Жорий йилнинг 15-16 август кунлари Қирғиз Республикаси Чўлпон-Ота шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10 йиғилиши бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан, бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакатимиз ҳукумати делегацияси Қирғизистонга ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси делегациясини Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров қабул қилди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровга Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Ўз навбатида, Қирғизистон раҳбари мамлакатимиз етакчисини ва бутун халқимизни Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан яна бир бор самимий табриклаб, халқимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Учрашувда Олий даражада эришилган келишувлар ижросини таьминлаш, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, транспорт, сув ва қишлоқ хўжалиги ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.
Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Қирғизистонга амалий ташрифи давом этмоқда.
Бош вазир матбуот хизмати.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!