date
views 267

АҚШ фуқароси Москвада жосуслик иши бўйича ҳибсга олинди

АҚШ фуқароси Москвада жосуслик иши бўйича ҳибсга олинди
Фото: РБК

Москванинг Лефортово суди асли келиб чиқиши россиялик бўлган АҚШ фуқароси Жин (Евгений) Спекторни жосуслик иши бўйича ҳибсга олди. Бу ҳақда 17 август, пайшанба куни Россия давлат ахборот агентликлари судга таяниб хабар берди. Суд веб-сайтида иш карточкаси ҳам пайдо бўлди, аммо айблов тафсилотлари кўрсатилмаган.

«Интерфакс» хабарига кўра, иш материаллари махфий бўлганлиги сабабли мажлис ёпиқ эшиклар ортида ўтган. Жосуслик бўйича моддага кўра, ҳибсга олинган шахс 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Спектор Ленинградда туғилиб ўсган, аммо кейинроқ АҚШга кўчиб ўтган ва у ерда фуқароликка эга бўлган. У саратон касаллигига қарши дорилар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Медполимерпром» компаниялар гуруҳи директорлар кенгаши раиси ҳисобланган, деб ёзади ТАСС.

АҚШ маъмурияти Америка фуқаросининг ҳибсга олинишига ҳозирча изоҳ бермади.

Дворковичнинг собиқ ёрдамчисига пора бериш бўйича иш

ТАСС хабарига кўра, Спектор аввалроқ Россия бош вазирининг собиқ ўринбосари Аркадий Дворковичнинг пора олгани учун 12 йилга озодликдан маҳрум этилган ёрдамчиси Анастасия Алексеева иши бўйича судланган.

2021 йил июн ойида Москванинг Останкино суди уни ўта йирик миқдорда пора беришга воситачилик қилганликда айбдор деб топиб, 4,5 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилди. Шу билан бирга, ҳукм апелляция тартибида бекор қилинди ва 2022 йил сентябр ойида қайта кўриб чиқишда Спектор 3,5 йил қамоқ жазосини олди.

Алексеева 2023 йил апрел ойида 12 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ва 75 миллион рубл миқдорида жаримага тортилди. Тергов маълумотларига кўра, у бир қатор вазн йўқотадиган дори воситаларини Россияда тақиқланган дорилар рўйхатига киритмагани учун чет эл курортларига саёҳат шаклида пора олган.

Спеcторга қарши жосуслик айблови ушбу иш билан боғлиқми ёки йўқми, бу ҳозирча номаълум.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ фуқароси Москвада жосуслик иши бўйича ҳибсга олинди