21:50 / 10.07.2023
268

ОАВ Пригожин ва Путин учрашгани ҳақида хабар берди

Фото: ALEXANDER KAZAKOV/LEV BORODIN/TASS
Владимир Путин «Вагнер» ХҲК исёнидан кейин унинг раҳбари Евгений Пригожин билан учрашган. Бу ҳақда дастлаб Франциянинг Libération газетаси ғарб разведкасидаги манбасига асосланган ҳолда хабар берганди, кейинроқ бу маълумот Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков томонидан тасдиқланди.

Песковнинг сўзларига кўра, учрашув Кремлда 29 июн куни бўлиб ўтган ва уч соат давом этган. Унда Евгений Пригожин ва «Вагнер» командирлари — жами 35 киши иштирок этган.

Песковнинг сўзларига кўра, командирлар олий бош қўмондоннинг содиқ тарафдорлари экани ва ватан учун бундан кейин ҳам жанг қилишга тайёрлигига ишонтиришган.

Ўз навбатида, Путин хусусий ҳарбий компаниянинг фронтдаги ҳаракатларига ва «24 июн воқеалари»га ўз баҳосини берди, шунингдек вагнерчиларга бундан кейинги ишлар бўйича вариантлар таклиф этди, дейди Кремл расмийси.

Бундан аввалроқ Путиннинг Пригожин билан учрашув тўғрисида разведкадаги манбасига асосланган ҳолда французларнинг Libération нашри хабар тарқатганди. Унга кўра, Пригожин ва ХҲК командирлари Кремлга бошқа куни, 1 июлда ташриф буюрган ва Путиндан ташқари, Росгвардия раҳбари Виктор Золотов ҳамда Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин билан учрашишган.

Пригожиннинг исёни

23 июн куни Евгений Пригожин у ва унинг ёлланма жангчилари Россия ҳарбий раҳбарияти алмаштирилишига эришиш учун «адолат марши» бошлаши ҳақида эълон қилганди. Кейинги куни тонгда ХҲК бўлинмалари Ростов-Донни эгаллади, ёлланма жангчиларнинг бошқа қисми эса Москва томон йўлга тушди.

Аммо исён қандай тез бошланган бўлса, шундай тез якунланди — 24 июн куни кечқурун Александр Лукашенко билан музокаралардан кейин Пригожин унинг ёлланма жангчилари ўз лагерига қайтаётганини айтди, аввалига хиёнат учун қаттиқ жазолаш билан таҳдид қилган Кремл эса вагнерчилар билан келишув тузди.

Бу келишув параметрларини Дмитрий Песков шундай сўзлар билан очиқлади: Пригожин Беларусга «кетади», исён тўғрисида жиноий иш ёпилади, унинг иштирокчилари ҳарбий хизматлари (яъни Украинга босқиндаги иштироки) туфайли жазоланмайди, уларнинг бир қисми — исёнда иштирок этмаганлар — Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолайди.

Пригожин ҳозир қаерда?

27 июн куни Лукашенко «Вагнер» ХҲК асосчиси Беларусга келганини айтганди, аммо 6 июл куни — исёндан қарийб икки ҳафта ўтганида — у Пригожин Беларусда эмаслигини айтди.

«Мендаги маълумотларга кўра, [„Вагнер“ ХҲК] жангчилари ўз лагерида бўлиб турибди. Пригожинга келсак, у Питерда. У Беларус ҳудудида эмас», — деганди у.

New York Times газетаси Пентагондаги манбасига асосланиб хабар беришича, Пригожин исёндан кейин асосий вақтни Россияда ўтказган, Москва ва Санкт-Петербург ўртасида қатнаган. Бундан ташқари, у умуман Беларусга боргани ҳам охиригача аниқ эмас. Газета суҳбатдошининг фикрича, Пригожин ўз жойлашувини сир тутиш учун қиёфадошлардан фойдаланган бўлиши ҳам мумкин.

Пригожиннинг бизнес-жети Россиянинг бир нуқтасидан бошқасига кўчиб юргани ҳақида аввалроқ «Верстка» нашри ҳам Flightradar сервиси орқали парвозларни кузатган ҳолда ёзганди. Сервис маълумотлари гувоҳлик беришича, 6 июл куни тонгда Пригожиннинг самолёти икки ҳафта ичида иккинчи бор Шереметьево аэропортидан Ростов областига учган — у фронт бўйидаги ҳудудларга энг яқин ҳарбий аэродром жойлашган Миллерово шаҳри томон бурилган.

Flightradar сервиси маълумотлари Financial Times журналистлари томонидан ҳам таҳлил қилинган. Нашр эълон қилган харитага кўра, 25 июндан 6 июлга қадар Пригожиннинг самолёти бир неча бор Беларусга учган, аммо асосан Москва ва Петербург ўртасида ҳаракатланган.

28 июн куни Петербургдаги «Фонтанка» газетаси Пригожинга ўхшаш кишини унинг офиси жойлашгани тахмин қилинадиган «Трезини» меҳмонхонасида кўришгани ҳақида ёзганди.

Аввалроқ ушбу меҳмонхона ҳовлисида вагнерчилар исёни юзасидан тинтув ўтказган кучишлатар тузилмалар нақд пуллар солинган қутилар билан тўлдирилган «Газель»ни топишганди. «Фонтанка»нинг ёзишича, исён бўйича жиноий иш ёпилганидан кейин Петербургдаги тинтув давомида мусодара қилинган 10 млрд рубл Пригожинга қайтариб берилган.

6 июл куни Песков «Вагнер» ХҲК раҳбарининг у мамлакат ҳудуди бўйлаб ҳаракатланишда давом этаётгани борасида изоҳ сўралганида Кремлдагилар уни кузатиш билан шуғулланмаслигини айтганди. «Биз унинг [Пригожиннинг] ҳаракатланишини кузатмаймиз, бунга имкониятимиз ҳам, хоҳишимиз ҳам йўқ», — деганди Путиннинг матбуот котиби.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ОАВ Пригожин ва Путин учрашгани ҳақида хабар берди
ePN