12:50 / 27.07.2023
235

Украина мудофаа вазири қарши ҳужум секин кетаётгани бўйича изоҳ берди

Фото: Reuters
Украина мудофаа вазири Олексий Резников СNN телекомпанияси учун берган интервюсида Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми режалаштирилганидек тез кечмаётганини тан олди, аммо амалиёт натижаларидан «қайғурмаслиги», чунки у режа бўйича олиб борилаётганини таъкидлади.

Резниковнинг сўзларига кўра, юриш тез бўлиши керак деган тасаввур ҳақиқатга тўғри келмайди.

Украина мудофаа идораси раҳбари мамлакат қуролли кучларининг юриши кутилганидан кўра секин ривожланаётганининг бир қанча сабабларини, жумладан ўқ-дори етишмовчилиги, снарядлар ва артиллерия тизимлари етишмовчилигини айтиб ўтди.

«Бу ҳаво ҳужумидан мудофаа масаласи. Бу шунингдек фронт чизиғи жуда узунлиги масаласи ҳам. Ва бизга қарши кўп сонли душманлар курашмоқда. Уруш шунақа. Бу компютер ўйини эмас», — деган Резников СNN телекомпанияси учун ўтган ҳафта охирида берган интервюсида.

Украина қуролли кучлари июн ойи бошида юриш амалиётларини бошлаганди, аммо шу вақтгача Россия армияси мудофаа чизиқларини тезлик билан ёриб ўта олмади.

Украин ҳарбийлари асосий ҳаракатларни фронтдаги учта участкага жамлаган, булар Бахмут атрофи, Донецк ва Запорижжя областлари туташган ҳудуд (Велика Новосилка қишлоғидан жанубдаги «Времевка бўртиғи» деб аталувчи ҳудудлар), шунингдек Орихив шаҳридан жанубдаги ҳудуд.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, қарши ҳужумнинг биринчи тўлқинида маълум миқдорда техникалар, жумладан ғарб томонидан етказиб берилган танклар ва зирҳли пиёдалар машиналари йўқотилгач, украин ҳарбийлари тактикани қайта кўриб чиқишган. Уларнинг фикрича, эндиликда Украина қуролли кучлари Россия қўшинларини тизимли равишда йўқ қилишга ҳаракат қилмоқда ва рақиб мудофаасида муаммолар пайдо бўлиши билан бундан фойдаланишга киришишни кўзлаган.

Украина қуролли кучларининг юриши режалаштирилганидан секинроқ кечаётганини июн ойи охирида BBC билан суҳбатда Украина президенти Володимир Зеленский ҳам айтиб ўтганди.

Резников СNN телеканалига «генераллар, командирлар жанг майдонидаги реал вазиятни яхшироқ кўриши»ни айтган. «Яна бир бор такрорлашим керакки, биз учун асосий қадрият — ҳарбийларимизнинг ҳаётидир», — дея қайд этган вазир.

СNN Украина қуролли кучлари асосий юриш ҳаракатларини олиб бораётган жанубий фронтдаги вазият асосан россияликлар томонидан миналаб ташланган кенг майдонлар туфайли мураккаблигича қолаётганини қайд этган.

Резниковнинг сўзларига кўра, украин ҳарбийлари далалардаги сўқмоқлар бўйлаб ҳаракатланиб, йўлларни миналардан қўлда тозалашига тўғри келмоқда. Мудофаа вазирига кўра россияликларда «миналанган жиддий ҳимоя ҳудуди» мавжуд ва улар орқали «ёриб ўтиш жуда қийин».

«Биз чинакамига юриш ҳаракатларига йўлаклар тайёрлаш учун ўз ҳарбийларимиз, сапёрларимиздан фойдаланишимиз, миналанган майдонларни аста-секинлик билан тозалашимиз керак», — деган Резников.

У россияликлар асосий зарба йўналишини топа олмаслиги учун украин қўшини турли йўналишларда ҳужумлар уюштираётганини таъкидлаган.

«2024 йил ёзигача ғалаба ва НАТОга кириш»

Резников урушнинг бориши ҳақида тўхталиб, у кейинги йил ёзигача Киевнинг ғалабаси билан тугаши — ва шундан кейин Украина НАТОга аъзо бўлиш учун таклиф олиши мумкинлигини айтган.

Украин ҳарбийлари учун қарши ҳужум вақтидаги асосий тўсиқлардан бири — РФ армияси томонидан миналанган улкан майдонлар бўлмоқда

Резников Шимолий Атлантика алянсининг кейинги йил июлида Вашингтонда ўтказиладиган навбатдаги саммити блок ташкил топганининг 75 йиллигига тўғри келишига эътибор қаратган.

«Ким айтди дейсиз, бу эҳтимол Украина учун жуда муҳим бўлар. Бу фақат менинг прогнозим», — деган Украина мудофаа вазири.

НАТОнинг яқинда Вилнюсда ўтказилган саммитида алянс аъзолари Украинанинг келажаги блокда эканини айтишган, аммо унинг аъзо бўлиб киришининг аниқ вақтини келтиришмаганди. Улар Украина НАТОга фақат барча зарур шартлар бажарилганида ва барча аъзолар буни маъқуллаганида кириши мумкинлигини билдиришган.

Резников Украина НАТОга Россия билан уруш якунланмагунича аъзо бўла олмаслигини тан олган. Уруш 2024 йилги саммитгача якунланиши мумкинми, дея берилган саволга жавобан эса дарҳол жавоб қайтарган: «Ҳа. Биз бу урушда енгамиз».

Резников Керч кўприги - Украина қуролли кучларининг асосий нишонларидан бири эканини тасдиқлади

Украина ҳарбий вазирлиги раҳбари мамлакат қуролли кучлари бундан кейин ҳам Керч бўғозидаги кўприк ва Қрим яримороли бўйлаб зарба беришда давом этишини таъкидлаган.

«Бу нишонларнинг барчаси қонуний, чунки бу [уларга зарба берилиши] Россиянинг бизга қарши курашиш қобилиятини пасайтиради ва украиналикларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради», — деган Резников.

Украина кўприкни бутунлай вайрон қилмоқчими, деган саволга Резников душман логистика линияларини йўқ қилишни уларни кўпроқ ўқ-дорилар, ёнилғи, озиқ-овқат ва бошқаларни олиш имкониятидан маҳрум қилиш учун мўлжалланган «оддий тактика» деб атади. 

«Шунинг учун биз уларга қарши бу тактикани қўллаймиз», дея қўшимча қилди вазир. 

Ўтган ҳафтанинг сешанба куни Украина қуролли кучлари Қримдаги ўқ-дорилар сақланадиган омборга зарба йўллади, ундан олдинроқ эса Қрим кўприги денгиз дронлари орқали портлатилганди.

Душанба куни ҳам Қримда дронлар ҳужуми оқибатида ўқ-дори омборида портлаш рўй берган.

Украинага F-16 қирувчилари қачон етказиб берилади?

Украина мудофаа вазирлиги раҳбари украин учувчилари Киев Ғарбдан етказиб беришни сўраётган F-16 самолётларида машғулотлар ўтказиши масаласида ҳам гапирган.

Резниковнинг айтишича, украин пилотларини ўқитиш август ойида бошланади ва «камида олти ой» вақт олади. Шу тариқа, энг оптимистик сценарийда украин пилотлари Украина осмонида F-16 самолётларида кейинги йил баҳорига бориб парвозларни бошлаши мумкин.

НАТОнинг Вилнюсдаги саммити вақтида Резников украин учувчиларини ғарб намунасидаги қирувчи самолётларда парвоз қилиш учун тайёрлаш бўйича меморандумни имзолади, бу жараёнда қуйидаги 11 мамлакат иштирок этади: Дания, Нидерландия, Белгия, Канада, Люксембург, Норвегия, Полша, Португалия, Руминия, Швеция ва Буюк Британия.

Украинага ғарб қирувчи самолётларини айнан қайси мамлакат етказиб бериши ҳозирча номаълум. Аввалроқ ғарбнинг айрим мамлакатлари бу масала фаол муҳокама қилинаётгани ҳақида хабар берганди.

Кассетали ўқ-дорилар ҳақида ҳисобот

Резников шунингдек, Украина шу ҳафтада Пентагонга Украина қуролли кучлари Қўшма Штатлар етказиб берган кассетали ўқ-дорилардан нақадар самарали фойдаланаётгани ҳақида ҳисобот тақдим этишини айтди.

Фото: Reuters

CNN учун интервюда у ҳозирда ўзи ҳам бу ҳисобот келишини интиқлик билан кутаётгани, шундан кейин уни америкалик ҳамкорларга етказишини айтган.

«Умид қиламанки, бу ўқ-дорилар оддийларига қараганда анча самаралироқ бўлади», — деган Резников.

АҚШ маъмурияти Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Жон Кирби ўтган ҳафтада Украина Американинг кассетали ўқ-дориларини қабул қилиб олгани ва уларни жанг майдонида қўллашни бошлаганини маълум қилганди. Кирбининг сўзларига кўра, украинлар бу ўқ-дорилардан самарали ва ўринли фойдаланмоқда, бу эса аллақачон маълум натижаларни келтирган.

Резников ҳисобот эълон қилинмагунча, батафсил маълумотларни тақдим этишни истамаган, аммо у кассетали ўқ-дорилар «айниқса артиллерия тизимлари, хусусан контрбатарея жанглари вақтида, шунингдек, душманнинг зирҳли транспорт воситаларига қарши самарали бўлишини, бундан ташқари, жанг майдонидаги пиёдаларга қарши яхши самара келтириши»ни кутаётганини айтган.

Украиналик вазирнинг сўзларига кўра, Украина кассетали ўқ-дорилар етказиб бериш бўйича келишув доирасида Пентагонга шундай ҳисобот бериш мажбуриятини олган.

Аввалроқ АҚШдагилар халқаро конвенция томонидан тақиқланган бундай снарядларни Украинага топшириш (лекин АҚШ ҳам, Украина ҳам, Россия ҳам конвенцияни имзоламаган) — стандарт 155-мм калибрли артиллерия снарядлари тугаб қолгани натижасида юзага келган вақтинчалик ҳолат эканини таъкидлаганди.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина мудофаа вазири қарши ҳужум секин кетаётгани бўйича изоҳ берди