Агар «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) Беларусда жойлаштирилган бўлса, у мамлакатни ҳимоя қилиш учун ишлатилиши мумкин. Бу ҳақда Беларус раҳбари Александр Лукашенко маълум қилди. Унинг 6 июль, пайшанба куни айтган сўзларини БелТА агентлиги келтирди.
«Улар Беларусда бўладими ёки йўқми, қанча миқдорда - биз буни яқин келажакда аниқлаймиз. Биз ушбу бўлинма билан кейинги муносабатларимиз ҳақида албатта хабар берамиз», деди Лукашенко.
«Мен бу жангчиларнинг маълум сонини жойлаштирганимиздан мутлақо хавотирда эмасман», - дея қўшимча қилди Лукашенко. У агар бу содир бўладиган бўлса, «муайян шароитларда юз беришини» таъкидлади.
«Асосий шарт шуки, агар биз ушбу бўлинмадан давлат мудофааси учун фойдаланишимиз керак бўлса (агар улар шу ерда бўлса), у бир зумда исталган йўналишда фаоллашади», деди Беларус раҳбари.
Шу билан бирга, Александр Лукашенко исён билан боғлиқ вазият Беларусда такрорланиши мумкин эмаслигини билдирди: «Мен «Вагнер» қаердадир қўзғалиб, Беларус ҳукумати ва Беларус давлатига қарши қуролини қаратади деб ўйламайман».
Лукашенконинг ишонтиришича, у Евгений Пригожин билан 5 июль куни телефон орқали гаплашган ва ХҲКнинг кейинги ҳаракатларини муҳокама қилган. Беларус раҳбарининг сўзларига кўра, Пригожин озодликда – Санкт-Петербургда. «Балки у эрталаб Москвага кетгандир», дея қўшимча қилди у.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!