11:46 / 04.07.2023
595

Украина қарши ҳужуми қандай кетяпти? Ҳарбий экспертлар жавоб беради

Украина қарши ҳужуми қандай кетяпти? Ҳарбий экспертлар жавоб беради

Wojciech Grzedzinski / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Pre

Украина қарши ҳужуми қарийб бир ойдан буён давом этмоқда. Шу билан бирга, NYT маълумотларига кўра, Вашингтондагилар гўёки жангларнинг дастлабки натижаларидан «сергак тортишган» ва украин ҳарбийлари «графикдан ортда қолаётгани»ни қайд этишмоқда. «Медуза» ҳарбий экспертлар билан қарши ҳужумнинг илк натижалари, унинг истиқболлари ва Евгений Пригожин исёни жангларга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида гаплашди.

— Украина қуролли кучларининг паст суръатлардаги юришини қандай изоҳлаш мумкин?

Уилям Кортни, RAND Corporation’нинг етакчи эксперти, АҚШнинг Қозоғистон ва Гуржистондаги собиқ элчиси: ҳарбий қарама-қаршилик натижаларини алоҳида участкалардаги вазиятга қараб тусмол қилиш қийин. Кўринишидан, Украина энг яхши тузилмаларининг фақат бир қисмидан фойдаланган ҳолда разведка ҳужумлари ўтказмоқда. Мақсад — россияликларнинг позициялари нисбатан қайси нуқталарда заифроқ эканини текшириш ва мудофаа линиялари қандай мустаҳкамлангани борасида маълумот йиғиш.

Асосий зирҳли танк бригадалари ҳали ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётгани йўқ. Украинлар ҳам, руслар ҳам [россияликларнинг] мудофаа линиялари яхши мустаҳкамланган деб ҳисоблайди. Масала шундаки, Украина қуролли кучлари бу линияларни ёриб ўтиш йўлини топа оладими?

[Менимча], Украинанинг асосий мақсади — Қримга қуруқлик йўлагини узиб қўйиш. Бунинг учун Донбасс ва Қрим ўртасидаги бутун ҳудудни эгаллаш шарт эмас. Бунинг учун заиф жойни топиш кифоя. Бунинг учун Украинада яхши имкониятлар мавжуд. 

Юрий Федоров, ҳарбий шарҳловчи: Ҳозир фронтда сезиларли илгарилаш борми деган савол кўринаётганидек оддий савол эмас. «Сезиларли илгарилаш» деганда нимани назарда тутиш мумкин? Буни биз билмаймиз. Украина қуролли кучлари қарши ҳужуми, руслар сўнгги ойлар давомида барпо этган мудофаа истеҳкомларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, Россия қўшинлари билан жуда мураккаб қарама-қаршиликда давом этмоқда. 

Аммо муайян йўналишларда — масалан, Запорижжя областида — илгарилаш кенг кўламли бўлмаса ҳам, бир мунча сезиларли даражада. Қолаверса, бу ҳали юришнинг асосий босқичи эмас. Уруш илмига кўра, юриш асосий кучларни бир йўналишга — «асосий зарба йўналиши»га жамлашни талаб этади. 

Ҳозирча, мавжуд маълумотларга кўра, Украина қуролли кучлари асосий захиралари ва ресурсларини ҳаракатга келтирмади. Бўлаётган ҳодисалар — кўпроқ разведка жанглари эканини истисно қилмайман. Аммо бошқа вариант бўлиши ҳам мумкин.

— Ҳозирги қарши ҳужум Харкив ва Херсон областларида бўлганидан нимаси билан фарқ қилади?

Уилям Кортни: Бу юриш амалиётлари вақтида украинлар бу қадар тайёрланган мудофаа истеҳкомларига дуч келмаганди. Харкив областидаги қарши ҳужум ўтган йил сентябр ойида ўтказилганди. Ўтган вақт ичида русларда мудофаага тайёрланиш учун ярим йилдан ортиқ муддат бўлди. Херсон областида Днипронинг ўнг соҳилида ўтказилган амалиёт ҳақида ҳам шу гапларни айтиш мумкин: у ерда ҳам Россия қўшинлари ҳозирда чап соҳилда барпо этгани каби истеҳкомлар йўқ эди.

Юрий Федоров: Херсон областида Днипронинг ўнг соҳилидаги қарши ҳужум ўтган йилнинг ёзида бошланган ва у ерда кучли истеҳкомлар бўлмаганига қарамай, [РФ армияси Херсондан чекинишига қадар] ҳозиргидек суръат ва кучлар билан олиб борилганди.

Харкив области ҳақида гап кетадиган бўлса, Россия қўмондонлиги ўшанда Украина қуролли кучларининг ҳаракатларига мутлақо тайёр бўлмагани аёл бўлганди. Бу йўналишда мудофаа энг заиф нуқталардан бирида, Балаклия ҳудудида ёриб ўтилди, шундан кейин манёвр қилувчи гуруҳлар тезлик билан оператив кенгликка чиқишди ва Россия гарнизонларини қуршов ичида қолдира бошлади, натижада россияликлар чекинишга мажбур бўлди. Запорижжя областида ҳозирча бунга ўхшаш воқеалар рўй бермаяпти, чунки Россия қўшинлари украинларнинг қарши ҳужумига узоқ муддат давомида тайёргарлик кўришди — бу ерга кучларни жамлаб, эшелонланган мудофаа қуришди. Ҳозирча Украина қуролли кучлари бу мудофаани ёриб ўтиб, оператив кенгликка чиқа олмади, аммо айтиш керакки, улар бунга жиддий ҳаракат ҳам қилмаяпти. 

— Россия томонидан қурилган мудофаа тизими қанчалик самарали кўринади? 

Уилям Кортни: Улар [РФ ҚК] чиндан ҳам яхши тайёрланган. Уларда бу уруш даврида мудофаани тайёрлаш учун етарлича кўп вақт бўлди. Бунгача Россия бир неча йўналишларда юриш амалиётлари ўтказганди — хусусан, Киев, Харкив ва Одессани эгаллаш бўйича. Барча уч амалиёт муваффақиятсизликка учради. 

Мудофаа амалиётлари эса юриш амалиётларидан кўра осонроқ. Самарали ҳужум қилиш — бу кенг кўламли қўшма амалиёт бўлиб, армиянинг турли бўғинлари, жумладан, пиёдалар, зирҳли техникалар ва артиллериянинг мувофиқлаштирилган ҳаракатларини талаб этади. Мудофаа амалиётлари эса бундай даражадаги мувофиқлаштириш ва манёврларни талаб этмайди. Шунинг учун, руслар Украина қуролли кучларининг разведка ҳужумларини муваффақиятли қайтараётгани ажабланарли эмас. Россия мудофааси учун ҳақиқий синов Украина армияси кенг кўламли ҳужумга ўтганида бўлади — барча қўшинлар бир муштга айланиб зарба берганида. 

Юрий Федоров: Умуман олганда, ҳа, тайёрланишган, мустаҳкам қалъалар тизимини қуришган. Асосий жиҳат [РФ қуролли кучлари томонидан қурилган мудофаа чизиғида] — булар миналанган далалардир. Бу енгиб ўтиш жуда қийин бўлган тўсиқ бўлиб, оғир йўқотишлар муқаррар. Миналанган майдонлардан ўтиш жойларини тозалаш мумкин, аммо буни рақибнинг тўхтовсиз ўт ёғдириши остида амалга ошириш талаб этилади.

— Володимир Зеленскийнинг май ойида Италия, Германия, Франция ва Буюк Британияга май ойида амалга оширган сафарлари чоғида Украинага янги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида эълон қилинди. Улар, хусусан, танклар, пиёдаларнинг жанговар машиналари ва ракеталарни ўз ичига олади. Европа етакчилари ғарб қирувчи самолётлари етказиб бериш ва украин учувчиларини тайёрлаш бўйича коалиция тузишган. Сўнгги етказиб берилган техникалар Украина қўшинларига қанчалик самарали ёрдам беради?

Уилям Кортни: Украина зирҳли танклар билан ёппасига зарба бермагунича, биз бу саволга жавобни била олмаймиз. Ҳозирча буни муҳокама қилишга эрта. Албатта, руслар бир қанча «Леопард» танклари ва ғарбнинг бошқа техникаларини йўқ қилишганини айтишмоқда, аммо булар разведка ҳужумларида қўлланган техникалардир. Бу асосий зарба эмасди, уни ҳали кутиш керак.

Юрий Федоров: Мен бу саволга тўлиқ жавоб бера олмайман, чунки бу янги қуроллар юриш давомида қай даражада қўлланганини билмайман. Украина қуролли кучлари Storm Shadow ракеталаридан фойдалангани тўғрисида озми-кўпми маълумот бор. Хусусан, Чонгардаги кўприкка зарба бериш учун.

Путин ва унинг қўли остидагиларнинг Украинага етказиб берилган «Леопард» танкларининг деярли барчаси йўқ қилингани ҳақидаги баёнотлари — сафсата. Бир неча танклар йўқ қилинган бўлиши мумкин, аммо бу табиий ҳолат, чунки ҳужум қилаётган томон ҳар доим ҳам техникаларда, ҳам жонли кучларда кўпроқ йўқотишларга дучор бўлади. 

— Икки томоннинг ҳозирги қуролланиш даражасида қарши ҳужумнинг кейинги истиқболлари қандай бўлади? 

Уилям Кортни: F-16 қирувчилари, ёзги жанглар охиригача етиб келмаслиги деярли аниқ. Шундай экан уларнинг етказиб берилишининг самарасини бу қарши ҳужум давомида кутиш ўринсиз.

Ҳозирда эътибор қаратилаётган хусусиятлардан бири шундаки, руслар «Стингер» радиусидан ташқарида турган ҳолда (ҳаводаги нишонларга қарши ракеталар етиб бора олмайдиган масофада) украинларнинг зирҳли техникаларига узоқ масофадан ракета зарбалари ёғдириш учун жанговар вертолётлардан фойдалана бошлади. Шунинг учун, Украина бу жанговар вертолётларга қарши тура оладиган қандайдир воситани топиши керак. 

Украина қарши ҳужум режалаштирилган ҳудудларда ҳаводаги устунликка эга эмас. Шунинг учун, Украина қуролли кучлари зирҳли техникалари ёппасига ўққа тутилаётган маҳалда ҳаводан қўллаб-қувватлашда муаммолар юзага келиши мумкин. Бу Украина қўмондонлиги ҳозирда разведка ҳужумлари натижаларини таҳлил қилиб, ҳал қилиш устида бош қотираётган масалалардан биридир.

— Украинлар қарши ҳужумни якунлаши зарур бўлган муддат мавжудми?

Уилям Кортни: Кузги лойгарчиликлар бошланмагунча. Унгача қуруқ ерда манёврлар ўтказиш осонроқ бўлади. Лекин кузда ер юмшай бошлагач, манёврлар учун имкониятлар кескин пасаяди. Ўйлайманки, Украина шу вақтгача имкон қадар кўпроқ ҳудудларини озод этишга уринади.

Юрий Федоров: Бу саволга жавоб бериш учун, Украинанинг қарши ҳужумнинг бу босқичидаги мақсадларидан хабардор бўлиш керак, аммо уларни фақат Украина қуролли кучлари Бош штабидагилар билади. Табиий фактор бор — кузги лойгарчилик, бу вақтда дашт ёпишқоқ лойдан иборат бўлади. Бу октябр ойининг иккинчи ярми — ноябр ойи боши. Бунгача ҳали вақт кўп.

— Пригожиннинг исёни исён кунидаги қарши ҳужум ҳаракатларига тўғридан тўғри таъсир кўрсатдими?

Уилям Кортни: Катта эҳтимол билан, йўқ, чунки [Пригожин] исёнининг актив фазаси жуда қисқа бўлди.

Юрий Федоров: Йўқ, бундай бўлмади. Ҳар ҳолда бунга далиллар йўқ.

— Пригожиннинг исёни ва унинг натижалари қарши ҳужум истиқболларига қандай таъсир кўрсатади?

Уилям Кортни: Украина қарши ҳужуми истиқболлари, катта эҳтимол билан, яхшиланган. Пригожин урушнинг [Кремл томонидан айтилган] расмий сабабини «ёлғон» деб атади. У томонидан янграган бундай ҳаққонийлик тўп емига айланишдан чўчиган россиялик аскарларнинг руҳини тушириши мумкин. Украина қуролли кучлари Россия қўшинларини ўтган йил сентябрида Харкив областини тозалаш вақтидаги каби мағлубиятга учратиши тез-тез рўй бериб туриши мумкин. 

Биринчи жаҳон уруши вақтида, император Николай II фронт билан фаол алоқани йўқотганида, рус армиясининг катта қисми шунчаки тарқалиб кетганди. Бу такрорланиши мумкин. Россия мудофаасида янги заиф нуқталар аниқланиши эҳтимолини ҳисобга олиб, Украина қуролли кучлари разведка ҳужумлари сонини кўпайтириши мумкин.

Юрий Федоров: Агар яқин истиқболлар ҳақида гап кетса — фронтда нимадир ўзгариши даргумон. Нисбатан узоқ истиқболда, таъбир жоиз бўлса, заифлик кўрсати, «очколар бўйича» Пригожинга ютқазган Путиннинг позицияси кучсизланиши муҳим омил бўлади. Шу муносабат билан Россия олий раҳбариятида кескинлик кучайиши Украина қуролли кучлари учун қулай вазият яратади.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина қарши ҳужуми қандай кетяпти? Ҳарбий экспертлар жавоб беради
ePN