18:42 / 30.06.2023
221

Қирғизистон Иссиқкўл соҳилида янги шаҳар қура бошлади

Қирғизистон Иссиқкўл соҳилида янги шаҳар қура бошлади

Фото: Қирғизистон президентининг матбуот хизмати

Бугун, 30 июн куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Иссиқкўл ёқасида Осмон шаҳри қурилишига тамал тошини қўйди.

Биз марварид кўлимиз – Иссиқўл соҳилида инновацион шаҳар бунёд этиб, уни иқтисодий ва туристик марказга айлантирамиз”, – деди Жапаров бугунги маросимда.

Фото: Қирғизистон президентининг матбуот хизмати

Унинг сўзларига кўра, Осмон шаҳри Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган ҳабга айланиб, Қирғизистон иқтисодиёти учун локомотив вазифасини бажаради.

Осмон шаҳрининг лойиҳасига ва қурилишни бошлашга давлат бюджетидан бир тийин ҳам сарфланмади. Бу – бундай йирик лойиҳанинг амалга оширилишида иштирок этишга қизиқиш билдирган ташқи инвесторлар борлиги билан боғлиқ”, – деди Жапаров.

Фото: Қирғизистон президентининг матбуот хизмати

Аввалроқ, Осмон шаҳрининг шакли юқоридан қараганда қирғиз миллий мусиқа асбоби – қомузга ўхшаши айтилганди. Бу мусиқий асбобнинг сурати 1 сомлик банкнотада ҳам акс эттирилган. Шаҳар 4 минг гектар ҳудудда жойлашиб, 500-700 минг аҳолига мўлжалланган бўлади. Лойиҳани амалга оширишнинг тахминий муддати – 7-10 йил.

Концепцияга асосан, экологик тоза Осмон шаҳри мамлакатнинг иқтисодий ва туристик марказига айланиб, у ерда илғор таълим ташкилотлари, замонавий бизнес-марказлар ва молия муассасалари фаолият юритади. Шаҳарда кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар, боғлар, замонавий туристик ва спорт инфратузилмаси яратилади.

Шунингдек, дунёдаги энг йирик масжидлардан бирини қуриш, фильмлар суратга олиш учун павильонлар ҳудудини ташкил этиш кўзда тутилган.

Фото: Қирғизистон президентининг матбуот хизмати

Осмон юқори технологик ақлли шаҳар бўлиши ваъда қилинмоқда: у ерда муқобил энергия манбаларидан фойдаланилади, юқори даражадаги энергия тежамкорлик таъминланади, экологик тоза транспорт турлари жойлаштирилади ва умуман, яшил иқтисодиёт тамойилларига амал қилинади.

Лойиҳа муаллифи, экошаҳарни қуриш бўйича давлат дирекцияси раҳбари Руслан Акматалиевнинг айтишича, шаҳардаги дастлабки объектларни қуришни бошлайдиган биринчи инвестор Жанубий Кореянинг Promise Land компанияси бўлади. Акматалиев инвестор билан 1 млрд долларлик шартнома имзолангани, у жами 10 млрд доллар сармоя тикишга тайёрлигини айтган. Компания 30 мингта уй, хусусан террасаларга эга элит хонадонлар, 10 ва 30 қаватли турар жой ва тижорий мажмуалар ҳамда бошқа бино-иншоотларни қуриши айтилмоқда.

Осмонда қуриладиган хонадонларнинг лойиҳалари / Фото: Economist.kg

Дирекция раҳбарига кўра, ҳозирда бир нечта бошқа инвесторлар билан ҳам музокаралар олиб бориляпти. Инвесторлар қанча кўп бўлса, лойиҳа шунча тез якунига етказилади, деган у.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Тошкент вилояти маркази – Нурафшон шаҳри Ўзбекистондаги биринчи ақлли шаҳар бўлиши эълон қилинган, лекин бу амалга ошмай қолганди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистон Иссиқкўл соҳилида янги шаҳар қура бошлади
ePN