17:18 / 23.06.2023
269

АҚШ сенаторлари: Украинада ядро қуролидан фойдаланиш НАТОга ҳужум бўлади

АҚШ сенаторлари: Украинада ядро қуролидан фойдаланиш НАТОга ҳужум бўлади

Линдси Грэм / Фото: Reuters

АҚШ Сенати Россия ёки Беларус томонидан Украина ҳудудида ядровий портловчи қурилмадан ҳар қандай фойдаланишни НАТОга ҳужум сифатида кўриб чиқишни таклиф қилувчи резолюция лойиҳасини тайёрлади, деди республикачи сенатор Линдси Грэм резолюция ҳаммуаллифи, демократ сенатор Ричард Блюментал билан 22 июнь, пайшанба куни кечқурун қўшма матбуот анжуманида.

«Бугун биз резолюцияни киритдик, агар Россия ёки Беларус Украина ҳудудида қарши ҳужумни тўхтатиш ёки Украина халқининг иродасини бостириш мақсадида ядровий қурилмани портлатиб юборса, бундай ҳужум НАТОга ҳужум сифатида баҳоланиши керак», - деди Грем.

Унинг сўзларига кўра, Россия Украинада ядро қуролидан фойдаланиш «НАТОнинг оммавий жавобига сабаб бўлишини ва у НАТО билан уруш ҳолатида бўлишини» ҳисобга олиши керак. Twitter’даги микроблогида Линдси Грэм тактик ядро қуролидан фойдаланиш ёки ядровий объектни йўқ қилиш радиоактив ифлосланишни, жумладан, НАТО ҳудудига олиб келиши сабабли, Шимолий Атлантика альянси коллектив хавфсизлик бўйича 5-моддани қўллаши кераклигини тушунтирди.

Матбуот анжумани чоғида Грэм АҚШ президенти Жо Байден яқинда Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидини реал деб атаганини эслатди. Бу таҳдид Кариб денгизи инқирозидан кейинги энг юқори кўрсаткичдир ва бундай сценарийнинг олдини олишнинг энг яхши йўли россияликларга бундай ҳаракатлар оқибатларини аниқ тушунтиришдир, деди сенатор.

Ўз навбатида, Ричард Блюментал Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми тобора кўпроқ муваффақият келтира бошлагач, Россия Украинага қарши ядро қуролини қўллаш ёки Запорижжя АЭСни портлатиш васвасасига тушиши ҳақида фикр билдирди.

Сенаторлар томонидан тайёрланган резолюция фақат маслаҳат характерига эга ва қабул қилинган тақдирда, Оқ уй уни амалга оширишга мажбур бўлмайди.

Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов икки америкалик сенаторнинг ташаббусини танқид қилди. «Россия томонидан тактик ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳақидаги тахминлар бемаъни. АҚШ қонунчиларининг провокацион ва узоқни кўрмайдиган баёнотлари фақат тарангликнинг кучайишига ёрдам беради ва вазият янада хавфли чизиққа тушиш хавфини оширади», - деди Антонов.

У резолюцияни америкалик «русофоб сенаторлар»нинг навбатдаги «ақлдан озган ташаббуси» деб атади. Антонов, шунингдек, Россия Беларусда ядро қуролини мутлақо қонуний асосда жойлаштирганини таъкидлади - худди Қўшма Штатлар «ўнлаб йиллар давомида Европа иттифоқчилари ҳудудларида ядровий бомбаларни жойлаштиргани» каби.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ сенаторлари: Украинада ядро қуролидан фойдаланиш НАТОга ҳужум бўлади
ePN