12:30 / 29.07.2023
422

Ғарб Украина қарши ҳужумининг янги босқичи аломатларини пайқади

Фото: Getty Images
Пайшанба куни бир қанча таҳлилий марказлар ва ғарб нашрлари бир вақтда украин қўшини қарши ҳужумнинг янги босқичини бошлагани ҳақида хабар беришди. Россия президенти Владимир Путин ҳарбий ҳаракатлар сезиларли даражада фаоллашганини айтиб, амалда бу маълумотни тасдиқлади.

Хусусан, Bloomberg агентлиги аноним қолишни сўраган америкалик мулозимга таянган ҳолда, Украина жанубда юриш ҳаракатларини фаоллаштиргани, шу билан бирга умуман қарши ҳужум жадал тус ола бошлаганини ёзди.

New York Times Пентагондаги икки манбага асосланиб, Украина қўмондонлиги Вашингтонни асосий зарба йўналишида – Запорижжя областида Орихив шаҳридан жанубда қарши ҳужумнинг янги босқичи бошланганидан хабардор қилганини хабар қилди.

Манбаларнинг сўзларига кўра, Украина ҚК қарши ҳужум учун махсус тайёрланган ва шу вақтгача захирада ушлаб турилган янги тузилмаларининг бир қисмини жангга ташлаган.

Қарши ҳужумнинг янги босқичи бошлангани ҳақида Америка урушларни ўрганиш институти (ISW) ҳам ёзган. Институт мутахассислари ҳисоблашича, украин қўшини Россия мудофаасининг биринчи чизиғини бузишга муваффақ бўлган бўлиши мумкин.

Шу вақтга қадар украин армияси фронтнинг бир неча участкаларида юриш амалиётлари ўтказмоқда, кузатувчилар буни Россия мудофаасидаги заиф жойларни қидириш ёки душман захираларини асосий зарбадан узоқлаштиришга қаратилган алдамчи манёврлар сифатида талқин қилишган.

Барча йўналишларда украин армиясининг ҳаракати секин кечган, буни Украина қўмондонлиги ҳам тан олган. Украина қуролли кучларига зич миналанган майдонлар ва ҳаво кенгликлари ёпилмагани тўсқинлик қилди.

Запорижжядаги зарба

26 июл куни Украина ҚК Запорижжя области ғарбида механизациялашган қарши ҳужум амалиётини бошлади ва афтидан, Россиянинг Орихивдан жанубдаги алоҳида тайёрланган мудофаа позицияларини енгиб ўтишга муваффақ бўлди, дея қайд этган ISW таҳлилчилари.

Украина Бош штабининг жанубдаги вазият бўйича пайшанба куни тонгда берган ҳисоботида Украина мудофаа кучлари ҳужум амалиётларини давом эттираётгани ва эришилган марраларда мустаҳкам ўрнашаётгани ҳақида камтаргина хабар қилинган.

Россиялик ҳарбий мухбирларга кўра, украинлар Орихивдан 10 км жанубдаги Работине қишлоғининг шимоли-шарқидаги мудофаа чизиғини ёриб ўтган. Тарқалган видеоёзувларга кўра, украин қўшини Работине қишлоғидан 2,5 км шарқдаги нуқтага етиб келган, кейин Россия қўшини эластик мудофаанинг стандарт тактикасини қўллаган ва украинлар чекинган, аммо ўзининг бошланғич позицияларига қайтиб келмаган.

Украина асосий зарбани Орихий йўналишида беришга қарор қилганини бошқа бир қанча манбалар ҳам билвосита тасдиқлайди: New York Times мухбири Карлотта Голл чоршанба куни бу ҳудудда Украинанинг Ғарбда ўқитилган янги тузилмаларини учратганини айтган.

Россия мудофаа вазирлиги расмийси Игор Конашенков худди шу ҳудудда «танклар билан кучайтирилган учта батальон кучлари ёппасига ҳужум қилгани»ни айтган (унинг сўзларига кўра, бу ҳужум қайтарилган).

Россия миналаган майдонлар Украина кучлари ҳаракати секин кечишининг асосий сабаби бўлганди

Эҳтиёткорона баҳолар

ISW мутахассислари қайд этишича, қарши ҳужумнинг янги босқичи белгилари яққол кўриниб турибди, аммо бу энди ҳужум тезроқ ривожланишини англатмайди.

Қолаверса, баъзи жиҳатлар Орихив ҳудудидаги «асосий зарба» ҳақидаги хабарларга эҳтиёткорлик билан ёндашишга ундайди. Россия манбаларида бу жойда олдинга силжиган кучлар сони ва улар кўрган йўқотишлар бўйича жиддий тафовутлар мавжуд. Украинанинг олдинги ҳужуми вақтида бундай зиддият камроқ эди.

Бундан ташқари, ISW табиий ёнғинларни, шунингдек фаол ҳарбий ҳаракатлар белгиларини аниқловчи NASA FIRMS сунъий йўлдош сенсорлари томонидан қайд этилган сезиларли миқдордаги термал аномалияларни пайқамаган.

Бу ҳудудда ҳаракатланаётган украин қўшинлари максимал сони учта батальонга баҳоланмоқда (бу Россия мудофаа вазирлиги баҳоси). Уч батальон – бу атиги битта бригада дегани, Украина эса бир қанча янги бригадаларни захирада ушлаб турганди.

ISW Украина кучлари катта ҳудудларни қайтариб олишга қодирлигини прогноз қилишда давом этмоқда, аммо бу юриш катта эҳтимол билан узоқ давом этиши, муваффақиятлар эса сукунат ёки янада қийин ҳамда секин илгарилашлар билан алмашиб туришини таъкидлаган.

Фото: Getty Images

Британия разведкасининг пайшанба куни эълон қилган кунлик ҳисоботида ҳам украин кучларининг Запорижжя областидаги юриши тилга олинган, аммо ҳисобот асосан Россия бу ҳудудда Ка-52 вертолётларини қўллаётганига бағишланган.

Экспертлар аввалроқ украинлар қарши ҳужуми секин суръатларда кечаётгани сабаблари қаторида айнан авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етишмовчилигини санашганди.

Wall Street Journal ғарблик ҳарбийларга асосланиб, ҳаводаги устунликсиз мураккаб юриш амалиёти ўтказиш шунчаки имконсизлигини ёзган.

Шу билан бирга, чоршанба куни BBC мухбири Гордон Корреа билан гаплашган ғарб махсус хизматларидаги манба суҳбат давомида қарши ҳужум мавзусига тўхталган бўлса-да, асосий зарба ҳақида ҳеч нарса демаган. У юриш ҳамон уч йўналиш бўйлаб ривожланаётганини таъкидлаганди.

Тактиканинг ўзгариши

Financial Times газетаси қайд этишича, қарши ҳужумнинг биринчи босқичидаги муваффақиятсизлик Украинани тактика ўзгартиришга мажбур қилган.

FT журналистлари гаплашган ҳарбийлар Украина қарши ҳужумининг илк кунларини «хаос» деб таърифлайди.

Ҳарбийларнинг олдинга силжиши ўз бўлинмаларини ўққа тутиш ҳолатлари билан бирга кечади, ҳужум қилишга уринишлар эса тезда россияликларнинг миналанган майдонлари, танкка қарши ракеталари ва Ка-52 вертолётларига тўқнаш келган илғор бўлинмаларни қутқариш амалиётига айланади.

Нашр маълумотига кўра, биринчи босқичда Украина НАТО мамлакатлари томонидан тақдим этилган қуролларнинг тахминан бешдан бир қисмини йўқотган.

Якунда Киев тактикани ўзгартирган ва бу, украин командирларининг сўзларига кўра, афтидан, жанг майдонида натижага эришиш имконини бермоқда.

Штурм ҳаракатлари ўрнига украин ҳарбийлари россияликларникидан узоқлик ва аниқлик борасида устун турувчи артиллериясидан ёппасига фойдаланишга ўтган. Бу илғор гуруҳларнинг илгарилаши ва катта йўқотишларсиз тактик ютуқларга эришишини таъминлаган.

Аммо ғарблик иттифоқчиларда бу стратегияга ҳам саволлар  бор – Украина буни етарлича узоқ давом эттира оладими ёки Москвани музокаралар столига ўтиришга мажбур қиладиган ҳарбий муваффақиятга эриша оладими?

Шундай хавотир ҳам борки, Украина қуролли кучлари артиллерия снарядлари захираларини тезлик билан сарф қилмоқда ва юриш секин кетаётгани Россияда янги мудофаа чизиқларини барпо этиш ва янги кучларни тайёрлаш учун вақт пайдо бўлиши мумкин.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ғарб Украина қарши ҳужумининг янги босқичи аломатларини пайқади