00:31 / 18.07.2023
110

Эрон Ўзбекистонга Абу Али Ибн Синога оид 45 жилд китобни тақдим қилди

Эрон Ўзбекистонга Абу Али Ибн Синога оид 45 жилд китобни тақдим қилди

Фото: dunyo.info

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Абу Али Ибн Сино илмий меросини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи Эронга борди.

Илмий сафар давомида экспедиция аъзолари Эрон миллий кутубхонаси ва давлат архивида  бўлди, шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Маданият институтида «Ўзбекистон–Эрон» I халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

 Хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров Эрон миллий кутубхонаси ва давлат архиви раиси Алиризо Мухторпур, Эрон миллий кутубхонаси ва давлат архиви раиси ўринбосари Эсмат Мумини ва профессор Нажафқули Ҳабиби билан учрашувлар ўтказди.

Мулоқот чоғида Эрон миллий кутубхонаси ва давлат архиви раиси Алиризо Мухторпур Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ижобий ислоҳотлар, жумладан маданий-гуманитар, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ўзгаришларни олқишлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Эрон Президентлари ўртасида амалга оширилган ўзаро ташрифлар ва улар доирасида имзоланган ҳамкорлик ҳужжатлари, хусусан, икки мамлакат Ибн Сино жамғармалари ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми ҳамда Бухоро ва Ҳамадон вилоятлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларнинг ўрнатилиши ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш учун хизмат қилмоқда.

«Марказий Осиё ва айниқса Ўзбекистондан бўлган олиму уламоларнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этиш керак. Ўзбекистон ва Эрон халқларининг тарихи ва дини бирдир. Икки мамлакат тарихида Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Бойсунқур мирзо каби буюк шахсларнинг ўрни жуда катта», - деди у.

Мамлакатимиз делегацияси аъзоларининг Эрон миллий кутубхонаси ва давлат архиви бўйлаб экскурсияси уюштирилди. Делегация аъзолари кутубхонада сақланаётган барча китоб ва қўлёзмалар, жумладан, Ибн Сино,  Хоразмий ва Темурийларга оид манбалар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Учрашув якунида Эрон томони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси ва Ибн Сино жамоат фонди учун 2 нусхада Абу Али Ибн Синога оид 45 жилддан иборат Эронда сақланаётган ва 20 жилддан иборат Ироқда сақланаётган китоблар тўпламини тақдим қилди.

Сафар давомида Ўзбекистон делегациянинг  Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Маданият институти президенти Муроджон Бўрибоев билан учрашуви ташкил этилди.

Мулоқот  чоғида Муроджон Бўрибоев 2023 йил 9 июль куни Ўзбекистонда ўтказилган Президент сайловида халқаро кузатувчи мақомида иштирок этгани ва ушбу сайлов демократик тамойилларга мос тарзда ўтганини маълум қилди. «Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда Ўзбекистонда жуда катта ижобий ўзгариш ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида яқин қўшничилик алоқалари янада ривожланиб бормоқда», деди у.

Шундан  сўнг, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Маданият институтида «Ўзбекистон-Эрон» I халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда Абу Али Ибн Сино ҳаёти ва унинг жаҳон фани тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси борасида ўзаро фикр алмашилди.

Буюк қомусий олим Абу Али Ибн Сино ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган олимларга Ўзбекистон Ибн Сино жамоат фонди томонидан эсдалик совғалар ва ИҲТ Маданият институти томонидан махсус ташаккурномалари топширилди.

Ўзбекистон Ибн Сино жамоат фонди директори Нозимжон Махмудов ўз чиқишида  Эрон томонини жорий йил октябрь ойида Бухорода ўтказилиши режалаштирилаётган ХII халқаро Ибн Сино ўқишлари илмий-амалий анжуманига таклиф қилди.

Абу Али Ибн Сино илмий меросини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳнинг Эронга  ташрифи давом этмоқда.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон Ўзбекистонга Абу Али Ибн Синога оид 45 жилд китобни тақдим қилди
ePN