19:09 / 14.07.2023
863

Қозоғистонда 5 яшар қизча ваҳшийларча ўлдирилди

Фото: Қозоғистон ИИВ

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига Туркистон вилоятининг Сариоғаш туманида беш ёшли қизчанинг ўлдириб кетилиши ҳолатини синчковлик билан ўрганишни топширди. Бу ҳақда Akorda хабар бермоқда.

Қозоғистон ОАВларининг ёзишича, Сариоғаш тумани Жибек жоли қишлоғида қизчанинг ваҳшийларча ўлдирилгани ҳақида 13 июлга ўтар кечаси ижтимоий тармоқлардан маълум бўлган. Аниқлик киритилишича, 2018 йилда туғилган қизалоқнинг жасади қўшни уйда яшовчи эркакнинг уйидан топилган, милиция уни гумондор сифатида қўлга олган. Баъзи манбалар қурбон зўрлангани ҳақида хабар берди.

Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли вакиллари “самосуд” қилиш учун эркакни уларга топширишни сўраган. Бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўз вақтида гумонланувчини тергов изоляторига олиб боришга муваффақ бўлган.

Кейинроқ Туркистон вилояти полиция бошқармаси хабар беришича, 13 июль куни маҳаллий полиция бўлимига бир аёл мурожаат қилиб, боласи йўқолиб қолгани ҳақида хабар берган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида маҳаллий аҳоли вакили бўлган эркакнинг уйидан тан жароҳатлари билан қизнинг жасади топилган.

“Мазкур факт Жиноят кодексининг 99-моддаси (Қотиллик) билан қайд этилди. Экспертиза тайинланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумонланувчи тергов изоляторига жойлаштирилди. Тергов жараёни Туркистон вилояти полиция бошқармаси раҳбариятининг алоҳида назорати остида”, — дея полициядан иқтибос келтирган KazTAG агентлиги.

“Otyrar.kz” нашри гумонланувчининг шахси ҳақидаги тафсилотларни маълум қилди. У илгари қотиллик учун ўн йилга қамалган 48 ёшли эркак бўлиб чиқди. Бундан ташқари, бу йил ҳам у судланган ва қасддан баданга оғир шикаст етказиш иши бўйича уч йилга озодликдан чекланган. Қайд этилишича, қозоғистонлик пробация назоратида бўлган.

Тўқаев қотиллик ҳолатига алоҳида эътибор қаратди.

“Давлат раҳбари жорий йилда чиқарилган ҳукмнинг қонунийлигини кўриб чиқиш ва шахсга қарши ўта хавфли жиноятлар учун жиноий жавобгарликни кучайтиришни муҳим деб ҳисоблайди”, — дейилади Akorda хабарида.

“Ranking.kz” статистика маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январь—май ойларида Қозоғистонда вояга етмаганлар ўртасида 1 080 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг биринчи беш ойига нисбатан 7,6 фоизга кўпдир. Жиноятларнинг аксарияти – 364 таси ўртача оғирликдаги, 252 таси оғир, 198 таси ўта оғир ва 194 таси унчалик катта бўлмаган жиноятлар тоифасига киради.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонда 5 яшар қизча ваҳшийларча ўлдирилди
ePN