date
views 412

«Вагнер» исёни: Ғарб Россиядаги воқеаларни диққат билан кузатиб боряпти

«Вагнер» исёни: Ғарб Россиядаги воқеаларни диққат билан кузатиб боряпти

Фото: ТАСС

Хорижий давлатлар Россиядаги ҳарбий исёнга вазминлик билан муносабатда бўлиб, вазият ривожини диққат билан кузатиб бораётганини таъкидламоқда. Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк «Россияда ҳамма нарса эндигина бошланмоқда», деб ҳисоблайди.

Бир қатор Ғарб давлатлари вакиллари 24 июнь, шанба куни уларнинг раҳбарияти Россияда «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожиннинг исёни муносабати билан содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатиб бораётганини маълум қилди.

Шу тариқа, Германия ҳукумати вакили сўровга жавобан Берлин Москвадаги расмийлар ва «Вагнер» ХҲК ўртасида қарама-қаршилик атрофидаги воқеаларни «яқиндан кузатаётганини» билдирди, деб хабар берди Reuters ва AFP.

Берлиндаги ҳукумат матбуот котиби ўринбосари Кристиане Хоффман Россия президенти Владимир Путин ўз мурожаатида мамлакатдаги ҳозирги вазиятни «1917 йил билан» солиштирганига эътибор қаратди.

Европа Иттифоқи ҳам Россиядаги вазиятнинг ривожини диққат билан кузатиб бормоқда. «Европа етакчилари ва G7 ҳамкорлари билан алоқа йўлга қўйилган», деб ёзди Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел Twitter’да. У воқеалар ривожини «Россиянинг ички муаммоси» деб атади ва Европа Иттифоқининг Украинани қўллаб-қувватлаши собит бўлишига ишонтирди.

Оқ уй Россиядаги «вазиятни кузатмоқда» ва АҚШ президенти Жо Байден воқеалар ривожи ҳақида маълумот олди, деди Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Адам Ходж. «Биз вазиятни кузатмоқдамиз, иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан бу ўзгаришлар бўйича маслаҳатлашамиз», дейилади Ходжнинг баёнотида.

Елисей саройи матбуот хизмати Франция президенти Эммануэл Макрон Россиядаги ҳарбий исён билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бораётганига ишора қилиб, Париж «Украинани қўллаб-қувватлашга эътибор қаратганини» таъкидлади.

Италия бош вазири Жоржа Мелони «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарларининг исёни Украинадаги уруш мамлакат ичида беқарорликка олиб келаётганининг исботи сифатида қарайди, дейилади унинг матбуот хизмати баёнотида. Мелони шанба куни қатор вазирлар ва хавфсизлик хизматлари вакиллари иштирокида фавқулодда йиғилиш ўтказилиши режалаштирилганини маълум қилди.

Римдаги Ташқи ишлар вазирлиги Россияда бўлиб турган италияликларни эҳтиёт бўлишга чақирди. Идора бошлиғи Антонио Таяни ТИВ Италиянинг Москвадаги элчихонаси билан алоқада эканлигини таъкидлади.

Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский ватандошларини Россияга саёҳат қилмаслик тўғрисида огоҳлантирди.

Полша президенти Анжей Дуда Россиядаги воқеалар юзасидан йиғилиш ўтказганини маълум қилди. «Россиядаги вазият муносабати билан бугун эрталаб биз бош вазир ва Миллий мудофаа вазирлиги ҳамда иттифоқчилар билан маслаҳатлашувлар ўтказдик. Бизнинг шарқий чегарамиздан ташқаридаги воқеалар ривожи доимий назорат остида», деб ёзди Дуда Twitter’да.

Британия разведкаси кундалик хулосада Пригожиннинг исёнини «сўнгги пайтларда Россия учун энг жиддий чақириқ» деб атади. «Яқин соатларда Россия хавфсизлик кучларининг ва айниқса, Россия Миллий гвардиясининг содиқлиги инқироз қандай ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлади», деб ҳисоблайди вазирлик.

«Элитадаги бўлиниш жуда аниқ, - дейди Украина президенти девонининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк «Вагнер» ХҲК қўзғолонини шарҳлар экан. - Кимдир аниқ ютқазади: ёки Пригожин (мудҳиш финал билан), ёки коллектив «антиПригожин» (гуруҳ ва «Озеро» кооперативи). Россияда ҳамма нарса энди бошланмоқда».

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Вагнер» исёни: Ғарб Россиядаги воқеаларни диққат билан кузатиб боряпти