18:00 / 06.07.2023
129

Германияда Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ИШИДга алоқадорликда гумонланиб ушланди

Германияда Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ИШИДга алоқадорликда гумонланиб ушланди

Фото: SP

Туркманистон фуқароси, беш нафар Тожикистон фуқароси ва Қирғизистон фуқароси Германияда террорчилик гуруҳини тузиш ва унга аъзо сифатида қатнашишда гумонланиб қўлга олинди. Бундан ташқари, бу шахслар ИШИД хорижий террорчилик ташкилотини қўллаб-қувватлашда айбланмоқда. Бу ҳақда 6 июль, пайшанба куни Германия Олий суди бош прокурори Питер Франк маълум қилди.

Операция Олий суднинг тергов судьяси томонидан берилган ордерлар асосида Федерал жиноят бошқармаси ва Шимолий Рейн-Вестфалия бўлими ходимлари иштирокида ўтказилди.

Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари Нидерландиядаги тергов органлари билан яқин ҳамкорликда ҳаракат қилди, у ерда яна икки гумонланувчи қўлга олинди.

Тергов маълумотларига кўра, етти нафар гумонланувчи бир-бирини узоқ вақтдан бери таниган ва радикал мафкурага амал қилган. Украинада уруш бошланганидан кўп ўтмай, улар деярли бир вақтнинг ўзида Германияга жўнаб кетди ва 2022 йил июнь ойи охирида Германияда ИШИД томонидан уюштирилган шов-шувли терактларни амалга ошириш мақсадида террорчилар уясига бирлашди.

Гуруҳ ИШИДнинг хориждаги минтақавий бўлими аъзолари билан алоқада бўлган. Гумонланувчилар Германияда ҳужум уюштириши мумкин бўлган нишонларни ўрганиб, қурол-яроғ қўлга киритишга ҳаракат қилган, дея маълумот берди Бош прокуратура.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, қўлга олинганларнинг баъзилари 2022 йил апрель ойидан буён ИШИД учун пул йиғиб, бир неча бор хорижга ўтказган.

Гумонланувчилар 6 ва 7 июль кунлари Олий суднинг тергов судьяси ҳузурига чақиртирилади, у уларни ҳибсга олиш учун ордер беради ва қамоққа олиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Аввалроқ, май ойида Германиянинг ўнта ҳудудидаги 100 дан ортиқ объектларда тинтувлар ўтказилган, Суриядаги ИШИД учун маблағ тўплаганликда гумон қилинган етти нафар шахс қўлга олинганди, уларнинг деярли барчаси - Германия фуқаролари.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германияда Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ИШИДга алоқадорликда гумонланиб ушланди
ePN