вилоятларига ҳужумлар билан боғлиқ муаммо бор. Бу, менимча, қисмларимизни, кучларимизни чалғитиш, шу тарафга йўналтириш, Украина Қуролли Кучларининг эҳтимолий ҳужуми йўналтириладиган ҳудудлардан олиб чиқиш билан боғлиқ. Биз буни қилишимиз шарт эмас, лекин, албатта, фуқароларимизни ҳимоя қилишимиз керак. Чегаралар мустаҳкамланганига қарамай, Россия ҳудудини Украина ҳудудидан ўққа тутиш эҳтимоли сақланиб қолмоқда. Агар бу давом этаверса, биз ўйлаб кўришимиз керак бўлади. Украина ҳудудида шундай масофада қандайдир санитар зонани яратиш керак бўладики, у ердан ҳудудимиз бўйлаб зарба бериш имконсиз бўлиши керак. Бу алоҳида масала - мен эртага бу ишни бошлаймиз, демайман. Вазият қандай ривожланишини кўришимиз керак».

Хусусий ҳарбий компаниялар мақомини қонунга мувофиқлаштириш зарурлиги ҳақида

«Мен Давлат Думаси депутатлари ва Мудофаа вазирлигидан ҳамма нарсани соғлом фикрга, ўрнатилган амалиёт ва қонунга мувофиқлаштиришни сўрадим. Биз, албатта, одамларни қандайдир ноқулай аҳволга солиб қўймаслигимиз керак. Биринчидан, ҳамма, ким, қандай лавозимда бўлишидан қатъи назар, олдинги сафда бўлишидан қатъи назар, уларнинг барчаси Ватан ҳимоячисидир. Ватан уларнинг тайёргарлиги учун тўлиқ жавобгар бўлиши керак. Ҳамма тенг ҳолатда бўлиши керак. Бунинг учун қонунга тегишли ўзгартиришлар киритиш зарур».

Ғалла битими ҳақида

«Афсуски, биз яна бир бор алдандик - ғалламизни ташқи бозорларга етказиб беришни либераллаштириш борасида ҳеч нарса қилинмади. Бу юк ташиш, суғурта, тўловлар, бизнинг Россия қишлоқ хўжалиги банкининг SWIFT тизимига уланиши билан боғлиқ. Ғарбликлар БМТ раҳбарлигида бажариши керак бўлган кўплаб шартлар бор эди. Ҳеч нарса қилинмади. Ҳозир бу «ғалла битими»дан чиқиш ҳақида ўйлаяпмиз».

Кучсизлантирилган уранли қуроллар ҳақида

«Россияда ҳам бундай қуроллар бор. Бунда огоҳлантириб ўтириш ҳам шартмас. Агар улар қуролдан фойдаланса, биз ҳам бундай қуролдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қоламиз. Улар бизда мавжуд, аммо биз фойдаланмаймиз. Ундан фойдаланиш яхши оқибатларга олиб келмайди, лекин биз бунга қодирмиз».

Тинчликка олиб келиши мумкин бўлган музокаралар ҳақида

«Биз ҳеч қачон Украинада тинчликка олиб келиши мумкин бўлган музокараларни ўтказишдан бош тортганимиз йўқ. Умуман олганда, Ғарбнинг ёндашуви шундайки, Украина манфаатларига риоя қилиш зарур. Улар муаммони ҳал қилиш калити ўзлари томонида эканини тушунишади. Агар улар ҳақиқатан ҳам ҳозирги можаронинг барҳам топишини истаса, фақат битта қарор қабул қилиши керак – Киевга қурол етказиб беришни тўхтатиш».

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин Украинадаги уруш, Каховка ГЭС, сафарбарлик, хусусий ҳарбий компаниялар ва ғалла битими ҳақида нималар деди?
ePN