Қозоғистон Энергетика вазирлиги Россия ва Ўзбекистон билан газ саноати соҳасида ҳамкорлик қандай амалга оширилаётганини баён қилди.
Энергетика вазирлиги расмий вакили Чингиз Илёсов сўзларига кўра, 2022 йил ноябрь ойида газ соҳасида мамлакатлар ўртасида учтомонлама ҳамкорликни шакллантириш ташаббуси Россия томонидан эълон қилинган.
«Бу давлатлар билан газ соҳасида ҳамкорлик ўзаро манфаатли шериклик асосида икки томонлама форматда амалга оширилмоқда», деди Илёсов.
Қозоғистон газ транспорт тизими Россия газини Ўзбекистон йўналиши бўйича транзит қилиш учун имкониятга эга эканини ҳисобга олиб, Қозоғистон ҳукумати ва Россиянинг «Газпром» компанияси ўртасида чора-тадбирлар режаси имзоланган. У Россия газини Ўзбекистонга ташиш учун «Марказий Осиё – Марказ» магистраль газ қувурини техник тайёрлашни ўз ичига олади.
«Бугунги кунда Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиш учун «Марказий Осиё - Марказ» газ қувурининг Қозоғистон қисмини техник жиҳатдан тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ишлар 2023 йил 1 октябргача якунланиши режалаштирилган», деди Энергетика вазирлиги вакили.
Аввалроқ, Қозоғистоннинг QazaqGaz компанияси 2023 йил октябрь ойидан бошлаб «Марказий Осиё – Марказ» қувури орқали Россия газини Ўзбекистонга транзит қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!