date
views 298

Нидерландия Украинага 42 дона F-16 бермоқда

Нидерландия Украинага 42 дона F-16 бермоқда
Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Украиналик учувчиларни ўқитиш якунланганидан кейин Нидерландия Украинага Америка томонидан ишлаб чиқарилган 42 дона F-16 қирувчи самолётларини етказиб беради. Бу ҳақда Нидерландияга ишчи ташрифини амалга оширган Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилди.

«Биз [Нидерландия ҳукумати раҳбари] Марк Рютте билан бизнинг учувчиларимиз ва муҳандисларимизнинг машғулотлари якунлангач, Украинага етказиб бериладиган F-16 қирувчилари миқдори бўйича келишувга эришдик. 42 та самолёт. Ва бу фақат бошланиши. Раҳмат, Нидерландия!» — деди украинлар етакчиси Нидерландия бош вазири билан музокаралардан кейин.

Зеленский шунингдек ўз телеграм каналида Рютте билан F-16 самолёти фонида тушилган селфини жойлаштирган.

Рютте Зеленский билан биргаликдаги матбуот анжуманида Нидерландия ва Дания етказиб бериш шартлари бажарилиши биланоқ F-16 самолётларини Украина ҳаво кучларига тақдим этишини айтди. У май ойида Нидерландия украин ҳарбийларини F-16 самолётларидан фойдаланишга ўргатишини маълум қилганини эслатиб ўтган.

«Аммо барчага тушунарлики, самолётлар бўлмаса, ўқув машғулотлари ўтказиб бўлмайди. Бошқача айтганда — самолётларда машқ қилиниши учун аввал уларни етказиб бериш керак», — дея қайд этган нидерландлар бош вазири.

Рютте Нидерландия армияси ихтиёрида 42 та F-16 самолёти борлиги айтган. Reuters агентлиги эса ҳозирча уларнинг барчаси Украинага етказилиши ҳақида гапиришга эрта.

Пилотлар айнан қачон машғулотларни якунлаши ва Украина самолётларни қачон олишига аниқлик киритилмаган.

Кўп ўтмай Дания мудофаа вазирлиги ҳам Украинага F-16 самолётлари етказиб берилишини ваъда қилди.

«Биз F-16 самолётларини АҚШ ва бошқа ҳамкорлар билан яқиндан алоқада бўлиб турган Украина ва Украина ҳарбий-ҳаво кучларига топширишга розимиз», — дейилади Дания мудофаа вазирлиги хабарида.

Вазирлик қирувчи самолётлар берилиши учун бир қанча шартлар, жумладан, украин мутахассисларини саралаш, текшириш ва ўқитиш, шунингдек инфратузилма ва логистикани тайёрлаш лозимлигини қайд этган. Дания томонидан етказиб бериладиган самолётлар сони ва уларни етказиш муддатига аниқлик киритилмаган.

  • Володимир Зеленский ва армиясида Американинг F-16 қирувчи самолётлари мавжуд бўлган Европа мамлакатлари етакчилари уларни етказиб бериш бўйича май ойидаёқ келишувга эришганди. Гап фақат Европа мамлакатлари армияларидаги самолётлар ҳақида боради. АҚШ ўз қирувчиларини етказиб бериш ҳақида хабар қилмаган.
  • Июл ойида Дания ва Нидерландия бошчилигидаги 11 мамлакат коалицияси украин пилотларини F-16 бошқаришга ўргатишга тайёрлиги маълум қилинди, аммо буни Вашингтоннинг расмий рухсатисиз амалга ошириб бўлмасди. Август ойи бошида Пентагон бундай рухсат берилгани ҳақида эълон қилди.
  • ОАВ баҳоларига кўра, Украинага F-16 самолётлари 2024 йилдан олдин етиб келмайди. Хусусан, The Washington Post нашри ёзишича, украин учувчиларини ўқитиш фақат январ ойида бошланади, унгача эса улар Буюк Британияда инглиз тилини ўрганиш курсларидан ўтиши керак, бу жараёнга тўрт ой вақт кетади. Қирувчиларни бошқариш бўйича машғулотлар эса яна ярим йил вақтни олади.
  • 18 август куни Reuters АҚШ Дания ва Нидерландиядан F-16 қирувчиларини Украинага юборишни маъқуллагани хабар қилинди. Дания мудофаа вазирлиги украин пилотлари ушбу мамлакатда қирувчи самолётлардаги машғулотларни август ойи охирида бошлаши ҳақида маълум қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Нидерландия Украинага 42 дона F-16 бермоқда