
Қозоғистон Республикаси биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг эксклюзив автомобили сотувга қўйилди. Бу ҳақда “Toppress” хабар бермоқда.
Қозоғистондаги автомобиль савдоси билан шуғулланадиган онлайн платформага Нурсултон Назарбоевга тегишли бўлган Mercedes 600 SEL (Sonderschutz) GUARD B7 русумли автомобиль расми жойланиб, унинг сотувга қўйилгани эълон қилинди. Сотувчининг тавсифига кўра, машина ҳозир Тараз шаҳрида, унинг барча қисмлари асл ҳолида сақланган.

Қайд этилишича, автомобиль Германиядаги заводда махсус буюртма асосида ишлаб чиқарилган. Машина Калашников автомати ва снайпер ўқларига бардош бера олади. Машина заводнинг ўзида ишлаб чиқариладиган зирҳли плиталар билан мустаҳкамланган. Худди шундай Mercedes С600 Guard Грузиянинг собиқ президенти Эдуард Шеварднадзенинг ҳаётини сақлаб қолган эди. Унинг машинасига граната ва оғир пулемётлар билан ҳужум қилинган, бироқ сиёсатчи жабрланмаган.
Сотувчига кўра, Россия президенти Владимир Путиннинг ҳам худди шундай машинаси 1,3 миллион еврога сотилган. Назарбоевга тегишли автомобиль эса 222 миллион тенге (тахминан 454 минг евро)га баҳоланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!