22:52 / 27.06.2023
201

Кремль ваъда қилганидек, Пригожин исёни бўйича жиноий иш ёпилди

Кремль ваъда қилганидек, Пригожин исёни бўйича жиноий иш ёпилди

Фото: BBC

27 июнь куни «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг (ХҲК) қуролли исёни бўйича очилган жиноят иши ёпилди. Бу ҳақда Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) эълон қилди.

«Вагнер» ХҲК томонидан қуролли исён кўтарилиши факти бўйича қўзғатилган жиноят иши тугатилди», дейилади ФХХ баёнотига таяниб BBC томонидан берилган хабарда.

ФХХ маълумотларига кўра, махсус хизмат томонидан 23 июнь куни Россия Жиноят Кодексининг 279-моддаси (қуролли исён) бўйича қўзғатилган иш бўйича тергов давомида «аниқланишича, 24 июнь куни унинг иштирокчилари бевосита жиноят содир этишга қаратилган ҳаракатларни тўхтатди».

24 июнь куни Беларус президенти матбуот хизмати «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин «қуролли шахсларининг Россия ҳудудида ҳаракатланишини тўхтатиш ва кескинликни пасайтириш бўйича кейинги қадамларни қўйиш» таклифини қабул қилгани ҳақида хабар берди.

Пригожиннинг таъкидлашича, у Москвага 200 км қолганида юришини тўхтатган. Шунингдек, унинг жангчилари Ростов шаҳрида эгалланган Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини тарк этган.

«Вагнерчилар» ўз ҳаракатларини «тўхтатгани» ва баъзи «тергов учун муҳим бўлган бошқа ҳолатлар» ҳисобга олинган ҳолда жиноят иши тўхтатилди, дейилади ФХХ хабарида.

«Вагнер» асосчиси Евгений Пригожинга нисбатан жиноят иши тугатилиши ҳақида 25 июнь куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам хабар берган эди. Бундан олдин Лукашенко «Вагнер» билан келишувга эришгани, улар ўз ҳаракатини тўхтатиши ва дала лагерларига қайтишга рози бўлгани айтилди.

Пригожиннинг ўзи Беларусга кетиши керак, деди Песков. Ҳозир унинг қаердалиги номаълум.

27 июнь куни «Беларускі Гаюн» мониторинг лойиҳаси «Вагнер» асосчисининг шахсий самолёти Минск яқинидаги ҳарбий аэродромга қўнган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Flightradar24 сайти маълумотларига кўра, АҚШ санкциялари ҳужжатларида Пригожин билан боғланган самолётга мос келадиган идентификация кодига эга Embraer Legacy 600 самолёти Беларус пойтахти яқинида пасайган.

Бир кун олдин «Коммерсант» газетаси, кейин эса давлат ахборот агентликлари Пригожиннинг исёни бўйича жиноят иши тергов қилинаётганини ёзди. «Коммерсант»нинг таъкидлашича, жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги қарор «ҳали» бекор қилинмаган, чунки қарор қабул қилинишидан жуда оз вақт ўтган.

Россия президенти Владимир Путин исён ташкилотчиларини жавобгарликка тортишга ваъда берди, аммо шарт билан. «Вагнер» гуруҳи жангчилари ва қўмондонларининг кўпчилиги Россия ватанпарварлари эканини билардик ва биламиз», деди у 26 июнь куни Россия телеканаллари орқали эфирга узатилган мурожаатида.

Исённи бостиришда қатнашган учувчиларнинг ўлимини тан олган Путин, «Вагнер» ёлланма аскарларига учта вариантни таклиф қилди: Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш (Пригожин бунга қатъиян қарши эди), уйга қайтиш ёки Пригожин билан Беларусга кетиш.

«Мен берган ваъда бажарилади», деди Путин, афтидан, жиноий жавобгарликка тортмаслик ҳақидаги ваъдани назарда тутган ҳолда.

Бироқ, Америка урушни ўрганиш институти (ISW) «Вагнер» ва Пригожиннинг Беларус транзити ҳақида изоҳ бериб, Путин ўз ваъдасини бажаришига шубҳа билдирмоқда. ISW шарҳида айтилишича, Кремль Пригожиннинг ортидан Беларусга кетадиганларни катта эҳтимол билан хоин деб билиши мумкин.

«Узоқ муддатли истиқболда ушбу ваъданинг қиймати шубҳали», деб ёзди экспертлар. Уларнинг фикрига кўра, агар Путин сўзидан қайтса, «вагнерчилар»нинг Россияга экстрадиция қилинмаслигига кафолат йўқ.

Айни пайтда, Россия Мудофаа вазирлиги «Вагнер»га тегишли оғир техникаларни армия қисмларига топширишга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди.

Пригожин хусусий ҳарбий компанияси Украинадаги Бахмутни қўлга олишда ва бошқа жанговар ҳаракатларда муҳим роль ўйнади. Тадбиркор Мудофаа вазирлиги билан кескин зиддиятга борди ва бу охир-оқибат исёнга айланди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кремль ваъда қилганидек, Пригожин исёни бўйича жиноий иш ёпилди
ePN