22:43 / 27.07.2023
586

Украина қарши ҳужумида жиддий муваффақиятлар йўқлигининг янги сабаблари

Фронтдаги украин ҳарбийлари. Фото: Володимир Зеленский Телеграм канали
Ғарб экспертлари ва матбуоти Украина армияси ёзги қарши ҳужум чоғида катта қийинчиликларга дучор бўлиб, Киевга иттифоқчилари томонидан етказиб берилган қурол-яроғлардан айрилаётганини ёзиб келмоқда. Асосий сабаб сифатида Россиянинг кенг мина майдонларига эга мудофааси кутилганидан мустаҳкамроқ чиққани кўрсатилаётганди.

Энди қарши ҳужум бошланганидан бир ярим ой ўтгач, кўп нарса ойдинлаша бошлади ва вазиятга бошқа тушунтиришлар ҳам қўшилди: бу Украина қўшинларининг умумқўшин операциялари ўтказишга лаёқатсизлиги ва қуролли кучлар аскарларининг НАТО стандартлари бўйича машқлари ёмон ташкиллаштирилгани, дейилмоқда.

Bild нашри Бундесвернинг ички ҳужжатларига таяниб ёзишича, немис ҳарбийлари Украина армиясини қарши ҳужум чоғидаги хатти-ҳаракатлари учун илк бор танқид остига олишган. Айтилишича, йил бошидан буён Европада Украинанинг жами одам сони 20 мингга яқин бўлган камида тўққизта зарбдор бригадаси ўқитилган ва қурол-аслаҳалар билан таъминланган. Бироқ, ГФР мудофаа вазирлиги Украина уларни беҳудага бўлиб ташламоқда ва кичик кучлар билан ҳужумга ўтмоқда, деб ҳисобламоқда.

«Ҳарбий қисмлар шунчалик кичик бўлакларга бўлинмоқдаки, гарчи ҳар бир кичик ҳарбий қисм нимадир билан машғул бўлса-да, умумий жанговар раҳбарлик кўзга ташланмаяпти», — дейилади ҳужжатда. Бундесвердагилар фикрича, бу «ўзиникини отиб қўйиш» хавфини кучайтарибгина қолмасдан, «бош зарба йўналиши бўйича ҳаракатга ўтиб, ўт очиш ташаббусига эга бўлиш учун манёврли бўлинмалар етишмаслигини келтириб чиқаради».

Немис мутахассислари жанговар тажрибага эга украин аскарлари ғарб техникасини янги чақирилганлардан кўра ёмонроқ ўзлаштираётганига ҳам урғу берган. Ёш курсантлар машқлар давомида жангда ўт очиш ва ҳаракатга келишдан фойдаланиш принципларини яхшироқ ўзлаштирмоқда, бироқ Украинага қайтиши ҳамоно уларнинг советча техника ва тактикада суяги қотган командирлари бу ғарбона принципларга амал қилмаслигига дучор бўлишмоқда.

Ҳарбий таҳлилчи Юлиан Репкенинг тушунтиришича, ғарбда ўқитилган Украина ҚК бригадалари 10–30 аскардан иборат бўлинмаларга бўлиб ташланмоқда, Украинанинг жанг доктринаси ва офицерлари ғарбда ўргатилганларига терс ҳаракатлар қилишмоқда ва шу туфайли ташаббусни қўлдан бой беришмоқда.

Киевнинг қарши ҳужумдаги муаммолари биргина мина майдонлари билан чекланмаслиги ҳақида Халқаро стратегик тадқиқотлар институти катта илмий ходими, фронтда бўлиб қайтган Франц-Стефан Гади томонидан ҳам аввалроқ тилга олинган эди. Унинг айтишича, Украина қуролли кучларининг жиддий муваффақиятларга эга бўлолмаётганининг асосий сабаби армия кенг миқёсли умумқўшин операцияларни самарали ташкиллаштиришга лаёқатсиз экани, бунинг натижасида фронтнинг турли участкаларида операциялар ҳамоҳанг ўтказилмаётгани бўлиши мумкин.

Бу Украина қўшинларини ҳаракатланиш асносида Россиянинг танкларга қарши ракеталари, артиллерияси ва бошқа қурол-яроғлари олдида ожиз қилиб қўймоқда.

Экспертнинг қайд этишича, Украина ҚКнинг қарши ҳужуми асосан артиллерия томонидан қўллаб-қувватланадиган пиёда қўшинлар жангидан иборат, шу сабабли илгарилашлар арзимасгина бўлмоқда. Миналардан тозалаш ускуналари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етишмаслиги туфайли механизациялашган бригадалардан тўлақонли фойдаланишнинг иложи бўлмаяпти, дея қўшимча қилган у. Гадининг фикрича, Украина Россия мудофаасини ёриб ўтишга янада тизимлироқ ёндаша бошласагина қарши ҳужум характери ўзгариши мумкин, Россия армиясида жанговар руҳиятнинг чўкиб кетиши ҳам мудофаа барбод бўлишига олиб келади.

Британия Қироллик мудофаа тадқиқотлари бирлашган институти (RUSI)нинг урушни олиб бориш масалалари бўйича катта илмий ходими Жек Уотлинг юқоридаги фикрни давом эттирар экан, Ғарб давлатлари Украинага қурол-яроғ етказишни пайсалга солган чоғда Россия қўшинлари окоп қазиб, истеҳком қурганини эслатади. Бу мудофаа чизиқлари қудратли артиллерия ва авиация кўмагига ҳам эга.

У шунингдек Украина ҳарбийларини шуғуллантириш жараёни ҳам ёмон ўйланганига эътибор қаратган. Украинада аскарларни индивидуал ўқитиш мумкин, бироқ катта бўлинмалар учун бунинг имкони йўқ, чунки полигонлар РФ ҚК нишонига айланиши муқаррар. Европада эса украиналиклар ўқишларни тўлақонли якунлай олишмайди, чунки ўзлари томонидан ишлаб чиқарилган, бироқ НАТО томонидан сертификатланмаган жанговар тизимлардан фойдалана олишмайди.

The Wall Street Journal нашрининг қўшимча қилишича, Украина ҚК айни пайтда осмонда устунликка эга эмас, бусиз мураккаб қарши ҳужумларни уюштириш имконсиз. Ҳарбий экспертларнинг айтишича, ғарб давлатлари армияларининг бирортаси осмонда устунликка эга бўлмасдан туриб, душманнинг мустаҳкамланган мудофаа чизиғига ҳужум уюштирмайди. Бундан ташқари, Киев фронт чизиғи яқинига жойлаштириш учун етарли тарзда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига ҳам эга эмас. Бу етишмовчилик Россияга фронт чизиғининг катта қисмида осмонда устунликка эга бўлишни таъминлаган.

The New York Times ҳам нохуш манзарани тасвирламоқда. Нашр журналистлари фронтнинг олд чизиғида бўлишган ва Украина мудофаа урушига яхши мослашгани, бироқ қарши ҳужум операцияларида Украина ҚК арзимаган муваффақиятларга эришаётганини қайд этишган. Бу Украина пиёда қўшинлари окоплар орқали ҳужум қилишга мослашгани, ойлаб давом этган жанглар уларнинг сафини анча қисқартиргани, уларнинг ўрни камроқ тажриба ва кўникмага эга, ёши ўтган, муваффақиятли штурмларни бошлай олмайдиган аскарлар билан тўлдирилаётгани билан тушунтирилади.

Бунгача экспертлар Украина ҳарбий қўмондонлиги Россиянинг Донецк ва Запорижжя областларидаги мустаҳкам мудофаасини тезда ёриб ўтиш амалда имконсиз англаб етиб, ҳарбий ҳаракатларга ёндашувни ўзгартиргани ҳақида айтишган. Қарши ҳужумни тўхтатиш ва захираларни киритиш ўртасида учинчи — ностандарт вариант танланган ва уни «галалашув тактикаси» деб аташ мумкин. Унга кўра, фронтни ёриб ўтишга интилибгина қолмасдан, РФ ҚК мудофаа тизимини очиб ташлаш ва уни артиллерия зарбаларида дучор қилиш мақсад қилинган.

Июн ойи аввалида бошланган қарши ҳужум давомида Украина армияси Жанубий Донецк фронтида ҳужумлар уюштирмоқда. Украина ҚК тўртта асосий йўналишни танлаб олган. Бу Запорижжя областидаги Орихив шаҳри йўналиши (Токмак аҳоли пункти томон, аслида режа бўйича Мелитопол шаҳрига чиқиш), Запорижжя ва Донецк областлари чегарасидаги Велика Новосилка райони, шунингдек Донецк областидаги Марйинка ва Бахмут шаҳри орқали ҳужум.

Сўнгги кунларда асосий воқеалар Времивка дўнглиги атрофида содир бўлди. Россия томони Велика Новосилка район маркази томон чўзилган Времивка посёлкаси яқинидаги ўз позицияларини шундай атайди. Фронт чизиғи дўнглик асосига — Урожайне, Старомлинивка, Старомойорске қишлоқларига тақалиб келиб қолган, уларнинг ортида Россия қўшинларининг муҳим мудофаа чизиқлари жойлашган.

Кузатувчилар июн ойи ўрталаридан бошлаб Украина армиясининг қарши ҳужуми суръати сезиларли пасайганини эътироф этишди. Ғарб ОАВ қарши ҳужум бошланиши фронтлардан бирортасида кутилмаларни оқламаганини хабар қилишди. Бунга бир неча сабаб бор. Уларнинг орасида кенг қамровли мина майдонларига эга Россиянинг эшелонланган мудофааси бор, шунингдек, Украина ҚКнинг GPS координаталар бўйича йўналтириладиган юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланиш имконини йўққа чиқарадиган радиоэлектрон кураш воситалари, РФ ҚКнинг авиация борасидаги устунлиги ҳам бор.

Натижада ҳам Украина, ҳам Россия ҳарбийлари душмани «ҳолдан тойдириш тактикаси»га мурожаат қилишмоқда. Урушни ўрганиш институти (ISW) қайд этишича, пайдо бўлган вазиятда Украина ҚК ўз ҳаракатларини қайта баҳолаб олиш учун ҳужумлардан тин олиши ҳам мумкин.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳам ҳудудларни қайтариб олиш «исталганидан секинроқ» кетаётганини тан олган. Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний эса уни Украина ҚКнинг секин ҳаракатланаётгани ҳақидаги гап-сўзлар ғашига тегаётганини айтган. «Бу бутун дунё томоша қилиб ўтирган, ким ютади деб дов тикаётган қандайдир шоу эмас ахир! Ҳар бир кун, ҳар бир метр қон эвазига қўлга киритилмоқда», деган Залужний. Украина мудофаа вазири Олексий Резников эса аввалроқ Украина қўшинларининг Ғарбда ўқитилган ва тайёрланган, НАТО танклари ва зирҳли техникалари билан таъминланган асосий захиралари ҳали қарши ҳужумда иштирок этмаётганини тушунтирган эди.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина қарши ҳужумида жиддий муваффақиятлар йўқлигининг янги сабаблари