Бир неча ой олдин Ироқда ғойиб бўлган Исроил ва Россия фуқароси Елизавета Цурков шиаларнинг ярим ҳарбийлашган гуруҳи томонидан гаровга олинган. Бу ҳақда 5 июль, чоршанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху идораси маълум қилди.
«Елизавета Цурков ҳали ҳам тирик, унинг тақдири ва хавфсизлиги учун жавобгарлик Ироқ зиммасида, деб ҳисоблаймиз», — дейилади баёнотда. Воқеа билан Исроилнинг тегишли идоралари шуғулланмоқда.
Канцеляриянинг қайд этишича, Цурков Ироққа ўз ташаббуси билан докторлик диссертациясини ёзиш ва АҚШнинг Принстон университети учун тадқиқот олиб бориш мақсадида жўнаб кетган олимадир. Исроил фуқароларининг Ироққа киришига рухсат берилмагани учун аёл Россия паспортидан фойдаланган.
Исмини ошкор этмаган исроиллик дипломатнинг Jerusalem Post нашрига айтишича, Цурков март ойидан бери бедарак йўқолган. Унинг Twitter’даги охирги пости санаси - 21 март.
Kan радиосига кўра, Цурков Сурия, шунингдек, ИШИД террорчилик гуруҳи фаолияти бўйича мутахассис. Унинг тадқиқотлари шиа имоми тарафдорлари ва Ливан ҳарбий тузилмалари ҳаракатини қиёсий таҳлил қилишни ўз ичига олган. Ўғирланишидан олдин Цурков Ироқ ва Ливанда дала тадқиқотлари олиб борган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!