date
views 335

НАТОнинг Литвадаги саммитида Байденни гаубица ва қирувчи самолётлар ҳимоя қилади

НАТОнинг Литвадаги саммитида Байденни гаубица ва қирувчи самолётлар ҳимоя қилади

Фото: Reuters

11-12 июль кунлари Вилнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммити арафасида Шимолий Атлантика альянси раҳбарияти Литва пойтахтини «энг илғор қуроллар билан ҳимояланган ҳақиқий қалъага» айлантириш ҳақида қайғурмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари саммитнинг Литва ва Беларус чегарасидан атиги 30 км узоқликда ўтказилиши билан боғлиқ. Россиянинг ўзи ҳам жуда яқин - Калининград вилояти учрашув жойидан тахминан 150 км узоқликда жойлашган. Шу билан бирга, тадбирда АҚШ президенти Жо Байден ва НАТО давлатларининг аксарият раҳбарлари иштирок этади.

Альянснинг 16 та давлати саммитни қўриқлаш учун мингга яқин ҳарбий хизматчиларни юборди. Шунингдек, маҳаллий ҳарбийлар ҳам уларга кўмаклашади.

Бундан ташқари, ҳаво ҳудудини қўшимча ҳимоя қилиш чоралари ҳам кўрилмоқда. Чунки Болтиқбўйи давлатларининг ҳаво мудофаа тизимлари Россиядан ҳужум содир бўлган тақдирда самарали ҳимоя учун етарли эмас деб топилган.

«Байден ва бошқа 40 та давлат раҳбарлари саммитга келаётган бир пайтда ҳаво ҳудудимизни ҳимоясиз қолдириш масъулиятсизликдан ҳам ортиқроқ бўлар эди», деди Литва президенти Гитанас Науседа.

Болтиқбўйи мамлакатлари - Литва, Эстония ва Латвиянинг жами аҳолиси 6 миллион кишини ташкил қилади. Шу сабабли, улар йирик контингентли армия, ҳарбий қисмлар, қирувчи самолётлар ва ҳаво мудофаа тизимларини жанговар шай ҳолда ушлаб туришга қодир эмас.

Германиядан «Patriot»лар, Франциядан «Caesar»лар

Саммитни ҳимоя қилиш учун НАТО давлатлари қуйидаги қуроллар ва техникаларни юборган:

- Германия 12 та «Patriot» зенит-ракета комплексларини юборди - бу НАТО мамлакатлари арсеналидаги ҳаво мудофааси ва ракетага қарши мудофаа қуролларининг асосий турларидан бири;

- Испания NASAMS қисқа ва ўрта масофали ҳаво мудофаа тизимлари билан таъминлади (улар Норвегияда ишлаб чиқарилган);

- Франция ўзиюрар «Caesar» гаубицаларини берди;

- Шунингдек, Франция, Финляндия ва Дания ўз жанговар авиациясининг бир қисмини вақтинча Литвага кўчирди;

- Британия ва Франция учувчисиз самолётларга қарши технология билан жиҳозлади;

- Полша ва Германия жанговар вертолётлар билан жиҳозланган махсус тезкор қисмларни юборди;

- бошқа давлатлар саммитни «кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий қуролларга қарши кураш воситалари» билан таъминлади.

Қайд қилинишича, Германиядан келган саккизта «Patriot» комплекси Вилнюс аэропортига ўрнатилган ва тўғри Россиянинг Калининград вилоятига йўналтирилган. Яна иккитаси Беларусга қаратилган. Уларнинг барчаси жанговар шай ҳолатда.

«Географик жиҳатдан қаерда эканингизни тушунишингиз керак ва таҳдид қаердан келиб чиқишини яхши билишингиз керак», деди зенит-ракета тизимлари қўмондони, подполковник Штеффен Либ.

Унинг сўзларига кўра, Литва НАТО бўйича Германия иттифоқчиларидан саммитни қўриқлашда ёрдам беришни сўраган, шунингдек, Шимолий Атлантика альянси раҳбарияти ҳам буни илтимос қилган.

«[Patriot тизимлари] уларнинг илтимосига жавобимиздир», деди подполковник.

Литванинг ўзи қандай чоралар кўряпти?

Литва президенти Гитанас Науседа мамлакат ҳаво ҳудудини мустаҳкамлаш саммит вақти билан чекланиб қолмаслигига умид билдирди: «Биз саммит тугагач, нима бўлишини ўйлаяпмиз. Ва биз иттифоқчилар билан ҳаво ҳудудимизни доимий самарали ҳимоя қилиш учун ротацияли гуруҳ яратиш учун ишлаймиз».

Ёз бошидан бери Литва раҳбарияти Латвия ва Полша кўмагида Россия ва Беларус билан чегарани қўриқлаётган чегарачилар сонини уч баробарга оширди.

«Биз [Россия ва Беларус томонидан] турли провокацияларга тайёрланяпмиз», деди агентликка Литва Давлат чегараларини ҳимоя қилиш хизмати раҳбари Рустамас Любаевас. Эҳтимолий таҳдидлар қаторида у чегарага муҳожирлар оқими, чегарани ноқонуний кесиб ўтишлар сонининг кўпайиши ва унинг яқинида ҳеч қандай изоҳсиз ҳарбий техникалар пайдо бўлишини санаб ўтди.

«Ҳозирда Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги туфайли вазият жуда таранг. Шу боис, саммитдан олдин ҳам биз чегарамизни ҳимоя қилиш даражасини жуда юқори даражага кўтардик», деб ишонтирди Любаевас.

Саммит арафасида мамлакатнинг Полша ва Латвия билан чегараларида чегара назорати тикланди. Вилнюс аҳолисига воқеа кунларида шаҳарни тарк этиш тавсия қилинди - унинг ҳудудида йўллар ёпилиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » НАТОнинг Литвадаги саммитида Байденни гаубица ва қирувчи самолётлар ҳимоя қилади