13:13 / 24.06.2023
429

“Вагнер” раҳбари Пригожин Россияда “адолатли марш” бошлади

23 июнь, жума куни кечқурун “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ва Россия Мудофаа вазирлиги ўртасидаги узоқ йиллик можаро қайноқ нуқтага етди. Пригожиннинг айтишича, Россия армияси шахсан Сергей Шойгунинг рухсати билан “Вагнер” лагерларига ракета ҳужуми уюштирган (Мудофаа вазирлиги буни рад этмоқда).

Шундан сўнг Пригожин “адолат маршини” бошлашга ваъда берди, кўпчилик бу таҳдидни ҳарбий тўнтариш уюштиришга уриниш сифатида қабул қилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати Пригожинга қарши қуролли тўнтаришга уриниш бўйича иш очди.

Евгений Пригожиннинг видеомурожаатида Россия Мудофаа вазирлиги Украина урушининг бориши ҳақидаги ёлғон баёнотлар билан президент Владимир Путин ва бутун жамоатчиликни алдаётгани айтилади. Унинг сўзларига кўра, урушнинг биринчи кунида Шойгунинг хатоси сабаб Россия армиясининг минглаб энг яхши тайёрланган ҳарбийлари ҳалок бўлган.

24 июнга ўтар кечаси Ростов-Дон шаҳри “Вагнер” жангчилари томонидан босиб олинди. Шаҳар марказини Евгений Пригожинга бўйсунувчи қуролли шахслар эгаллади.

Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, улар Жанубий ҳарбий округ штаб-квартираси, шаҳар маъмурияти, ФХХ ва Ички ишлар вазирлиги бошқармаларини ўраб олган. “Вагнер” асосчисининг ўзи унинг одамлари шаҳардаги барча ҳарбий объектларни, шу жумладан “аэродромни” ҳам назоратга олганини эълон қилди. Кўчаларда танклар бор. Ростов вилояти губернатори Василий Голубев Ростов-Дон аҳолисидан “шаҳар марказига бормасликни ва иложи бўлса, уйларини тарк этмасликни” сўради.

24 июнь куни эрталаб Пригожин Россия Мудофаа вазирлиги ва Бош штаб раҳбарларининг ўринбосарлари билан учрашди. У Сергей Шойгу ва Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилмагунча, ёлланма аскарлар “Ростовни тўсиб, Москвагача боришини” айтди.

Пригожин унинг жангчилари ўтган кечада Россия Мудофаа вазирлигининг иккита вертолётини уриб туширганини ҳам даъво қилди. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, биринчи вертолёт “фуқаролик карвонига ўт очган”, иккинчиси эса “Вагнер”нинг ҳужум отрядига зарба берган.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Путин яқин соатларда мурожаат билан чиқишини эълон қилди.



Вагнер, Пригожин, Россия, Ростов-Дон

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Вагнер” раҳбари Пригожин Россияда “адолатли марш” бошлади