Россия президенти Владимир Путин 29 июнь куни “Вагнер” билан учрашувда компания командирларига “иш билан таъминлашнинг бир қанча вариантларини” таклиф қилганини айтди. Бу ҳақда у “Коммерсант” мухбири Андрей Колесниковга берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг тушунтиришича, “Вагнер” командирларига “барчаси бир жойда тўпланиб, хизматни давом эттириш” таклиф қилинган ва “улар учун ҳеч нарса ўзгармаслиги” айтилган.
Колесников Путиндан “Вагнер” жанговар бўлинма сифатида сақланиб қоладими, деб сўради. Бунга жавобан Россия президенти “Вагнер” мавжуд эмаслиги, чунки Россияда хусусий ҳарбий ташкилотлар тўғрисида қонун йўқлигини айтди.
Исёндан кейин Евгений Пригожин ва “Вагнер” командирлари Путин билан учрашгани ҳақида Франциянинг Liberation газетаси хабар берганди. Кейинчалик бу маълумотни президент матбуот котиби Дмитрий Песков тасдиқлади. Француз нашрининг ёзишича, учрашувда Россия гвардияси раҳбари Виктор Золотов ва Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ҳам иштирок этган.
Путиннинг Пригожин ва “Вагнер” билан учрашуви куни — 29 июнда Песков журналистларга “Вагнер” асосчиси қаердалигини билмаслигини айтганди.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг