15:30 / 20.07.2023
374

Катта уруш ўзгармаган: Украинанинг қарши ҳужумидан 5 сабоқ

Фото: Украина Бош штаби
Украина армиясининг мамлакат жануби ва Донбассда бошлаган қарши ҳужум ҳаракатларидан бир ойдан ошиқ вақт ўтиб воқеалар ривожи бўйича айрим хулосаларни чиқариш мумкин.

Улар нафақат Украина қуролли кучлари қўмондонлиги учун, балки дунёдаги замонавий урушнинг моҳиятини тушуниш учун ҳам муҳимдир.

Украиналик ҳарбий шарҳловчи Кирилл Данилченко Украина фронтидаги вазиятни кузатиш орқали қандай сабоқлар чиқариш мумкинлиги ҳақида фикр юритди.

1-сабоқ. Урушлар ўзгармайди

Фото: Украина Бош штаби

Украинанинг юришининг биринчи ойидан ва кенг кўламли урушнинг 500 кунидан ҳам, асосий хулоса шундаки, уруш ўзгармайди.

Келажакдаги низолар рақамли макондаги жангларга, хусусий ҳарбий компаниялар тўқнашувига ёки Ливияда бўлгани каби паст интенсивликдаги экспедиция тўқнашувларига айланиши ҳақидаги барча назариялар ёлғон бўлиб чиқди.

Махсус кўзойнак тақиб олиб дронларнинг рақибга зарбаларини йўналтириш билан шуғулланувчи FPV-дрон операторлари томонидан ёзиб олинган видеолар ҳам бўлса-да, урушдаги асосий ишни вагон-вагон снарядлар ва танк батальонлари бажаришда давом этмоқда.

Шунинг учун Дания ўзидаги барча CAESAR русумли ўзиюрар артиллерия қурилмаларини, Норвегия эса – ўзининг барча танкларининг тўртдан бир қисмини Украина қуролли кучларига юборди.

Украинага етказиб берилган зирҳланган машиналар ва зирҳли транспортёрлар (БТР) сони аллақачон икки минг донадан ошиб кетган ва бу миқдор ўсишда давом этмоқда.

Ғарб коалицияси Украина армиясини жами 500 га яқин ўзиюрар артиллерия қурилмалари билан таъминлаган, украин танкчилари эса аллақачон етиб келган 500 танкка қўшимча равишда яна бир неча юз танкни қабул қилиб олишга тайёрланмоқда.

Бу билан Украина мудофаа кучлари Донбасс ғарбидаги Времевка бўртиғида саккиз километр, Бахмут атрофида бир неча километр, Запорижжя областида эса Жеребянкигача тўрт километр илгарилади. Буни «рангли» Биринчи жаҳон уруши дейиш ҳам мумкин.

Сўнгги ойларда взвод «посадка»га (ўрмонзор) кириши, кечга бориб миналарда портлаш, дронлардан ташланган ўқ-дорилар, снаряд ва миналар учиб келиши туфайли сафдан чиқиши билан боғлиқ ўнлаб эпизодлар кузатилди. Бу эса осколкалардан яраланган, оёқлари синган, контузияга учраган ва руҳий тушкунликка тушган жангчилар зарбалар келган вақтда шунчаки энгашишни тўхтатишидир. Шунинг учун взвод йўқ қилинмаса ҳам, чекинишга мажбур бўлади.

Ва бундай ҳолат икки томонда ҳам рўй бермоқда.

Авдийивка ва Креминна атрофида қарши ҳужум қилаётган россияликларнинг ишлари янада чатоқроқ, шунки уларда ғарбнинг тактик тиббиёти йўқ, «ДХР»нинг тиббий муассасаларидаги эса аҳвол унчалик яхши эмас.

Россия учун ҳам уруш аллақачон янги даражага чиққан.

Биринчи чечен уруши вақтида Яриш-Марди қишлоғи яқинида бўлиб ўтган жангда 80 нафар жангчи ҳалок бўлиб йигирмата техника ёндириб юборилганида, россияликлар буни фалокат деб ҳисоблаган, 1985 йилда Афғонистонда Маравара яқинида рус ротаси тор-мор этилиши эса советлар иттифоқида фожиа деб баҳоланганди.

Энди бундай кўламдаги йўқотишлар Россия-Украина урушида Урожайне ва Макаровка ўртасидаги оддий посадка учун жангда ёки, масалан, россияликлар Вуҳледарга ҳужум қилишга уринганида берилмоқда.

Роталар гугурт каби «ёқиб юборилмоқда», ўнлаб танклар, зирҳли машиналар ва миналардан тозалаш машиналаридан иборат колонналар бир нуқтада яксон этилиши энди ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаяпти.

2-сабоқ. Қитъалараро уруш халқаро иттифоқларни қайтаради

Фото: Украина Бош штаби

Йил давомида иттифоқчилар Украинага икки миллиондан ортиқ снаряд юборишди. Буни амалга ошириш учун Европадаги учта йирик иқтисодиёт ҳамда АҚШнинг саъй-ҳаракатлари талаб этилди.

Ғарб янги снарядларни ишлаб чиқаргунича эса Пентагон Украина қуролли кучлари учун кассетали ўқ-дорилар юбормоқда.

Янги зеландияликлар украиналик артиллериячиларни 105-мм калибрли L119 гаубицаларидан фойдаланишга ўргатишади, норвегларнинг MLRS баравар ўт очиш тизимларини эса британлар Украина қуролли кучлари учун созлаб беришмоқда.

Бундай кўп қиррали халқаро қўллаб-қувватлаш шуни кўрсатадики, энди бирор мамлакат ўзини хавфсиз ҳис қилмаяпти ва минтақавий мудофаа иттифоқлари яна «катта ўйин»га қайтгандек кўринмоқда.

Ахир ҳеч бир давлат Буюк қитъа уруши учун керак бўладиган миқдорда кўп қурол ва ўқ-дориларни ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сақлашга қодир жмас.

Бу ҳатто Франция ва Германия каби иқтисодий «оғир вазнли»ларга ҳам тааллуқли, агар улар ўз фуқароларининг аксар қисмининг турмуш тарзини кескин ўзгартиришни истамаса.

3-сабоқ. Қуруқлик кучлари – приоритет

Украина қуролли кучлари қуруқлик қўшинлари

Ҳатто милитар давлатларда (шартли Эрон, Шимолий Корея ёки Россия) ҳам қуруқлик кучлари таркиби тўлиқ бўлишига муҳтож.

Буни ҳатто Иккинчи ливан уруши — 2006 йилги Исроил ва Ливаннинг жанубий ҳудудларини назорат қиладиган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўртасида тўқнашув ҳам кўрсатганди.

Ўшанда исроилликлар узоқ масофадан туриб зарба йўллаш орқали Ливан жанубидаги ҳар бир омбор ва кўприкни вайрон қилишганди, аммо амалда рақибнинг миналанган майдонлар ва танкка қарши ракета тизимларидан таркиб топган мудофаасини енгиб ўта олмаганди.

Яъни армия юқори аниқликдаги минглаб снарядлар, бошқарилувчи бомбалар ва узоқ масофага етиб борувчи ракеталарга эга бўлиши, аммо жанг майдонидаги асосий вазифани уддалай олмаслиги мумкин.

Украина HIMARS тизимидан GMLRS реактив снарядлари билан юзлаб зарбалар беради, кўп ҳолларда россияликларнинг нафақат шахсий таркиби ва нефт базалари, балки ўзиюрар артиллерия қурилмалари ва баравар ўт очиш реактив тизимлари ҳам алоҳида нишонларга айланади. Ой бошидаги бир ҳафтанинг ўзида Макийивка ва Суходолскедаги омборлар, Волновахада маъмурият биноси ва турли ҳудудларда шахсий таркиб жойлаштирилган бир қанча пунктлар яксон этилди.

Якунда эса амалда деярли ўзгариш йўқ - украинлар юриши позицион жанглар билан ўралашиб қолмоқда.

ATACMS русумли узоқ масофага борувчи ўнлаб баллистик ракеталар ҳам катта уруш вақтида оператив муаммоларни ҳал этишда ёрдам бериши даргумон. (Украина 300 км масофага етиб борувчи шундай ракеталарни ҳам етказиб беришни сўраган ва АҚШ бунинг имкониятларини кўриб чиқмоқда).

Дунёда ҳеч бир давлатда (АҚШ истисно бўлиши мумкин) қитъа урушида «масофадан» туриб ғалаба қозониш учун етарли бўладиган кўп сонли юқори аниқликдаги снарядлар, бошқарилувчи бомбалар ва етарли миқдорда авиация парвозларини амалга ошириш имкони мавжуд эмас.

4-сабоқ. Тактик ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларисиз жанг майдони устини ёпиб бўлмайди

РФ мудофаа вазирлиги

Ғарбда тактик ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳеч қачон энг кучли томони деб ҳисобланмаган.

НАТО мамлакатларида узоқ масофадан туриб радар орқали кузатиш ишларини амалга оширадиган самолётдан нишонни белгилаш ва қирувчи самолётдан мўлжалга ўз-ўзидан тўғриланадиган ракета учирилиши комбинациясини энг яхши ҳаво ҳужумидан мудофаа деб билишади.

Россия армия авиацияси энг яхши оптикага эга бўлмаса ва двигател ресурслари бўйича муаммолари бўлса ҳам, ҳозирда россияликларнинг зарбдор вертолётлари «посадка»лар устига «Вихрь» танкка қарши ракеталари учириш орқали украин кучларига муаммолар туғдирмоқда.

Ғарбдан ўнлаб самолётлар олиш мумкин, аммо устида вертолётлар паст баландликда учувчи ва россияликлар зарбдор авиацияси бошқарилувчи бомбаларни йўллайдиган бу барча ўрмонзорларни «тозалаш» осон эмас.

Фото: Украина Бош штаби

Шунинг учун кичик ва ўрта радиусда ҳаракатланадиган тактик ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жанг майдонидаги муҳим компонентлигича қолмоқда.

5-сабоқ. Миналанган майдонлар – жиддий хавф

Миналанган майдонлар, фугаслар, масофадан ўрнатиладиган минали тўсиқлар комбинацияси, шунингдек ЗРП-2 «Тропа» каби миналардан тозалаш қурилмалари ҳамон замонавий урушдаги самарали воситалар бўлиб қолмоқда. Айниқса артиллерия қўллаш ва дронлардан ўқ-дорилар ташлаш биргаликда олиб борилганда.

Бу босқичда сапёрлар иши жуда муҳим, аммо улар рақиб артиллерия зарбалари остида ишлашига тўғри келмоқда. Фото: Украина Бош штаби

Миналанган майдонларни тозалаш ишларини кундузи тутун пардаси қўллаш билангина амалга ошириб бўлмайди, бу вақтда артиллерия ўққа тутиб туради.

Бундай ҳудудда тунда ҳаракатланганда эса техникалар «тозаланган» йўллардан четга чиқиб кетиши ёки йўлларга яна кичик гуруҳлар томонидан танкка қарши миналар қўйиб чиқилган бўлиши мумкин.

Шунинг учун жангчилар полигонларда кўп ойлар мобайнида қаттиқ шуғулланиши, муҳандислик разведкаси ривожлантирилиши, миналардан тозалаш қурилмалари билан ишлашни ўргатиш талаб этилади.

Аммо ҳамиша ҳам бунга имкон бўлавермайди – айниқса фронтга ҳудудий мудофаа бўлинмалари ва яқинда сафарбар қилинганлар жалб этилганида.

Аммо сапёр ва муҳандисларни тайёрлаш – замонавий уруш шароитларида муваффақиятли юриш қилиш учун муҳим вазифадир.

Фото: Украина Бош штаби

Украинлар эса душманнинг қаттиқ қаршилигини енгиб, олдинга силжишга ҳаракат қилмоқда.

Украинлар Россия армиясининг жанубдаги мудофаа линиясини ёриб ўтиб Перекоп бўйнига чиқиш ва Қримга таҳдид солиши мумкинми?

Агар ҳар куни биттадан «Ураган» батареяси, иккитадан ўзиюрар артиллерия қурилмаси ва ўнлаб стволли артиллерия қурилмалари ишдан чиқиб турса, дунёдаги ҳеч бир армия охиригача бардош бера олмайди.

Бу ерда барчаси томонларнинг йўқотишларга бардош бериш қобилиятига, ҳужум қилаётган томоннинг қайсарлиги ва ҳимояланаётган томоннинг чидамлилигига, шунингдек фронт ортида олиб бориладиган ишларга боғлиқ бўлади.

Юз минглаб снарядлар, минглаб дронлар, қўшимча стволли артиллерия қурилмалари, контрбатарея кураши олиб бориш учун радар тизимлари ҳамда ваъда қилинган юзлаб зирҳли машиналар ва танклар етказиб берилиши ҳал қилувчи омилга айланиши мумкин.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Катта уруш ўзгармаган: Украинанинг қарши ҳужумидан 5 сабоқ