Унинг ортидан қишлоқ эгаллангани ҳақидаги маълумотни Украина қуролли кучлари бош штаби расмийси Андрей Ковалев ҳам тасдиқлади.
Россия қисмлари аввалроқ бой берилган Старомайорскедан шарқда жойлашган Урожайне посёлкасини ташлаб чиққани ҳақида россиялик Z-блогерлар ўтган ҳафта охирларидаёқ ёза бошлаганди, аммо бу маълумот бугунги кунга қадар расман тасдиқланмаганди.
Урожайне — Мокрие Яли дарёси водийсида, ўтган йили Россия қўшинлари Запорижжя ва Донецк областлари туташган ҳудудда Украина мудофааси ичкарисига кириш орқали ҳосил қилган ҳамда Украина қуролли кучларига қанотлардан муаммо туғдириб турган Времивка бўртиғида жойлашган қишлоқлардан бири ҳисобланади.
Эндиликда Времивка бўртиғи ортиқ мавжуд эмас — бу ҳудуд Украина армиясининг ёзги юриши давомида тўлиқ узиб ташланди; қолаверса, энди Украина қуролли кучларининг ўзи россияликларнинг жанговар тартибига ёриб кирди ва амалда бу участкада Россия мудофаасининг иккинчи, яъни асосий чизиғига етиб келди. Асосий мудофаа чизиғининг бу йўналишдаги таянч пункти ҳисобланган Старомлинивка қишлоғи Урожайнедан 2-3 км жанубда жойлашган.
Украина ҚК ёзги қарши ҳужуми давомида айнан Времивка бўртиғида энг кўп аҳоли яшаш манзилларини озод этган. Украинлар Урожайнедан шимоли-ғарбдаги Старомайорскени қайтариб олгани август ойи бошида маълум бўлганди ва ўшанда россиялик Z-пабликлар Урожайне мудофааси уч кундан ортиқ бардош бера олмаслигини тахмин қилганди. Аммо Россия қўшини захираларини олиб келиб, тинимсиз ҳужумга ўтган ҳолда уни яна икки ҳафта давомида мудофаа қилди.
Урожайне нимаси билан муҳим?
BBC шарҳловчиси Илья Абишев
Бу қишлоқ жануб томон силжиётган украин қўшинларининг чап қанотини ҳимоя қилади ва Старомайорске билан биргаликда келгусида Азов денгизи томон юриш қилиш учун анчагина катта плацдарм ташкил этиш имконини беради - бу ердан туриб турли йўналишларда ҳужумга ўтиш мумкин.
Урожайнедан ғарброқда жойлашган Приютне ҳудудида тўпланган Россия қисмларини Старомлинивкадаги асосий кучлардан узиб қўйиш учун зарба берилиши мумкин. Шунингдек, дарё ёқаси бўйлаб Красная Поляна қишлоғи ва кейин Мариупол томон юриш қилиниши хавфи мавжуд. Украинларда бошқа вариантлар ҳам бор.
Шу билан бир вақтда Украина армияси жанубий фронтнинг бошқа участкаларида босим қилишни тўхтатмаяпти. Орихив ва Токмак оралиғидаги Работине қишлоғи эгаллангани ҳақида ҳам хабарлар келмоқда, бу эса Орихив йўналишида ҳам Россия мудофаасининг иккинчи чизиғига етиб келинганини англатади. Қолаверса, Запорижжя шаҳридан жанубда, Днипро дарёси бўйидаги Василивкага ҳужум қилинмоқда ва Херсон области ҳудудида дарё бўйида плацдармлар ташкил этилмоқда.
Юриш қилиш учун эҳтимолий йўналишлар кўпайгандан кўпаймоқда. Украина қуролли кучлари учун имкониятлар ойнаси очилмоқда, бу эса ҳимояланаётган томон учун ёмон хабар.
Россия армияси Урожайнени нақадар тиришқоқлик билан ҳимоя қилгани ҳам Герасимовнинг бош штабидагилар ҳарбий сафлар чўзилиши ва мудофаа чизиқлари ёриб ўтилиши хавфи ортганини ҳис қилаётгани кўрсатади.
Россия қўмондонлиги фронт чизиғини барқарорлаштириш учун фаол мудофааланиб, рақибни чекинтириш ва у ўзига келиб олишига йўл қўймасликка ёки ҳеч бўлмаганда вақтдан ютишга ҳаракат қилмоқда, аммо бунинг учун янгидан янги кучларни, жумладан стратегик захираларни жангга ташлаш талаб этилади.
Қарши ҳужумга ўтиш учун зарур шароитлар йўқлигида бундай мудофаа тактикаси янада кўпроқ ресурсларни талаб этади. Захира қисмлар мавжуд, аммо уларнинг барчасини ҳам ҳаракатга келтириб бўлмайди — уларнинг баъзилари бошқа, танклар учун хавфли ҳисобланадиган йўналишларни қамраб турибди, бошқалари энг муҳим вазифаларни бажаришга лаёқатли эмас, яна бошқалари эса қора кун учун асраб турилади.
Аммо ресурслар ҳужум қилаётган томон учун ҳам зарур
Украина қуролли кучларининг кичик гуруҳлар билан Россиянинг ўт очиш позицияларини очиш ва уларни аниқ нишонларга эга артиллериянинг самарали зарбалари билан бостириш тактикаси қайсидир маънода «Вагнер» ХҲКнинг Бахмут учун жанглардаги услубини ёдга солиб юборади.
Аммо вагнерчилар фронтнинг тор участкасида ҳаракат қилган бўлса, украин қисмлари анча кенг фронт бўйлаб Россия мудофаа тартибини бузишга ҳаракат қилмоқда.
Кўриниб турибдики, ҳужум қилишнинг иккинчи варианти афзалроқ, аммо ҳар икки ҳолатда ҳам ҳужум қилаётган томоннинг катта йўқотишлари муқаррар бўлади.
Ёппасига ҳужум қилинганда йўқотишлар сони кўпроқ бўлиши ҳам мумкин — ва муваффақият кафолатланмаган ҳолда.
Бундай характердаги ҳарбий ҳаракатларда энг муҳими - ҳарбий амалиётнинг ҳал қилувчи босқичи арафасида томонлар қандай кучлар мувозанати ҳосил қилганида бўлади. Бунда гап фақат кимда кўпроқ куч борлигида эмас, балки аскарларнинг руҳий ҳолати ва бошқа кўплаб омиллар ҳам муҳим.
Буни эса фақат доҳиёна бош штаб аниқ ҳисоблай олиши мумкин. Ва доим ҳам эмас.
Украина, Урожайне, Озод этди, Россия мудофааси Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг