Киевга Американинг F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш “Россия ва Украина ўртасидаги қуролли можарода НАТОнинг кейинги иштироки учун жиддий хавф туғдиради”, деди жума куни Россия президенти Владимир Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи мажлисида сўзлаган нутқида.
Путиннинг баёнотларидан кўриниб турибдики, Москва НАТОга аъзо давлатлар ҳудудига, агар самолётлар жойлаштириладиган бўлса, уларга зарба беришни истисно этмайди.
“Агар улар (F-16 самолётлари) Украинадан ташқаридаги ҳаво базаларида жойлашган бўлса ва жанговар ҳаракатларда фойдаланилса, Россия унга қарши жанговар ҳаракатларда қўлланиладиган қуролларни қандай ва қаерда йўқ қилиши мумкинлигини кўриб чиқади”, — дея Путиндан иқтибос келтиради Интерфакс.
Ҳозиргача Европанинг камида бешта давлати - Белгия, Буюк Британия, Дания, Нидерландия ва Норвегия хусусий равишда Украинага F-16 самолётларини беришга тайёр эканликларини маълум қилишди, иккитаси - Голландия ва Полша аллақачон Украина учувчилари билан машғулотларни бошлаган.
Узоқ вақт давомида Киевга ҳарбий авиация берилишига қарши бўлган Қўшма Штатлар ҳам НАТО давлатлари таркибида бўлган қирувчи самолётларни етказиб беришга яшил чироқ ёқди.
Британия халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) маълумотларига кўра, бу давлатлар камида 125 та F-16 қирувчи самолётини тўлиқ жанговар шай ҳолатда таъминлашга қодир. Киев 24 дан 36 тагача шундай самолёт сўрамоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!