date
views 988

“Толибон” омма олдида аёл ва эркакни қамчилади

Фото: DPA

Афғонистоннинг Ғур вилоятида “Толибон” расмийлари омма олдида эркак ва аёлни қамчилади. Бу ҳақда маҳаллий манбаларга таяниб, Hasht-e Subh Daily хабар берди.

Маълум қилинишича, жабрланувчилар никоҳдан ташқари алоқаларда айбланган. Шу сабабли “Толибон” уларни очиқ стадионда қамчилаган.

Аёл ва эркакка 39 дарра урилгани айтилмоқда. Бундан ташқари, эркак бир ойга, аёл эса 9 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Афғонистонда шариат қонунлари асосида жазо қўлланади

“Толибон” етакчиси Ҳайбатулла Охунзода 2022 йил судьяларга ислом қонунларининг омма олдида қатл қилиш, тошбўрон қилиш, калтаклаш ва ўғриларни оёқ-қўлларини кесиш каби жиҳатларини тўлиқ татбиқ этишни буюрганди.

Мазкур буйруқдан сўнг “Толибон” расмийлари унга амал қилишни кучайтирди. Жумладан:

14 декабрь куни “Толибон” 20 кишини зино, ўғрилик ва бошқа жиноятларда айблаб, жамоат олдида қамчилади. Унда ҳар бир эркак 35 дан 39 мартагача калтакланган. Жазоланганларнинг аксарияти қилган жиноятларига кўра қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

20 декабрда “Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг икки вилоятида 30 кишини, жумладан, аёлларни қамчилаган. Улар ўғрилик, зино ва гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, 25 дан 39 даррагача урилган

Январь ойида “Толибон” Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида тўққиз кишини омма олдида жазолаган. Ўғрилик қилгани учун тўрт кишининг қўли омма олдида кесиб ташланган. Никоҳдан олдинги муносабат ва жиноятларда айбланган яна беш нафар айбланувчи ҳибсга олинган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Толибон” омма олдида аёл ва эркакни қамчилади