23 июнь, жума куни кечқурун “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ва Россия Мудофаа вазирлиги ўртасида анчадан бери давом этаётган можаро ўзининг қайноқ нуқтасига етди. Пригожиннинг айтишича, гўёки шахсан мудофаа вазири Сергей Шойгунинг рухсати билан “Вагнер” лагерларига ракета зарбалари берилган (вазирликнинг ўзи бу айбловни рад этди). Шундан сўнг Пригожин “адолат маршини” бошлашга ваъда берди — кўпчилик бу таҳдидни ҳарбий тўнтариш уюштиришга уриниш сифатида қабул қилди. Федерал хавфсизлик хизмати қуролли тўнтаришга уриниш моддаси бўйича иш очди.
Россиялик генераллар “Вагнер”га “президентга ортдан пичоқ урмаслик” илтимоси билан мурожаатлар ёзиб олаётган бир пайтда, Москва ҳарбий гарнизони жанговар ҳолатга келтирилди, СОБР ва ФХХ Дон трассасига блокпостлар ўрната бошлади, дейди BBC нашри манбалари.
Москва шаҳри ва Москва вилоятидаги ФХХ бўлимларига тревога берилди, Москва ва Ростов кўчаларида бронетранспортёрлар кўринди, Кремль эса “барча зарур чоралар”ни кўришга ваъда берди.
Пригожин ҳарбийларни нимада айблаяпти ва Россия ҳукумати бунга қандай муносабат билдирмоқда?
23 июнь куни Евгений Пригожин навбатдаги шов-шувли видео эълон қилди. Унинг матбуот хизмати томонидан тарқатилган видеода “Вагнер” асосчиси Россия қўшинлари Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми фонида Запорижжя ва Херсон йўналишларида чекинаётганини айтди, Мудофаа вазирлигини Россия президенти Владимир Путинни алдаётганликда айблади ҳамда Украинадаги урушни бошлашга умуман ҳожат бўлмаган, “ёмон режалаштирилган операция” дея таърифлади.
Видеода Пригожин Сергей Шойгу манзилига навбатдаги айбловларни ёғдирди. Куннинг иккинчи ярмида Пригожин Тергов қўмитасига Шойга ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов устидан шикоят қилиб, ариза юборганини эълон қилди.
Кечқурун Пригожинга алоқадор бўлган “Разгрузка Вагнера” Телеграм канали вагнерчиларнинг қайсидир базаси ҳужумга учрагани тасвирланган видео жойлаштирди. Москва вақти билан соат 21:00 дан кейин, “Вагнер” асосчиси ёлланма аскарлар лагерига ракета зарбаси берилгани ҳақида хабар берди.
“Қурбонлар кўп. Зарба орқа томондан берилган, яъни Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари томонидан”, – деди Евгений Пригожин. Катта эҳтимол билан, гап “Вагнер” жангчилари Бахмутдаги бир неча ойлик жанглардан сўнг чекинган лагерлар ҳақида кетмоқда.
Пригожиннинг сўзларига кўра, вагнерчилар гўёки “Мудофаа вазирлигига ён беришга, қуролларини топширишга ва мамлакатни ҳимоя қилишни қандай давом эттиришга ечим излашга тайёр эди”. “Аммо бу жирканч одамлар тинчланмади”, дея чиқиш қилди тадбиркор ва “Вагнер” “бу ваҳшийликка қандай жавоб беришни” ҳал қилишига ваъда берди. Кейин эса Сергей Шойгуни назарда тутган ҳолда, “бу ҳайвон тўхтатилади” дея қўшимча қилди.
Пригожин ва Мудофаа вазирлиги ўртасидаги зиддият
Евгений Пригожин ва Мудофаа вазирлиги ўртасидаги очиқча зиддият 2022 йил бошланди ва 2023 йилнинг баҳорида авж олди.
2022 йил кузда Пригожин Россия армияси ва унинг ҳарбий раҳбарларини Украинанинг Херсон ва Харкив вилоятларига қарши ҳужуми пайтидаги муваффақиятсизликлар учун очиқ танқид қилганлар қаторида эди. Кейин эса “Вагнер” асосчиси Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ёлланма аскарларнинг Украина шарқидаги жанглардаги хизматларини тан олишдан бош тортганидан очиқчасига шикоят қилди.
2023 йил февраль ойида Пригожин биринчи марта ҳарбийларни сунъий равишда “снаряд очлиги”ни яратганликда ва “Вагнер”га Бахмутга ҳужум қилиш учун етарли ўқ-дори бермаётганликда айблади. Мудофаа вазирлиги бу айбловларни рад этди.
Кейинчалик можаро шахсий зиддиятга айланди — Пригожин мунтазам равишда Сергей Шойгу ва Валерий Герасимовни ҳақорат қилди. Май ойида эса ҳатто уларга ультиматум қўйиб, агар унга снарядлар берилмаса, Бахмутдан жангчиларини олиб чиқиш билан таҳдид қилди. Пригожин таҳдидни ҳақиқатда амалга оширмади, лекин орадан кўп ўтмай, “Вагнер” аскарлари шаҳарни эгаллаб олганликларини эълон қилди ҳамда ўз позицияларини Россия армиясининг мунтазам бўлинмаларига топшириб, Бахмутни чиндан тарк этди.
Мудофаа вазирлиги билан можаро фонида Пригожиндан “Вагнер” сафларини тўлдиришнинг асосий манбаларидан бири бўлган рус маҳбусларини жангчиликка ёллаш имкониятини тортиб олишди — эндиликда бундай ёллаш билан армиянинг ўзи шуғулланади.
Россия армияси чиндан ҳам “Вагнер” лагерларига ҳужум қилганини тасдиқловчи мустақил манбалар йўқ.
Россия Мудофаа вазирлиги Пригожиннинг баёнотларини “ҳақиқатга тўғри келмайдиган” “ахборот провокацияси” деб атади.
Ҳозирча ҳужумнинг ягона “далили” гўёки зарба оқибатлари акс этган “Разгрузка Вагнера” Телеграм каналининг видеоси бўлиб қолмоқда. У мобил камерада суратга олинган, видеоёзувда ўрмондаги тош билан қопланган йўлак бўйлаб югураётган икки нафаси ичига тушган одамнинг одобсиз сўзларга тўла суҳбатини эшитиш мумкин.
“Бу нима эди? Украинлар зарба берди чоғи?», деган улардан бири. “Қанақа украиналиклар, улар бунча масофадан уролмайди” дея жавоб қайтарган иккинчи одам. Шундан сўнг, видео қаҳрамонлари зарба берилган жойга етиб боради. Кадрларда инсон қолдиқлари ва куйган дарахтлар акс этган.
Видео тасвирга олинган жойнинг геолокациясини аниқлашнинг иложи йўқ. Аммо Bellingcat тадқиқотчиси Арик Толер видеодаги кадрлар бир кун аввал Пригожинга яқин бўлган РИА ФАН журналисти Александр Смирнов (телеграм канали “Позывной Брюс”) томонидан суратга олинган Вагнер базасига ўхшашлигига эътибор қаратган.
“Вагнер командирлар кенгаши қарор қабул қилди. Мамлакат ҳарбий раҳбарияти олиб бораётган ёвузликка чек қўйилиши керак”, деди Пригожин Москва вақти билан соат 22:30 да.
У “Президент ҳокимияти, ҳукумат, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва бошқа тузилмалар одатдагидек ишлашда давом этишига” ваъда бериб, уни эшитганлардан “қаршилик кўрсатмасликни” сўради. Пригожин фақатгина “рус аскарларини йўқ қилаётганлар билан” “гаплашиб олишга” ваъда берди.
Кейинроқ Пригожин Сергей Шойгу “аёл каби қўрқоқ”лигини ва Ростовдан қочиб кетганини эълон қилди. Унинг айтишича, вазир гўёки “Вагнер” базасига ракета ҳужумларига рухсат бериш учун Ростовга келган. Шундан сўнг, у «25 минг киши мамлакатда нима учун бундай тартибсизлик ҳукм сураётганини аниқлаш учун кетаётганини хабар қилган.
Бу вақтга келиб, тахминий фуқаролар уруши аллақачон оммавий ахборот воситалари ва Tелеграм каналларида фаол муҳокама қилина бошланди ва улар содир бўлаётган воқеаларни тўнтариш деб атади.
“Бу ҳарбий тўнтариш эмас. Бу адолат маршидир. Бизнинг ҳаракатларимиз қўшинларга ҳеч қандай халақит бермайди”, дея муносабат билдирган Пригожин ўз матбуот хизмати орқали. Шу билан бирга, у бу “марш” айнан қаерга кетаётганига аниқлик киритмаган.
Кейин “Вагнер” асосчиси, кўплаб рус ҳарбийлари уни қўллаб-қувватлаётганини эълон қилган яна бир нечта хабар ёзди.
Ҳозирда вагнерчиларнинг Россия чегараларида ёки ундан ташқарида рус армияси билан қандайдир жангларда қатнашаётгани ҳақида ҳеч қандай аломатлар йўқ.
Россия ҳукумати содир бўлаётган воқеаларга қандай муносабатда билдирди?
Илгари Россия расмийлари “Вагнер”нинг Мудофаа вазирлиги билан оммавий можароларига жуда кам муносабат билдирар эди. Аммо ҳозирги кескинлашув охир-оқибат хавфсизлик кучларининг мисли кўрилмаган реакциясига олиб келди.
Кремль Пригожиннинг баёнотларига зудлик билан жавоб қайтарди. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин “Пригожин атрофида юз бераётган вазиятдан” хабардор эканини айтди ва “барча зарур чоралар кўрилаётганини” қўшимча қилди.
Ва кейин Миллий аксилтеррор қўмитаси қуролли исёнга чақириш бўйича жиноий иш қўзғатилганини эълон қилди.
“Евгений Пригожин номидан тарқатилган айбловлар ҳеч қандай асосга эга эмас. Ушбу баёнотлар сабаб Россия ФХХ қуролли исёнга чақириш факти бўйича жиноий иш қўзғатди. Биз ноқонуний ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни талаб қиламиз”, — дейилади Миллий аксилтеррор қўмитаси баёнотида.
Пригожин содир бўлаётган воқеалар ва давлат тўнтариши айбловлари бўйича аудиомурожаат эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, “Вагнер” бўлинмалари давлат чегарасини “ҳамма жойларда” кесиб ўтган, чегарачилар “жангчилар билан қучоқлашган”, Мудофаа вазирлиги бўлинмалари эса “четга чиққан”.
Пригожиннинг сўзларига кўра, “муддатли чақирилувчилар, ўн саккиз ёшли йигитчалар унга қарши қўйилган”, бироқ у “болалар билан урушмайди, шунинг учун улар тирик қолади ва оналари ёнига қайтади”.
Ярим тундан кейин Бош прокуратура Евгений Пригожиннинг шахсан ўзига нисбатан жиноий иш қўзғатилганини эълон қилди. Бундан ташқари, Бош прокуратура баёнотида энди “чақириқлар” ҳақида эмас, “қуролли исён уюштириш факти” ҳақида гап кетганди.
«2023 йил 23 июнь куни Россия ФХХнинг Тергов бўлими Пригожинга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 279 моддасига биноан қуролли қўзғолон уюштириш факти бўйича қонуний ва асосли равишда жиноий иш қўзғатди”, дея хабар берди Бош прокуратура.
279 модда — “Қуролли исён” 12 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосини назарда тутади. Унда “Россия Федерациясининг конституциявий тузумини ағдариш ёки куч билан ўзгартириш ёки ҳудудий яхлитликни бузиш мақсадида қуролли қўзғолон уюштирганлик ёки унда фаол иштирок этганлик” учун айблови мавжуд. “Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги федерал қонунга кўра — қуролли қўзғолон фавқулодда ҳолат жорий этиш мумкин бўлган ҳолатларидан бири.
Россия тарихида ушбу модда бўйича судланган энг машҳур инсон истеъфодаги Бош разведка бошқармаси полковниги Владимир Квачков эди — у гўёки ҳокимиятни қўлга киритиш учун Москвага қарши қуролли юриш уюштиришни режалаштирганликда айбланган. 2013 йилда Москва шаҳар суди уни 13 йилга озодликдан маҳрум қилди, кейинчалик бу муддат қисқартирилди. Аммо бошқа россияликлар ҳам мунтазам равишда 279-модда бўйича судланган, асосан Шимолий Кавказдаги тузилмалар аъзолари.
Жиноят иши ҳақидаги хабарлардан сўнг ФХХ Жамоатчилик билан алоқалар маркази Пригожиннинг баёнотлари ва ҳаракатларини “ҳарбийларнинг орқасига пичоқ уриш” деб атади. “Вагнер” асосчисининг сўзлари махсус хизмат томонидан “қуролли тўқнашувни бошлашга чақириқ” сифатида баҳоланди ва бундан ташқари, Пригожиннинг қўл остидагиларидан уни ҳибсга олишда ёрдам беришни сўралди.
“Биз “Вагнер” жангчиларини тузатиб бўлмайдиган хатога йўл қўймасликка, рус халқига қарши ҳар қандай зўравонлик ҳаракатларини тўхтатишга, Пригожиннинг жиноий ва хоинона буйруқларини бажармасликка ва уни ҳибсга олиш чораларини кўришга чақирамиз”, — дейилади ФХХ баёнотида.
Тунда Бутунроссия давлат телерадиокомпанияси ходими Андрей Руденко Украинага бостириб киришда қатнашган қўшинларнинг собиқ қўмондони генерал Сергей Суровикин томонидан ёзиб олинган видеомурожаатни эълон қилди.
“Вагнер” асосчиси сўнгги ойларда Суровикин ҳақида фақат хушомад билан гапирган. Баҳорда Пригожин генерал Суровикин “Вагнер” ва Мудофаа вазирлиги орасидаги можаро фонида уларнинг ўртасида алоқа ўрнатиш билан шуғулланaётганини айтганди.
“Мен “Вагнер” раҳбарияти, командирлари ва жангчиларига мурожаат қиламан. Биз бирга курашдик, йўқотишларга учрадик, бирга ғалаба қозондик. Биз бир қонмиз, биз жангчилармиз. Мен сизни тўхташга чақираман, душман мамлакатимиздаги ички сиёсий вазиятнинг ёмонлашишини кутмоқда. Уларнинг қўлида ўйнаш мумкин эмас. Кеч бўлмасдан олдин, сиз Россия Федерацияси халқ томонидан сайланган президентининг иродаси ва буйруғига бўйсунишингиз, колоннани тўхтатишингиз, уларни доимий жойлашув пунктларига қайтаришингиз керак. Бош қўмондон раҳбарлигида барча муаммоларни фақат тинч йўл билан ҳал қилинг”, деган Суровикин. У қайси колонналар ҳақида гап кетаётгани ва улар қаерга кетаётганига аниқлик киритмаган.
Яна бир шундай мурожаат (катта эҳтимол билан, ҳатто ўша хонада ёзилган), Бош штаб Бош разведка бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари генерал Владимир Алексеeв номидан “Комсомольская правда” ходими Александр Коц томонидан эълон қилинган.
“Ҳозир содир бўлаётган воқеа мен аҳмоқликдан бошқа нарса эмаслигини айта оладиган даҳшатли фактдир. Мамлакатимиз оғир аҳволда, бутун Ғарб дунёси бизга қарши қурол кўтарган. Сиз ҳозир кимнингдир провокацион ғояси билан амалга ошира бошлаган бундай ишлар катта йўқотишларга олиб келади – биринчи навбатда, сиёсий. Тасаввур қилинг, сиз ҳозир қилмоқчи бўлаётган ишни Ғарб қандай жўшқинлик билан қабул қилади. Ниятингиз қандай бўлишидан қатъий назар, бу мамлакат ва президентнинг орқасига пичоқ уришдир”, деган Алексеев.
“Вагнер командирлари энг истиқболли сиёсатчисига содиқ қолади ва унинг ҳар қандай буйруғини бажаради. На ФХХ, на Суровикин бошланган ишни тўхтата олмайди”, деб жавоб берган “Вагнер” билан алоқадор AP Wagner канали.
Генераллар “Вагнер”дан қўзғолонни тўхтатишни сўраётган бир пайтда, Россия Мудофаа вазирлиги Украина ҳарбийлари “Вазиятни тартибсизлантирувчи Пригожиннинг провокациясидан фойдалангани” ва Бахмут яқинида ҳужум қилиш учун кучларни жамлай бошлаганидан шикоят қилди.
Буларнинг барчаси ҳақида Биринчи канал Москва вақти билан соат 1:30 да намойиш этилган махсус ахборот релизида айтиб ўтди. Кўрсатув бир неча дақиқа давом этди.
Москва ва Ростовда хавфсизлик кучларига тревога берилди
Хавфсизлик хизматларига яқин манбанинг BBC нашрга айтишича, 23 июнь куни кечқурун ФХХ’нинг Москва бўлимига тревога берилган. Армия доираларидаги манбанинг айтишича эса, Москва гарнизони ҳам жанговар ҳолатга келтирилган. Махсус хизматларга яқин бўлган манбанинг таъкидлашича, Москвада “Қалъа” режаси жорий этилган — бу полиция ходимларини фавқулодда йиғишни ҳамда Ички ишлар вазирлиги, Федерал хавфсизлик хизмати ва Федерал жазони ижро этиш хизматининг энг муҳим объектларни назорат остига олишни назарда тутади.
Пойтахтдаги ГРОМ, СОБР ва Альфа бўлинмаларига яқин бўлган BBC манбаларининг айтишича, “уларнинг ҳам ҳаммаси казармага чақирилган ва ўша ерда кутиш буюрилган”.
“Хўш, умуман олганда, ҳамма тайёр, ҳамма эртанги кунни кутмоқда. Ҳеч ким аниғини билмайди. Ёки жиддий нарса юз бермоқда, ёки бошлиқлар эҳтиёткорликни кучайтирмоқда”, дейди манбалардан бири.
Ярим тунда пойтахт марказига зирҳли техникалар келгани тасвирланган кадрлар пайдо бўлди. Гувоҳларнинг хабар беришича, юк машиналари ва занжирли транспортлар Катта Дмитровка, Моховая ва Лубянка майдони бўйлаб ҳаракатланмоқда.
BBC нашрининг армия доираларидаги суҳбатдоши сўзларига кўра, “Дон” шоссесида (бу Москва-Воронеж-Ростов-Дон йўли) ФХХ СОБР (Миллий гвардия қўшинларининг оператив бўлинмалари) ёрдамида блокпостлар ўрнатмоқда. У ерда навбатда турганларга “хавф туғилганда” ўт очиш буюрилган. Шу билан бирга, техникалар ҳам жанговар ҳолатида, бироқ уларни ҳаракатлантириш бўйича қисмлар ҳали буйруқ олмаган.
“Улар эса у ерда маст ҳолатда, чунки жума-ку, кимдир дўстлари билан ўтирган, кимдир туғилган кунда бўлган. А бу ерда бум! Ҳамма тезлик билан сафарбар қилинди”, дейди манба.
Манбанинг сўзларига кўра, Ростов маркази ҳозир ҳақиқатан ҳам ёпиб қўйилган. Унинг таъкидлашича, тревога даражаси “оддий фавқулодда вазиятлардагидан жиддийроқ”. Шу билан бирга, Ростовдан 500 километр узоқликдаги Курск шаҳрида “ҳаммаси тинч”, дея қўшимча қилади у.
Кутилганидек, Санкт-Петербургда журналистлар вазиятни билиш учун 2022 йил баҳорида дабдаба билан очилган “Вагнер” марказига борган, аммо оммавий ахборот воситалари бино атрофида ҳеч қандай фаолликни топмаган.
Пригожин, Шойгу, Вагнер, Ростов-Дон «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг