00:14 / 22.08.2023
698

Украина қандай қилиб одамларни ҳарбий комиссариатларга боришга ва қўрқмасликка ундамоқда?

Фото: Getty Images
Украина ҳукумати «ҲЧМ маълумотларини янгила» ахборот кампаниясини ишга туширди. У Киевдаги махсус брифингда тақдим этилди. Мудофаа вазирлиги шу орқали украиналикларни «воeнкомат»лардаги (Украинада — ҳудудий чақирув марказлари, ҲЧМ) шахсий маълумотларни янгилашга ва ҳарбий хизматга тайёргарлик кўришга ундамоқчи.

Украинада сафарбарлик давом этмоқда ва жамоат жойларида чақирув қоғозларини оммавий тарқатиш ҳамда ҲЧМ ходимлари ва фуқаролар ўртасидаги низолар билан бирга кечмоқда. Вақти-вақти билан одамларни чақирув қоғози топширмасдан ҳам кўчадан олиб кетиш ва ҲЧМга олиб бориш мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.

Шу билан бирга, ҳатто президент Володимир Зеленский ҳам ҲЧМдаги коррупция ҳақида гапириб, қўмондонликни барча ҳудудлар «воeнкомат»лари раҳбариятини ўзгартиришга чақирди.

ҲЧМга боришдан қўрқманг

«Биз чақираётган асосий нарса — бу шунчаки ҲЧМга бориб, маълумотларни янгилашдир. Бу одам шундан кейин сафарбар қилинади ёки хатга тушади, дегани эмас. Бу одатий процедура. Агар одам ўз маълумотларини янгиласа, бу ҲЧМ ишини осонлаштиради, коррупция хавфининг бир қисмини йўқ қилади», деган мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр Киевдаги брифингда.

«ҲЧМ маълумотларини янгилаш кўчаларда чақирув қоғозларини беришда юзага келадиган кўплаб муаммолар олдини олишга ёрдам беради ва одамлардан ўз мутахассисликлари бўйича самаралироқ фойдаланишга имкон яратади», деган Украина қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинлари қўмондонлиги штаб-квартирасининг кадрлар бўлими бошлиғи Роман Горбах.

Горбах ҳам, Маляр ҳам маълумотларни янгилаш учун ҲЧМга бориш дарҳол сафарбар бўлишни англатмаслигини бир неча бор таъкидлаган.

«Маълумотларнинг янгиланиши — бу ҲЧМ картотекаларини сафарбарлик вақтида хабардор қилишга ёрдам берувчи муҳим маълумотлар билан тўлдиришни англатади. Бироқ маълумотларни янгилаш ва сафарбарлик икки хил нарса», дейди Роман Горбах.

Ҳарбий комиссарликлардаги барча жанжаллардан сўнг, у «воeнкомат»ларда коррупцияга қарши кураш олиб борилаётганини айтган ва келгусида ҳам бу кураш давом эттирилишига ишонтирган.

Малярнинг сўзларига кўра, мудофаа вазирлиги одамлар нега ҲЧМга боришни истамаслигини узоқ вақт ўрганган ва асосий сабаб қўрқув эканини аниқлаган.

«Уруш — қўрқинчли, биз барчамиз буни очиқ тан оламиз, аммо бу уялиш учун сабаб эмас. Бу нормал. Биз ҳаммамиз тирик одамлармиз ва барчамиз ғалаба қозониш учун бу қўрқувни енгиб ўтамиз», дейди Маляр.

Унинг сўзларига кўра, шу сабабли мудофаа вазирлиги «келинг ва маълумотларингизни янгиланг» руҳидаги классик мурожаатлардан воз кечишга қарор қилган. Бунинг ўрнига улар психологларни жалб қилган ва таниқли бригада командирлари ўзлари ҳам қўрққани, лекин қўрқувларини енга олганини рост ва самимий айтадиган кампанияни ишлаб чиққан.

2022 йил 24 феврал куни ҳарбий ҳолат туфайли 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркакларнинг Украинадан чиқиши тақиқланганди.

Ҳукумат ҳарбий ҳолат даврида эркакларнинг Украинани тарк этишига рухсат бериш режалаштирилмаётганини яна бир бор таъкидлади.

Босқиндан кейинги дастлабки ҳафталарда юз минглаб украиналиклар ватанпарварлик тўлқинида фронтга кўнгилли равишда отланди, бу эса русларнинг биринчи ҳужумини қайтаришга ёрдам берди.

Ҳозир ҳарбий комиссарлик ходимлари чақирув қоғозларини кўчаларда тарқатяпти. Интернетда зобитлар эркакларни микроавтобусларга чиқариб, чақирув комиссияларига олиб кетаётгани акс этган видео тарқалмоқда.

Фото: Getty Images

Кенг кўламли уруш бошланганидан бери ўн минглаб украиналик эркаклар мамлакатни ноқонуний равишда тарк этган, уларнинг аксарияти пора орқали бунга эришган. Бу ҳақда Украина ва хорижий ОАВ, хусусан, Британиянинг Guardian нашри ёзмоқда.

Журналистлар аниқлашича, ҲЧМ раҳбарлари орқали «оқ чипта»ни ва хизматга яроқсизлиги ҳақидаги қарорни 5 минг долларга сотиб олиш мумкин. BBC ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар ҳақида маълумотга эгалигини маълум қилди.

Қишда чегарачилар тоғда, Руминия билан чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган ва ҳалок бўлган икки киши жасадини топганди.

Ҳарбий комиссариатлар билан боғлиқ можаролар

Охирги ойларда Украинада ҲЧМлар атрофида бир неча шов-шувли можаролар юз берди.

Энг машҳур ҳолат Одесса области ҳарбий комиссари Евгений Борисов иши бўлди. Журналистлар уруш пайтида унинг яқин қариндошлари Испанияда миллионлаб еврога мулк сотиб олганини аниқлади. Шунингдек, Борисовлар оиласида қимматбаҳо машиналарнинг бутун бир парки борлиги аниқланди.

Терговчилар маълумотига кўра, Карпатортида яна бир ҳарбий комиссар аскарларни ўзи учун уй қуришга мажбур қилган, Ривне областида эса комиссар ўз қўл остидагиларни масхара қилган.

Ҳарбий комиссарликларни текшириш натижаларидан келиб чиқиб, барча ҳудудлар ҳарбий комиссарларини ишдан бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Давлат Украина қуролли кучлари сафига қўшилишга чақирмоқда

«Ушбу тизимни уруш нима экани, уруш пайтида цинизм ва порахўрлик давлатга хиёнат эканини аниқ биладиган одамлар бошқариши керак», деди президент Володимир Зеленский 2023 йил 11 август куни қилган видеомурожаатида.

Давлат тергов бюроси ҳарбий комиссарларнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши бўйича 112 та жиноий иш қўзғатганини маълум қилди. Улардан 15 тасининг айблов ҳукми судга юборилган, яна тўққизтаси судга чақирув қоғози олган.

Чақирув қоғозлари

Украинада сафарбарлик ҳарбий ҳолат тугагунга қадар давом этади ва келажакда ҳарбий хизматга мажбур бўлганларга уч турдаги чақирув қоғозлари берилади.

Биринчиси, маълумотларни аниқлаштириш учун чақирув, иккинчиси — чақирилувчига тиббий кўрикдан ўтиш мажбуриятини юклайдиган ҳарбий-тиббий комиссиядан ўтиш учун чақирув қоғози.

Учинчиси — сафарбарлик буйруғи. Ушбу чақирув қоғози ҳарбий хизматга мажбур бўлган шахсга тиббий кўрикдан ўтгандан кейин, агар у хизматга яроқли деб топилса, берилади. Бундай чақирув қоғозини эътиборсиз қолдириш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Яқинда ҳукумат сафарбарликдан озод қилувчи касалликлар рўйхатини кенгайтирди.

Хусусан, унда ОИТС, гепатит, сил ва бошқа оғир касалликлар пайдо бўлди. Шунингдек, эндиликда яқинда жарроҳлик амалиётини ўтказган ёки сезиларли суяк деформациясига (оёқ-қўл суяклари узунлиги, шакли ва ўқи ўзгариши) эга бўлганлар сафарбарликка тортилмайди.

Оғир жиноятлар учун жазони ўтаётганлар, шунингдек, ушбу жазони ўтаганлар ҳам хизматга чақирилмайди.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина қандай қилиб одамларни ҳарбий комиссариатларга боришга ва қўрқмасликка ундамоқда?